Журналистларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланади

2021-09-23T21:49:32+05:0023 Sentabr, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан 2021 йил 23 сентябрь куни “Ўзбекистонда журналистларнинг ҳуқуқий ҳимояси: муаммо ва ечимлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суди, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбарлари, Уюшма ҳузуридаги касб этикаси бўйича жамоатчилик кенгаши аъзолари, Адвокатлар палатаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26 июндаги Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида журналистика соҳаси ривожига қаратилган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилгани, давлатимиз раҳбарининг журналист ва блогерларга билдираётган ишончи ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлидаги ислоҳотларда соҳа вакилларининг ўрни ҳамда журналистлар касбий фаолиятида дуч келаётган тўсиқ ва муаммолар ҳақида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Ўзбекистонда журналистик фаолиятнинг ҳуқуқий асослари, ОАВ соҳасидаги қонун ҳужжатларига киритилиши режалаштирилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда уларнинг зарурияти ҳақида маълумот берди.

Тадбир давомида журналист дахлсизлигини таъминлашнинг зарурияти, сўнгги пайтларда журналистларга касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида бўлаётган босим ва тазйиқлар мисолида журналистларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш зарурлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Эркин мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда “Kun.uz”, “Daryo,uz”, “Аzon.uz”, “Qalampir.uz” сайтлари ва бошқа ОАВ вакиллари, блогерлар мавзуга доир муаммолар юзасидан ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбирда сўзга чиққан “Мадад” муассасаси раҳбари Т.Турсунов мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда жамиятда фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилгани ҳақида маълумот бериб ўтди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва “Мадад” ННТ ўртасида журналистларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мутахассислар томонидан ушбу ҳужжат асосида журналистларга кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдам турлари ва мақсадлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, уюшмага аъзоликка қабул қилинган бир гуруҳ журналистларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари тантанали тарзда топширилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси
ахборот хизмати