Юрган дарё, ўтирган бўйра

“Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзуида Бухорода  ўтказилган минтақавий семинарда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26 июндаги Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида журналистика соҳаси ривожига қаратилган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилгани, ушбу тадбир ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади.

Бухоро ҳамда Навоий вилоятларидаги ОАВда фаолият олиб бораётган  журналист ва блогерлар қатнашган семинарда бу каби тадбирлар соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, журналистикага оид юзага келган муаммолар ҳақида фикр алмашиш, уларга ечим излаш, бу борада таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, қолаверса, ижодкорларни рағбатлантириш каби эзгу мақсадлардан иборат экани қайд этилди.

Тадбирда “Бухоронома” газетаси бош муҳаррири Ш.Сулаймонов,  Бухоро давлат университети профессори Ф.Мўминов, Уюшманинг Навоий вилоят бўлими раиси  О.Аслонов, “Рометаннома” газетаси муҳаррири М.Атоева,  3-Бухоро сайлов округи комиссияси ҳузуридаги матбуот хизмати раҳбари А.Рустамовнинг мавзу юзасидан  маърузалари тингланди, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун яратилаётган шарт-шароитлар хусусида фикр алмашилди.

Шунингдек, мамлакатимизда ёш журналистларни тайёрлаш ва тарбиялаш ишига қўшиб келаётган ҳиссаси учун БухДУ профессори Ф.Мўминовга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг махсус совғаси, Навоий вилоятида узоқ йиллар фаолият юритган фахрий журналист Ҳамдам Эшонқуловга 2-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тантанали топширилди.

Семинар доирасида иштирокчилар куҳна шаҳар – Бухоронинг маданий ёдгорликлари, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб, “Бухоро ёшлари” газетаси таҳририяти иш фаолияти ва тизимларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

–“Юрган дарё, ўтирган бўйра” дея бежиз айтишмаган, – дейди Навоий вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасининг “Саломатлик” газетаси бош муҳаррири Иброҳим Жумаев. – Бундай тадбирлар одамга куч, илҳом беради. Семинар баҳона бухоролик ҳамкасблар билан дўстлашдик, тажриба алмашдик, ушбу вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан танишдик. Ўзгаришлар жуда катта. Улар ҳақида мақола ёзишни кўнглимга тугдим.

Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси ахборот хизмати