Халқаро кузатувчилар Сирдарё вилоятида

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилари Аднан Хабул ва Бенедикт Контэман хоним  8-Сирдарё округ сайлов комиссияси фаолияти билан танишдилар.

Суҳбатда ОАВ ходимлари,  8-Сирдарё округ сайлов комиссияси Матбуот маркази журналистлари ҳам иштирок этдилар.

Халқаро кузатувчилар округ сайлов комиссияларининг таркиби, фаолияти, номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тадбирлари, уларга қонунчилик талаблари асосида тенг шароитлар яратиб бериш масалалари ҳамда сайлов жараёнини бошқаришда ахборот тизими, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати билан қизиқди.

8-Сирдарё округ сайлов комиссияси раиси Жамшидхон Нуритдинов меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси жараёнлари, округ сайлов комиссияси ваколатлари ва олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.

– Ўзбекистонда ўтаётган сайловолди тайёргарлик ишлари ва сайлов жараёнини кузатишда биринчи марта иштирок этаяпман, – дейди Бенедикт Контэман хоним. – Президент сайлови сайлов Кодекси асосида ташкил этилаётгани Ўзбекистонда сайлов тизимининг очиқ, ошкора ва демократик тамойилларга тўла мос келишини кўрсатади. – Қадимий  Сирдарё дарёси ҳақида кўп эшитган эдим. Сафаримиз давомида ушбу дарёни ўз кўзим билан кўриб мамнун бўлдим.

– Кузатувчилар сайлов жараёнларида ОАВ воситалари ходимларининг роли , вазифалари,  уларнинг фаолиятларидаги очиқлик ва холислик қай даражада намоён бўлаётганлиги ҳақида ҳам кўплаб саволлар бердилар,- дейди  8-Сирдарё округ сайлов комиссияси Матбуот маркази раиси Азиз Эсонов.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими.