“Энг улуғ, энг азиз” ғолиблари тақдирланди

Жиззахда ижодкорлар ўртасида ўтказиб келинаётган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий республика кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, Маданият  бошқармаси, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят «Тасвирий ойна» ижодий уюшмаси, ахборот ва  оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган мазкур танловда вилоятда яшаб ижод қилаётган босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, шоир-ёзувчилар, халқ амалий ва кино санъати вакиллари, фотограф ва дизайнерлар, иштирок этди. Тадбир қатнашчиларининг танловга “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган асарлар-материаллари қабул қилинди.

Ҳайъат аъзолари томонидан 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунига асосланган, халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича бажарилаётган ишларни таъсирчан руҳда очиб берувчи ижодий ишлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, танловга олтита йўналиш бўйича қабул қилинган материалларда  “Обод қишлоқ”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз!”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режаларнинг ижроси, мазмун-моҳияти ва тарғиботи акс этганига алоҳида эътибор қаратилди.

Тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Синдор Раҳмонқулов ғолиб ва совриндор ижодкорларга вилоят ҳокимлигининг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди.

Тадбир якунида вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари ва ёш хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар ижодкорлар даврасига янада завқу шавқ бағишлади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими