Вилоятимизнинг 30 нафарга яқин ОАВ ходимлари ҳам “Мустақилликнинг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди

 

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотлаш тўғрисида”ги тегишли Фармони асосан мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, халқимиз фаравонлигини таъминлашда алоҳида фидойилик кўрсатаётган бир гуруҳ юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди. 

Сирдарё вилоятимизнинг  фаол фуқаролари қатори вилоятимизнинг 30 нафарга яқин ОАВ ходимлари ҳам “Мустақилликнинг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.

Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида ўтказилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан  вилоятдаги фаол ва ташаббускор фуқаролар, турли соҳа вакилларини «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни  Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқин Дадабоев очиб берди. Байрам муносабати билан тадбир иштирокчиларини табриклаб, вилоятимиздаги бунёдкорлик ишлари, қатор соҳадаги ўзгаришлар ҳақида алоҳида тўхталди. Биргина кундан кунга чирой очиб гўзаллашиб бораётган Гулистон шаҳридаги кейинги 5 йил ичида рўй берган янгиланишларни фахр билан тилга олди.

«Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишонларини тантанали равишда вилоят ҳокими ёрдамчиси Аброр Тошматов ва Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқин Дадабоев ўз эгаларига топширди.

– Бу юксак мукофот ОАВ ходимларини ҳам  руҳлантириб юборди,- дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси Дилором Исмадиёрова. – Мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етишида, уларни тарбиялашда алоҳида намуна кўрсатаётган фидоийларни, таълим,  қурилиш,  тиббиёт, экология, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, тадбиркорлик ва бошқа кўплаб соҳаларда фидокорона меҳнати билан юртимиз равнақига хисса қўшиб келаётган юртдошларимиз фаолиятини, мамлакатимизда, жумладан вилоятимизда бўлаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини таъсирчан ёритиш йўлида янада  шижоат билан меҳнат қиламиз.

Бундай эл-юрт олдидаги хизматларини эътироф этилиши ва муносиб тақдирланиш инсоннинг юксак марралар сари руҳлантириб, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Моҳира Йўлдошева,

АОКБ ходими