Вилоятимиз ижодкорлари ўртасидаги “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди

Мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллик тантаналари ҳудудларда давом этмоқда. Жумладан Навоий вилоятида ҳам байрам муносабати билан ижод аҳли ўртасида ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танловида Ватан мавзусини тараннум этган ижодий ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган бу йилги танловга барча йўналишлар бўйича жами 30 га яқин ҳужжатлар келиб тушди. Танловга вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш соҳасида, иқтисодий имкониятларини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларни, пандемия шароитида аҳоли фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларни ҳаётий мисоллар ва таҳлиллар асосида холис ва ҳаққоний ёритувчи ижодий асарлар қабул қилинди.

Навоий шаҳридаги “Ҳудудгаз Навоий” биносида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилиб, мазкур тадбир катта тантанага айланди. Вилоятдаги ёзувчи ва шоирлар, ОАВ ходимлари ҳамда рассом ва фотосуратчилар иштирок этган тадбирда иштирокчилар дастлаб китоблар кўргазмаси, вилоят ҳунармандлари ва рассомларининг ижод намуналаридан иборат кўргазма билан танишдилар.

Шундан сўнг, ғолибларга ташкилотчилар томонидан 1-,2-,3-ўрин кесимида диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир якунида ижодий мулоқот давом этиб, қалами ўткир ижодкорлар томонидан ёшлар учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.

 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими