Рағбат фаолликка чорлайди

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги, Бадиий академия, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамкорлигида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишлаб ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг республика босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловини ўтказишда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бош ижрочи ташкилот сифатида қайд этилган.

Айтиш керакки, ижодкорларни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш, янги ижодий парвозлар сари даъват этиш, касб малакаси ва маҳоратини юксалтириш мақсадида турли кўрик-танловлар, грант-лойиҳалар, ижтимоий дастурлар амалга оширилмоқда.

Ижодкорлар ўртасида анъанавий ўтказиб келинаётган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ижод аҳлининг жамиятдаги фаоллигини ошириш,  касбий маҳоратини  юксалтириш, фидойи ижодкорлар қатламини юзага олиб чиқиш, иқтидор соҳибларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Бу йилги кўрик-танловнинг ўзига хослиги – унга тақдим этилган ижодий ишларда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя мужассамлиги билан диққатга сазовордир. Мазкур танлов 6 йўналиш —босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг мақолалари, оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатига олинган веб-сайтлар ходимларининг журналистик ишлари, телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари, кино санъати асарлари номинациялари бўйича ўтказилди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан турли ёшдаги ижодкорларнинг ижодий ишлари махсус ташкил этилган https://tanlov2021.uz/ сайтига жойлаштирилиб, онлайн овоз бериш таъминланди. Ҳакамлар ҳайъати ғолиб ва совриндорларни аниқлашда онлайн овоз бериш натижаларига ҳам таянди.

Тантанали маросимда 6 йўналиш бўйича 1-ўрин соҳибларига I даражали диплом, замонавий ноутбук ҳамда плакетка, 2-ўрин ғолибларига II даражали диплом, телевизор, плакетка, 3-ўрин совриндорларига III даражали диплом, планшет ва плакетка топширилди.

Шу ўринда Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимиз  вилоятларида ҳам “Энг улуғ, энг азиз” танловининг ҳудудий босқичлари юқори савияда ўтказилганини, улар якунига кўра, ҳудудларда фаолият олиб борувчи иқтидорли ижодкорлар муносиб тақдирланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Маълумот учун, ушбу кўрик танлов 1997 йилда Вазирлар маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилиб, 24 йилдан буён ўтказилиб келинади. 

Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси ахборот хизмати