Ҳамкорлик – юксалиш омили

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан  ушбу вилоят ҳокимлиги, уюшманинг мазкур ва Сурхондарё вилоятлари бўлимлари ҳамкорлигида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзуида минтақавий семинар ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари – газета ва журналлар, телерадиоканаллар ҳамда интернет нашрлари журналистлари, маҳаллий ҳокимликлар, корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари масъуллари ҳамда блогерлар иштирок этган семинарда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Х. Салимов кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётгани, жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган Президент сайлови билан боғлиқ тадбирларни ёритишда  журналистлар масъулияти, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида сўз эркинлигида собитлик – мамлакатимизда юритилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида давом эттирилаётганини, шунингдек,  Уюшмага аъзоларни қабул қилиш ишлари давом этаётгани, бу борада Уюшма вилоят бўлимлари олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди.

“Кейинги пайтларда Уюшмага аъзолик билан боғлиқ масалалар бўйича мурожаатлар ташкилотимиз ёки унинг ҳудудий бўлимларига эмас, бошқа идораларга бўлаётган ҳолатлар ҳам учраётгани тушунарсиз. Мурожаатлар бошқа давлат органлари орқали Уюшмага келиб тушмоқда. Ваҳолангки, ҳар бир вилоятда уюшмамизнинг бўлимлари фаолият юритмоқда”, дея қўшимча қилди раис ўринбосари.

Уюшманинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари бўлимларининг раислари Г. Юлдашев, М. Абдураҳмонов ва бошқалар  соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган омиллар, жумладан, журналистларни қийнаб келаётган масалалар, уларнинг ижтимоий ҳимояси, босма нашрларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш каби соҳада юзага келган муаммо ва камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари хусусида фикр алмашилди.

– Бугунги семинар ҳар жиҳатдан фойдали бўлди, дея бемалол айта оламан, – дейди Сурхондарё вилояти Термиз тумани ҳокимлигининг “Жануб қуёши” газетаси муҳаррири Дўстмурод Нормуродов. – Тажриба алмашиш, соҳамизга, газетачиликка оид муаммолар ечими бўйича мулоқотдан ташқари, бир-биримиз билан дийдорлашиб, яқиндан танишдик. Ҳамкасблар йиғилиши, ўзаро суҳбатлашиши, бирлашиши – кони фойда. Ғузор шаҳрига келмаганимга анча бўлганди. Тадбир баҳона шаҳарда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, бу ерда яшовчи аҳоли учун яратилган қулайлигу шарт-шароитларни  ўз кўзим билан кўриш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Ташкилотчиларга раҳмат.

Қизғин баҳс-мунозара тарзида ўтган тадбирда воҳа журналистлари Уюшма ҳар икки вилоят бўлимлари фаолиятини жонлантириш, энди эскича услубида ишлаб бўлмаслиги, журналистлар нафақат замон билан ҳамнафас бўлиши, балки бир қадам олдинда юриши, замонавий ахборот технологияларини яхши ўзлаштириши зарурлиги, бу борада тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга оид таклиф-тавсияларини билдирди.

Тадбир якунида бир гуруҳ журналистларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари топширилди.

Зафар Назаров,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси