Давлат ва ҳудудий дастурлари ижросининг мониторинги

Куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими, журналист ва блогерлар хамкорлигида Косон туманидаги “Пудина”маҳалласида бўлиб, давлат ва ҳудудий дастурларнинг бажарилиши юзасидан  мониторинг ўтказди.

Жойларда жамият эҳтиёжларини баҳолаш ва мавжуд муаммоларни аниқлаш учун аҳоли билан маслаҳат учрашувлари ҳам ташкил этилди. Уларда ижтимоий заиф қатлам фуқаролари (ногиронлиги бор шахслар, қариялар, ишсиз ёшлар, аёллар ва бошқалар) дуч келадиган муаммоларга эътибор қаратилди.

 

Таъкидлаш  жоизки, “Пудина” маҳалласида бугунги кунда 5 137 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан 2 607 нафарини хотин-қизлар, 862 нафарини ёшлар (18 дан 30 ёшгача) ташкил этади. Марказлашган газ таъминоти мавжуд бўлмаганлиги сабабли аҳоли газ балонлар билан таъминланади. Шунингдек, маҳалла ҳудудида 2 та умумтаълим мактаби, 1 та боғча ва 1 та касб-ҳунар коллежи фаолият юритади. Аҳолига 1 та қишлоқ врачлик пункти хизмат кўрсатади.

Аҳоли эҳтиёжларини баҳолашда, маҳаллий даражадаги муаммоларни аниқлашда маҳалла вакилларининг ўзлари жалб этилди. Бу фуқароларнинг энг долзарб эҳтиёжларини аниқлашга, аҳоли билан бевосита мулоқот орқали аҳолининг аниқ мақсадли гуруҳлари учун устувор масалаларни аниқлашга, одамларнинг ўз имкониятлари ва салоҳиятларидан фойдаланган ҳолда, уларга биргаликда ечим ишлаб чиқишга имкон берди.

Аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш, инфратузилмани янада яхшилаш (ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминоти, йўлларнинг сифати), юқори сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш, таълим тизимини ривожлантириш ва ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш долзарб масалалар қаторига киради.

Мониторинг ва баҳолаш натижалари бўйича тўпланган маълумотлар  журналист ва блогерлар томонидан умумлаштирилади, муаммоли масалалар бўйича асосий кўрсаткичлар шаклланади, улар ҳар чоракда янгиланади. Аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича тавсиялар билан таҳлилий маълумотлар туман ва вилоят ҳокимлигига  кўриб чиқиш учун тақдим этилади.  Журналист ва блогерлар  доимий равишда тегишли давлат идоралари мутасаддиларининг маҳаллалар аҳолиси ҳаёти ва фаровонлигини ошириш бўйича режалаштирилган чора-тадбирларнинг бажарилиши тўғрисида маълумотларни эшитиб боради.

 Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Қашқадарё  вилояти бўлими