Навоийда “Мустақилликнинг 30 йиллигига 30 та китоб” лойиҳаси доирасида тақдимот маросими бўлиб ўтди

Навоий шаҳридаги муҳташам “Фарҳод” маданият саройида Навоий вилоятида Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб муқаддас қадамжолар, шаҳар-туманлар тарихи ва бугуни, йирик корхоналар — Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва давр қаҳрамонлари ҳақида сўзловчи 30 та китоб нашр этилди.

Тантанали тадбирда вилоятдаги корхона-ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, ёзувчи-шоирлар, ёш авлод вакиллари — кенг жамоатчилик иштирок этди.

Таъкидлаш керак, Президентимизнинг 2020 йил 17 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилояти ҳокимлиги, Навоий кон-металлургия комбинати ва Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида тайёрланган 30 та китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Қайд этиб ўтиш керак, мазкур лойиҳа Давлатимиз Раҳбарининг 2020 йил 17 декабрь санасида эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилиб, тегишли йўналишларни белгилаб олган ҳолда ижодкорларни жалб этилиб, ўтган даврда фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилди.

Натижада, Навоий кон-металлургия комбинати ҳақида 10 га яқин китоблар, Нурота, Хатирчи, Қизилтепа, Навбаҳор ва Конимех туманлари ҳамда Ғозғон шаҳрининг тарихи, шунингдек, Янги Ўзбекистон даврида мазкур ҳудудларда амалга оширилган кенг ўзгаришлар хусусида, “Қизилқумцемент: кеча ва бугун”, “Навоий иссиқлик электр станцияси: кеча ва бугун”, “Навоийазот”: кеча ва бугун” номли, бундан ташқари вилоятнинг тиббиёт, банк, ички ишлар ҳамда прокуратура соҳалари юзасидан алоҳида китоблар тайёрланди. Шу билан бирга Мавлоно Ориф Деггароний ҳаёти ва фаолияти, Маликработ карвонсаройи хусусида алоҳида тарихий-илмий асарлар нашр этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Қ.Турсунов, Навоий кон-металлургия  комбинати Бош директори Қ.Санақлов, “Навоийазот” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси О.Темиров, вилоят прокурори  Б.Аҳмедов ва бошқалар сўзга чиқиб, китоб ва китобхонлик ҳамда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан атрофлича фикр юритишди.

—   Бу китобларни чоп этиш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар нафақат бугун, балки келажакда ҳам катта самара беради, — деди ўз маърузасида тадбир иштирокчиси, тақдимоти ўтказилган  яна бир китоб — “Маънолар мазхани” асари муаллифи, навоийшунос Олимжон Давлатов. —  Мазкур ташаббуснинг мамлакатимизда илк бор Навоий вилоятида амалга оширилгани ҳам бежиз эмас. Боиси, бу замин ўзига хос чуқур тарих ҳамда иқтисодий-маънавий салоҳиятга эга. Қолаверса, воҳада бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар Янги Ўзбекистоннинг тарихи сифатида чоп этилган китобларда акс этиб, бу ҳақда келгуси авлодларга ҳам муносиб туҳфа қолдирилмоқда.

Тадбир давомида китобларни чоп этишда бевосита иштирок этган бир гуруҳ тарихчи олимлар, ёзувчи ҳамда шоирлар ва журналистлар ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.  “Фарҳод” маданият саройи санъаткорларининг Ватан ва Истиқлол мадҳи мавзусидаги куй-қўшиқлари тадбирга янада файз қўшди.

Китоб — халқ мулки. Агар у энг қимматли маълумотларни ўзида акс этган бўлса, унинг аҳамияти ва қиммати янада ошади. Ўтаётган ҳар бир дақиқамиз эса ўтмиш саҳифаларида қолгани каби, бугунги кунимиз ҳам тарихга айланади. Давр қаҳрамонлари, ислоҳотлар ҳақидаги китоблар ҳам тарих солномалари сифатида абадият битиги бўлиб қолади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Навоий вилояти бўлими.