«Агар сўз эркинлигида ортга қайтсак, бошқа ҳуқуқларни ўйламасак ҳам бўлади» – Карим Баҳриев

2021-09-25T12:30:04+05:0025 Sentabr, 2021|Умумий янгиликлар|

Таниқли журналист ОАВ эркинлиги ва журналистлар ҳимоясига бағишланган қонунларни тасдиқламай келаётгани учун Қонунчилик палатасини танқид остига олди.

23 сентябрь куни Тошкентдаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан «Ўзбекистонда журналистларнинг ҳуқуқий ҳимояси: муаммо ва ечимлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда таниқли журналист ва медиа ҳуқуқи мутахассиси Карим Баҳриев чиқиш қилди ҳамда журналистларни қийнаб келаётган қатор тўсиқлар ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бугунги кунда сўз эркинлиги ва журналистлар ҳуқуқларини таъминлашга оид қатор қонунларни тасдиқдан ўтказмай келаётгани соҳада кўплаб муаммоларни юзага келтирмоқда.

«Депутатлар – халқ хизматкори. Халқ истаги ва орзуларини рўёбга чиқарадиганлар ҳам улар. Аммо бизда депутатлик жойига шу жойдан кетганидан кейин ўтириладиган мансаб учун келинади. Шунинг учун уларнинг тафаккури халққа эмас, мансабдорга керак қонунларни қабул қилишга ўрганган.

Ҳозир сўз эркинлигини таъминлаш бўйича ҳатто президент қатъий ирода кўрсатяпти. Лекин журналистлар ҳимоясига оид бир нечта қонунлар бугун депутатлар қўлида турибди. Масалан, журналистларни ҳимоя қилишга оид қонунни олинг. Ушбу қонунда журналистларнинг мажбуриятлари бир ярим бет қилиб белгилаб қўйилган. Агар журналист бу қоидаларни бузса, катта миқдорда жарима белгиланган ва қаттиқ жазолар олади. Лекин қонунда унинг фаолияти ҳимоясиз қолса, бунга жазо борми? Йўқ.

Журналистларни ҳимоя қилишга оид қонунда унинг фаолияти тегишли тартибда ҳимоя қилинади, дейилган. Лекин ўша тегишли тартибнинг ўзи йўқ.

Парламентда «Телевидение ва радиоэшиттириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам неча йиллардан бери қабул қилинмай ётибди. Бу қонун Тожикистонда кўп йиллар аввал қабул қилинган ва ҳозир ишлаяпти.

Шунингдек, бизда «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонун бор. Унда давлат сирларининг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади, деган норма бор. Совет иттифоқи даврида цензура бор эди, лекин биз айнан нима давлат сири эканлигини билардик. Цензура бекор бўлгач, бу рўйхат ОАВнинг бош муҳаррирларига берилиши керак эди. Чунки инсон давлат сири нима ва нималар сир тутилиши кераклигини билиши лозим. Инсон ўзи билмайдиган нарсасини қандай қилиб сақлайди?

Ҳозир бирорта муҳаррирда бу сирлар рўйхати йўқ. Шуни қонуний қилиб киритса бўладими, бўлади. Узоққа бормайлик, қўшнимиз Тожикистонда «Давлат сирлари тўғрисида» қонун бор.

Яқинда Жиноят кодексининг янги таҳрири парламентда кўриб чиқилди. Кодексга журналистнинг касбий фаолиятига тўсқинлик, уларни турли кўринишдаги материал ёзиш ёки ёзмасликка мажбур қилиш жиноят эканлиги ҳақида модда киритилган. Лекин у ҳануз қабул қилинмай турибди.

Маъмурий кодексда журналистни таъқиб қилганлик учун жавобгарлик киритиш масаласи ҳам парламентда турибди. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун ҳам турибди», – деди Карим Баҳриев.

Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг ОАВ тўғрисидаги қонунларида мулкни чегаралаш ҳолатлари мавжуд. Бу мустақил таҳририятларнинг ривожланишига катта тўсиқ бўлмоқда.

«Масалан, янги сайт очиш, матбуот ташкил қилиш бу – бизнес. Эгаси ўзи очган сайтдан фойда қилишни истайди. Лекин қонунда унга чет эл инвестициясини жалб қилиш ҳуқуқи 30 фоизга ҳам етмайди – 29,9 фоиз. Ахир бу каби ҳолатлар жуда эски замондан қолиб кетган. Давлатда бу борада ҳамон қўрқув бор. Лекин у тушунмайдики, одамлар интернет ишлатяпти. Халқ билади-ку дунёда нималар бўлаётганини.

Янги қонунда буни фақат 50 фоизгача кўтаришди. Лекин бу тартиб ҳам қабул қилинмай турибди», – деди у.

Карим Баҳриевнинг қўшимча қилишича, сўз эркинлигини таъминлашда давлатнинг сиёсий иродаси жуда муҳим ҳисобланади.

«Бугун президент сиёсий ирода кўрсатяпти, аммо чинакам сўз эркинлигига эришиш учун прокуратура, суд ва Адлия вазирлигига ҳам жуда муҳтожмиз. Улар ҳаммани бир кўзда кўриши керак.

БМТнинг 1948 йилда қабул қилган 56-резолюциясида сўз ва ОАВ эркинлиги қолган ҳуқуқ ва эркинликларнинг тамал тоши, асоси эканлиги айтилади.

Агар инсонда эркин гапириш ҳуқуқи бўлмаса, қолган ҳуқуқлар ҳам амалга ошмайди. Мамлакатда сўз эркинлигида ортга қайтилса, қолган ҳуқуқлар ҳақида ўйламаса ҳам бўлади», – деди журналист.

манба