Ўзбек журналистикасини янада ривожлантириш йўлидаги муаммолар хоразмлик журналистлар муҳокамасида

2021-09-24T16:08:04+05:0024 Sentabr, 2021|Умумий янгиликлар|

Урганч шаҳридаги Хоразм вилоят телерадиокомпаниясининг янги биносида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзуида минтақавий семинар ташкил этилди.

Журналистлар ва блогерлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган мазкур семинарда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров сўзга чиқиб, “Семинарнинг мақсад ва вазифалари, бугунги кун журналистикаси” мавзуида маъруза қилди. Уюшма раиси ўз нутқида Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июнь куни Матбуот ва ОАВ ходимларига йўллаган байрам табригида белгилаб берилган вазифалар хусусида сўз юритиб, уларни амалга оширишда республикамизнинг турли ҳудудларида ўтказилиб келинаётган мана шундай семинарларнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.

Мазкур семинарда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатаётган журналистлар, интернет нашрлари муҳаррирлари, блогерлар, идора ва ташкилотларнинг ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этишди. Унда асосан “Газета ва журналларнинг ўқишлилигини ошириш омиллари”, “Жамиятда ошкоралик, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда ОАВнинг ролини ошириш масалалари”, “Ҳудудий оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзуларида фикр алмашилди. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси К.Раимов ва “Хива тонги” газетаси муҳаррири Ш.Машариповларнинг мазкур масалалар юзасидан маърузалари тингланди.

Шундан кейин уюшма аъзоларига янги кўринишдаги аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари топширилди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўртасида самимий мулоқот тарзида савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Дарвоқе, семинар якунлангач, мутасаддилар томонидан қадимий ва навқирон бўлган Хива шаҳрига саёҳат уюштирилиб, ташриф буюрган меҳмонларга кўтаринки кайфият улашилди.

Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси ахборот хизмати