Юртимнинг ҳар гўшаси азиздир менга

ёки сирдарёлик журналистларнинг Жиззах вилояти Хўжамушкент қишлоғига зиёрати ва Янгиобод туман маркази – Баландчақирда ўтказган очиқ осмон остида “Маҳорат дарслари”дан репортаж

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишда дастуриламал вазифасини бажармоқда.

Жорий йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими ташаббуси билан Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги Хўжамушкент зиёратгоҳига бир кунлик сайру саёҳат уюштирилди.

 Сафарга отланиш кишини соғлом қилади, деган гап бор. Чунки ҳаво алмаштирасан, гўзал манзаралардан баҳра оласан, бутун тананг ҳаракатга келади. Даштобод шаҳридан Баландчақир йўлига чиққанимиздан кейин кенг майдонлар бошланди. Барибир кенгликлар руҳингга ажиб бир кўтаринкилик бағишлайди.

Янгибод тумани – Баландчақир шаҳарчасига етдик. Мамлакатимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби бу ерда ҳам катта бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилган.

Хўжамушкентга етганимизда бир-икки томчи ёмғир ҳам тушди. Хўжамушкент зиёратгоҳига кираверишдаги йўлак бўйларида арчалар қулф уриб ўсиб ётибди. Гулисафсарлар қийғос очилган. Бу ерда хорижлик ва маҳаллий саёҳатчилар учун ҳар томонлама қулай инфратузилма яратилган: чойхона, меҳмонхона, масжид ва нафас ростлаш учун айвончалар гуриллаб ишлаб турибди.

Хўжамушкент ота зиёратгоҳи сайхонликнинг кунботар томонида,  баланд тепаликда жойлашган экан. Зинапояларни бир-бир босиб тепага кўтариламиз. Авлиёнинг рамзий қабри устига 2014 йилда муҳташам хонақоҳ бунёд этилган. Авлиёнинг руҳи покига Қуръон тиловати ўқилди. Сўнгра мақбара атрофидаги табиат мўъжизалари саналган булоқларни томоша қилиб, ҳовучларимизни тўлдириб сув ичдик. Барчанинг кўнгли ёз осмонидек ёришиб кетди.

Саёҳатимизнинг расмий қисми Баландчақир қишлоғидаги сўлим гўшада ўтди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев тадбирни очди. Сўнгра очиқ осмон остида маҳорат дарслари бошланди. “Университет овози” газетаси бош муҳаррири Мунаввар Пардаев “Жўшиб ишлайдиган замон келди”, фахрий журналист, “Шуҳрат” медали соҳиби Элмурод Мавлонов “Сирдарёда халқаро шарҳловчи нега йўқ?”, “Халқ сўзи” газетасининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири Аҳмадали Шерназаров “Янги Ўзбекистон – янги мавзулар”, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси Дилором Исмадиёрова “Сирдарё журналистлари” телеграм гуруҳининг юритилиши, журналистларнинг касб этикаси” мавзуларида маҳорат дарслари ўтиб бердилар. Сўнгра бир гуруҳ журналистларга Ўзбекистон ЖИУ вилоят бўлимининг “Ташаккурнома”лари тантанали равишда топширилди.

Тадбирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати унда Жиззах вилояти ижодкорларининг ҳам қатнашгани бўлди. “Жиззах овози” газетаси бош муҳаррири Саид Дониш, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Жиззах вилояти бўйича мухбири Абдужалол Қаюмов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, шоир Бек Назар (Бекназар Тошбоев) лар сўз олиб, сирдарёлик журналистларнинг эзгу ишларига қойил қолганликларини изҳор қилдилар. Гулистон давлат университети профессори, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси Равшанбек Маҳмудов бугунги адабий жараён, журналистикамизнинг қиёфаси ҳақида мароқли маъруза ўқиди. Шу университет доценти Ҳамид Ёдгоров Давлат тили ва лотин алифосига асосланган янги ўзбек ёзувидаги ўзига хосликлар ва муаммолар ҳақида мулоҳазаларини билдирди.

Барчанинг кўнгли юрт муҳаббати билан тўлиқ эди. Бу сайру саёҳат илҳомлари эртага ОАВда мақолалар, репортажлар тарзда юз очса, жамол кўрсатса не ажаб!

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.