Фахрийлар доимий эътиборимизда

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими томонидан фахрий журналистларнинг ҳолидан тез-тез хабар олиниб, уларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтишлари, даволанишлари, саёҳат қилишларига, доимий эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг ўзида 72 нафар фахрий журналистлар иштирокида республикамизнинг турли вилоятларига ва вилоятимиздаги зиёратгоҳ ва  гўзал табиат  ошёнларига саёҳатлар ташкил этилди. Шулардан 33 нафар журналистлар  чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 7 нафар фахрийларнинг юблейлари тантанали нишонланди. Шунингдек 17 нафар уюшма аъзолари ҳолидан хабар олинди.

Мирзаобод туманида истиқомат қилувчи, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси  Умар ака Ҳайитбоев   ҳам шулар жумласидандир. Умар ака узоқ йиллар газетачиликнинг заҳматини чеккан устоз журналистлардан десак муболаға бўлмайди. Йиллар мобайнида Гулистон туманининг “Гулистон” газетасида бўлим мудири, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари, вилоят матбуот бошқармасида  бош мутахассис лавозимларида ишлаган.

Шу касбни танлаганимга ҳеч афсусланмайман. Ҳалол меҳнат қилдим. Ҳурмат билан  қариндошлар, қишлоқдошларим, ҳамкасбларим,  туман ва вилоят ҳокимиятидагилар тез-тез йўқлаб туришибди, – дейди Умар ака Ҳайитбоев. – Ёшим 70 дан ошди. Кейинги  йилларда соғлиқ сал панд бераяпти. Бошинг ёстиққа текканда , яқинларингнинг эътибори, ғамхўрлиги кўнгилни тоғдек кўтарар экан. Юриб турганимга ҳам шукр. Ҳовлимиз кенг, бир умр  қўшимча даромад манбаи бўлган 20 сотих томорқамиз бор. Фарзандлар ва набираларга анор етиштириш сирларини ўргатмоқдаман. Яна ҳар куни фарзандларим келтириб берадиган газеталарни ўқийман.

Суҳбат давомида ҳамкасблар қизғин меҳнат даврлари ўтган йилларни, хотираларидаги қизиқ-қизиқ ҳангомаларни эсладилар. Бугунги кун журналистикасидаги янгиланишлар ҳақида фикрлашдилар.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

 Сирдарё вилоят бўлими.