“Ойдин йўл”  газетаси  ойдин йўлда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди мана неча йилдирки нодавлат босма оммавий ахборот воситаларини ҳам қўллаб-қувватлаб келмоқда. 

Сирдарё вилояти хотин-қизларининг  “Ойдин йўл”  газетаси  1997 йилдан чоп этила бошлаган. Газета вилоят хотин-қизларининг энг севимли нашри бўлиб, унда доимий равишда бериб борилаётган замондош опа-сингилларнинг матонатли ҳаёти ҳақидаги мақолалар, аёллар ҳуқуқи ва манфаатлари, рўзғор тутиш сирлари, пазандачилик, тикувчилик маҳоратларига оид  билим ва фойдали  маслаҳатлар, шеър ва ҳикоялар ўқувчиларни ўзига жалб қила олган.

Босма оммавий ахборот воситалари бошига тушган  мураккаб вазият қийинчиликлар, “Ойдин йўл” газетасини ҳам четлаб ўтмади.

Бош муҳаррир қишлоқма-қишлоқ, маҳаллама-маҳалла, ташкилотма-ташкилот юриб, газета мухлисларини,  обуначиларини излади. Фақат ихтиёрий обуна, фаол аёлларнинг қўллаб-қувватлашлари, вилоятдаги энг моҳир журналистларни жалб этган ҳолда газетани сифатли ва ўқишли қилиб чиқариш эвазига газета обуначилар сонини оширишга эришди ҳам. Вилоятнинг энг фаол аёллари ҳақида ёзган мақолаларини жамлаб, “Аёл бахти” номли  китобини  ҳам чоп эттирди.

Яқинда “Хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари –ОАВ нигоҳида” лойиҳасида ғолиб бўлган таҳририятга Парламент комиссиясининг  40 миллион сўмлик гранти тақдим этилди.

– Бу ишонч ва рағбат бизни янада унумли меҳнат қилишга ундайди,- дейди  “Ойдин йўл” газетаси бош муҳаррири Дилором Эсонова. – Газета сонларини ўқишли, сифатли бўлишини таъминлаш баробарида муштарийларимизга ўз вақтида етиб боришига алоҳида эътибор қаратамиз.

Шу тариқа,     “Ойдин йўл” газетасининг яна ойдин йўлга чиқиб олгани, мухлисларини ҳамда  унинг ривожига тилакдош бўлган ОАВ ходимларини шодлантиради.

          ЎзЖИУ  Сирдарё вилояти бўлими