Журналист устозининг эгнига орден тақилган костюмини ёпди

Мактабни катта ҳаёт остонаси дейишади. Ушбу остонагача етаклаб келувчи сарбонлар эса меҳрибон муаллимлардир. Айни чоғда 68 ёшни қаршилаган ва ҳозирда Боёвут тумани марказида истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси Ҳожарой Йўлдошева мана шундай фидойи инсонлардан бири. У 40 йиллик фаолияти давомида кўплаб бошланғич синфларга муаллимлик қилган.

Ўқувчилари қалбидан севимли устоз сифатида жой олган Ҳожарой опанинг хонадонидан меҳмон аримайди. Бир вақтлар қўлларидан ушлаб ҳарф ёзишни ўргатган ўқувчилари бугун юксак натижалар ва марраларни забт этиб, бу ютуқларида устозининг қўшган улкан ҳиссасини унутмаган ҳолда миннатдорлик изҳор этгани хонадонига ташриф буюради. Устознинг ана шундай шогирдлари қаторида «Халқ сўзи» газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Аҳмадали Шерназаров ҳам бор. 1- октябр- Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан таниқли журналист устозини қутлагани ўз шогирдлари билан муаллими хонадонига ташриф буюрди.

«Ширин шаҳрининг Нуробод маҳалласидаги мактабнинг бешинчи синфидалигимда она тили фанидан аъло баҳоларга ўқиганим учун устозим Ҳожарой опа менга сувенер орден топшириб, келажакда ҳақиқий орден олишимни тилаган эдилар. Қарангки, устозимнинг тилаги ижобат топди. Бу йил Президентимиз фармонига кўра журналистика соҳасидаги кўп йиллик меҳнатим юксак эътироф этилиб, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирландим. Менинг бу эришган ютуғимда албатта устозимнинг ўрни беқиёс» дейди Аҳмадали Шерназаров.

Ўқувчилигида муаллими билдирган ниятга ва берган сабоқларига миннатдорлик рамзи сифатида Аҳмадали Шерназаров орден тақилган костюмини устозининг эгнига ёпди ва «Бу мукофот нафақат менга, балки сизга ҳам берилган мукофотдир» дея устозига юксак эҳтиром кўрсатди.

«Бугун устозимнинг устозлари билан учрашганимдан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Бу учрашув менга жуда катта ибрат мактаби бўлди. Шогирднинг устозга бўлган эҳтиромини кўриб, ўқитувчиларга бўлган меҳрим яна ҳам ошди»дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси Иззатой Ўролова.

«Ҳар бир ўқувчимнинг натижасидан улардан ҳам кўпроқ хурсанд бўламан. Айниқса, қайсидир шогирдим ютуққа эришиб миннатдорлик билдиргани келганида, қилган меҳнатим натижасини кўраман ва бутун фаолиятимдан қониқиш ҳосил қиламан, танлаган касбимдан фахрланиб кетаман», дейди Ҳожарой Йўлдошева.

Темурмалик ҲАМИДОВ,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси,

«Журналист Аҳмадали Шерназаров маҳорат мактаби» аъзоси.