“Учқудуқ”нинг шарафли йўли

Бугун шиддаткор, ижтимоий тармоқлар ривожланган бир даврда матбуотнинг отахон тури газеталар ҳам ўз олдига қўйилган вазифани адо этиш борасида янги ғоялар, янги йўналишларда медиа маконда муносиб ўрнини топишга ҳаракат қилмоқда.
Энг муҳими, бугун ҳам газетхонлар сафи олдингилардан кам эмас. Таҳлилий ва мулоҳазали материал ўқиш илинжидаги ўқувчи албатта ўзи яхши кўрган ва мухлиси бўлган нашрни мутолаа қилади.
“Учқудуқ” газетаси туман нашри сифатила фаолиятини бошлаганига бу йил 32 йил тўлди.Ўтган даврда газета таҳририяти машаққатли ва шарафли йўлни босиб ўтди. Бу йўлда ютуқлар билан бир қаторда муаммоларга ҳам дуч келинди. Энг муҳими, бугун “Учқудуқ” газетаси учқудуқликларнинг севимли нашрига айланиб улгурди.
Навоий вилояти марказидан 320 километр узоқликдаги кент – Учқудуқда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, олис овуллардаги ҳаёт тарзи, одамларнинг кайфияти газета ижодий гуруҳи диққат марказида.
Ўзбек, рус ва қозоқ тилида ҳар ойда 3 маротаба чоп этилиб келинаётган газета бугун замонавий дизайнда газетхонлар қўлига етиб бормоқда.
Бугун мамлакатимиздаги айрим таҳририятлар тиражи камайгани ҳисобига нашр этилмай турган ёки жуда кам нусхада чоп этилаётган бир пайтда “Учқудуқ” газетаси 6000 нусхада газетхонларга тақдим этилаётгани ҳам таҳририят жамоасининг меҳнати ва газетанинг туманда ўз ўрнига эга эканлигидан далолат беради.
—Бугун таҳририятимизда 5 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Ижодий жамоамиз билан биргаликда газета саҳифаларини ранг-баранг қилиш, янги ва таҳлилий материаллар билан бойитиш устида тинимсиз изланишдамиз, — дейди “Учқудуқ” газетаси муҳаррири, халқ депутатлари Учқудуқ тумани Кенгаши депутати Райҳон Қодирова. — Туманимизда янгиликка қўл урилаётган бирор соҳа йўқки эътиборимиздан четда қолмайди. Замон шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги кун таҳририятлар олдига ҳам муҳим вазифалар қўймоқда. Хусусан, тезкорлик ва шаффофлик, очиқлик фаолиятимиз мезонига айланган. Шу боис, газетамизнинг интернетда электрон сайтини ҳамда телеграмм каналини ҳам ташкил этиб, маълумотларни ўқувчиларимизга тезкор етказишга ҳаракат қилаяпмиз.
Куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими вакиллари Учқудуқ туманида, хусусан “Учқудуқ” газетаси таҳририятида бўлиб, жамоа билан дилдан суҳбатлашди. Ижодий жамоанинг муаммоларини ўрганди, уларнинг ечими бўйича таклиф ва тавсияларини берди. Иш жараёнлари кўздан кечирди.
Таъкидлаш жоизки, газетанинг сифатли бўлишида моддий техник база муҳим ўрин тутади. Бугун “Учқудуқ” газетасининг моддий техник базаси анча мустаҳкам. Замонавий компьютерлар, фотоаппарат ҳамда малакали кадрлар иш унумдорлигини оширмоқда.
Уюшма вилоят бўлими томонидан таҳририят жамоасига ташаккурнома билдирилди.

Отабек АСЛОНОВ,
ЎзЖИУ Навоий вилояти бўлими раиси