Сенда ижарада яшайман, Ватан

2021-09-23T11:20:53+05:0023 Sentabr, 2021|Умумий янгиликлар|

Тошкент – орзулар ва талабалар шаҳри

Ўқишга кирдинг, маҳалла-кўй ҳавасда, ота-онанг ғурурланди, тенгдошларинг ҳайратда. Ёзнинг сўнгги кунларида кўч-кўронни кўтариб, пойтахти азимга келасан. Кейин умр мундарижасини безайдиган лаҳзалар, бутун бир давр бошланади. Аввалдан айтиб қўяй, нима бўлганда ҳам бунда яшаб қолиш қийинчилигию машаққатларига қарамай, Тошкентни севаман. Аммо, меҳрибон Жаҳонгир ака Ортиқхўжаев айтганларидек, уни янада мукаммал ва батартиб кўргим келаверади.

Тошкентга келган талаба уч қоидага амал қилиши шарт:

  1. Бирданига бор-йўғидан айрилиб, чув тушмаслиги учун реал нархлар (ижара, такси) ҳақида ҳақиқатга яқинроқ тасаввури бўлиши керак. 2. Ҳамма йўллар Амир Темур хиёбони – скверга олиб боришини тушуниши, адашмаслиги керак. 3. Кўчада қолиш эҳтимолига қарши доим захира варианти бўлиши керак (ҳамқишлоқлар, савдогарлар, мардикорчиликка келган танишлар, парникда ишлаб юрган жўралари ёки узо-о-оқ бир қариндошининг уй манзили).

Аччиқ, аммо вақт синовидан ўтган аламли ҳақиқатлар. Бу – неча йиллардан бери ўзгаришсиз қолаётган, талабалар кашф этган кўча ҳақиқатлари!

Умуман, Тошкент наинки нон, балки орзулар ва талабалар шаҳри ҳамдир. Қарийб 90 та олий ўқув юртларида ўқийдиган талабалар, минглаб олимлар, илм бор шу азим кентда. Тошкентни талабалар кўзи билан кўриш – ҳаётни микроскопдан кўриш, реаллик билан юзлашишдай гап.

Талабалар шаҳарчаси

Тошкентга келган талабанинг илк орзуси ётоқхонадан жой олиш, вассалом. Талабалар уйидан турар жойли бўлиш энг тинч ва осуда ҳаёт, назорат, давлат қарамоғида яшаш, ота-онанг учун хотиржамлик, эртакмонанд муҳит демакдир.

Аммо, қанийди буларга эришиш осон бўлса?

Ҳамма замонларда ётоқхоналарга жойлашишнинг махсус талаблари бўлган: 1-курс талабаларига устуворлик, аввало, қизлар жойлашиши керак, контрактни тўланмаганларга жой насия, дастлабки олти ойлик тўловларни бирданига амалга ошириш, кам таъминланган оила аъзоси бўлганларга навбатсиз жой, асосийси, комендантда яхши таассурот қолдириш, иложи бўлса, таниш-билиш бўлиш. Шу. Сўраб-суриштирдим, шу кунларда ҳам бу “олтин қоидалар” беистисно яшаб келмоқда экан.

Шундай қилиб, турар жой учун бўлаётган қирғинбарот курашлардан четга чиқдинг, ижарада тураман, наилож дединг. Тошкентнинг жин кўчаларига хуш келибсан, ана энди ҳаёт бошланди.

Жунгли қонунлари билан тўқнашув

Ҳа, кўз ўнгимизда, шу кунларда, сизу бизнинг Тошкентимизда жунгли қонунларига кўра ишлайдиган манзил бор. Қизиқ, унинг расмий номи қандай аталар экан? Балки, “Тошкент иккиламчи уйлар олди-сотди қилиш вақтинчалик маркази”дир? Эҳтимол, “Тошкентга келган мусофирларни синовдан ўтказиш бош бошқармаси”дир? Қайдам. Аммо, талаба уни қисқа қилиб “Уй бозори”, дейди.

Уй бозори қурғурни топиш ҳам машаққат. Ҳар бир авлоднинг ўз Тошкенти бўлгани каби, ўз уй бозори ҳам бор. Чунки, бу бозор ҳамиша пана-пастқам, кўздан йироқ манзилларга бадарға қилиниши билан машҳур.

Бу ерда на қонун бор ва на қоида. Фақат очкўз нигоҳлар, ҳарислик билан сени ямламай ютишга тайёр мешчанларни кўрасан, холос. Бу ерда нимадир нотўғри эканлигига ақлинг етади, лекин, сенда танлов имконияти, рад этиш варианти йўқ – ижара уйнинг нархи 200 доллар, маклерга 100 доллар. Ҳеч қандай қийинчиликсиз, ўзини уринтирмай, ўтирган жойида қўшимча қиймат яратиб, иқтисод қонуниятларининг “духига ўтирғизадиган брат”ларим шу ерда.

Кейинчалик уларнинг қилиб юрган иши худди фирибгарлик, ўғрилик эканлигини тушунасан, кулиб эслайсан, лекин барибир мана шу тўдага бир алданиш пешонада бор, илтимос куюнмангиз (метродаги ёзувлар эсга тушдими?).

Илтимос, суянмангиз

Ҳа, метрода айнан шундай ёзилган. Лекин, талаба унга амал қилмайди. Эшиклар ёпилиб, вагон жойидан силжиши билан эшикка суяниб ижара уйига йўл олади.

Алқисса, қишлоқнинг соддадил, очиқкўнгил боласи уй бозорига кириб, яна қайсидир олийгоҳга кирган ҳамқишлоғини кўриб қолади. Биргалашиб уй ахтарадилар, жой ахтарадилар – ҳозирча кармон катта, ҳамма – орзу бандаси, емоқ-ичмоқ кўчада. Лекин юрак ғаш, бу кетишда деҳқон отанг берган пул бир ҳафтада соб бўлади. Сўнг­ра, қачондир Тошканда ўқиган амакингдан ёки тоғангдан эшитган гаплар, хотирангга маҳкам ўрнашган сўзлар олис-олислардан жаранглайди: “Шаҳарнинг қоқ марказида Чорсу дегич бозор бор. Энг катта мардикор бозор шу ерда, пул қолмаса, шунга борардим…”

Сен ҳам ўшанга борасан, қўзим. Шанба ва якшанбанинг баҳридан ўтасан – амакингга орзуманда бўлиб Чорсуни гуллатасан, таниш 28-автобус йўлдан ўтиб қолса, терс ўгирилиб оласан. Кечқурун метронинг “Тинчлик” бекатига судралиб етволасан-у, “Илтимос, суянмангиз”га маъносиз қараб уйга қайтасан.

Йилларнинг саломин йилларга элтиб

Орадан йиллар ўтади.  Ўқишни тамомлаб, Сафар бувага учрашасан, тутила-тутила дардингни айтасан: “Шундоқ-шундоқ, ишга кирмоқчиман, журналист бўлсам, дейман”. 0,25 ставка билан амаллаб ишга қабул қилинасан, тийинларингни харжлаб, йилларни ўтказиб, бир кун қарз-ҳавола қилиб уй-жой оласан, пешонанг ярқирайди. Ширин-ширин фарзандлар кўрасан, аммо негадир шу Тошкентни барибир яхши кўрасан. Севгинг сабабини изоҳламай яхши кўраверасан.

Ақлинг қаймоқлаб, оқ-қорани ажратган пайтингда, эски муаммо қаршингдан чиқади. Шоир айтганидек, сентябрь тонги отди, сени чексиз қувонч билан бахт уйғотди – қишлоқдан меҳмонжонлар, талабажонлар армияси бир хоналик уйингни ишғол этади. Тошкентга талпинаётган қоракўзларнинг тақдири билан қизиқасан, сўнг­ра ўша, ё.., ё.., ё-ётоқхона муаммоси билан юзлашасан. Суғур куни. Ҳеч нима ўзгармаган. Дилгир пичирлайсан: “Сен ўзгармайсан, қонунларинг эҳромлардай мустаҳкам, Тошкент…”

Ҳужжат нима дейди?

Аммо, сен ўзига ишонган журналистсан. Қонунчиликдан бохабарсан. Мавзу ҳақида бонг урмоқчи бўласан матбуотда. Кошки, нимадир ўзгарар, деган умиддасан.

Амалдаги қонунчиликка кўра, 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши лозим. Зўр-ку!

Амалиётда эса…

Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизматидан бу фармондаги имкониятдан нечта талаба фойдаланганлиги тўғрисида маълумотни сўрайсан. Аммо, бундай маълумот солиқ органларида бўлмас экан. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ҳам шу савол билан юзланасан. Бироқ, на аниқ жавоб бериш тугул, на қўл телефонлари, на иш телефонини умуман кўтаришмади. Айтгандай, бу маълумотни билиш учун 10 кун давомида улар билан боғланишга уринасан. Лекин, фойдаси бўлмайди. Охир-оқибат вазирнинг қабулхонасига телефон қиласан ва мақсадингни вазир ёрдамчисига тушунтирасан ижикилаб. Вазир ёрдамчиси ахборот хизматига йўналтирди, улар эса яна бедарак – “Илтимос, суянмангиз”.

Унутолмаса, нима қилсин?

Оқшом. Талаба-жиянбойлар, қишлоқдаги қўшнилар билан суҳбатлашасан. Ҳали шаҳар нуқси урмаган масъум нигоҳлар қаршисида ўзингни айбдор ҳис қиласан, юрак ғижимлайди. Секин гапга соласан, улардан талабаликнинг илк кунлари завқини сўрайсан.

Кейин улар портлайди, недир алам ва ажабланиш туйғуси билан кўрган-кечирганларини айтиб беради. Ваҳки, йилларда фарқ бор, бу ҳикояларда фарқ йўқ. Ўша – сени қийнаган, ёшлигингни – тиллога тенг вақтларингни ўғирлаган воқеалар. Маҳзун ностальгия.

Сўнгра дастурхон устида кимдир, масалан, сенга ҳавас қилиб, журналистикага ўқишга кирган ҳамқишлоқ талаба йигит норози оҳангда, секин, гўё ўзига-ўзи гапиргандек пичирлайди:

– Бугун юқори лавозимларда ўтирган казо-казолар ҳам талаба бўлган. Юқори лавозимда ўтирган, исм-фамилиясини айтишга ҳам чўчийдиган аксарият раҳбарларнинг ўзи ҳам вилоятлардан келиб ўқиган. Биз билан суҳбатларда улар ҳам ҳудди талабалардек, бошпана масаласида қийналганини айтишади. Ваҳоланки, ўша вақтларда ҳам муаммо бўлган экан, ярим асрдан ортиқ вақт ўтса ҳамки нима сабабдан бу муаммони ижобий ҳал этишда бирон жонбозлик кўрсатмаган? Бу ҳам етмагандек, бугун уларнинг ваколати ва имконияти бор бўла туриб, ҳафсала қилмаяпти? Мен шунга тушуна олмаяпман.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.