Бухорода “Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари тақдирланди

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига бағишлаб, “Энг улуғ, энг азиз” танловининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган танлов ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари, оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган веб-сайтлардаги интернет-журналистика материаллари, телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари, тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари, кино санъати асарлари каби номинациялар бўйича ўтказилди.
“Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичига оммавий ахборот воситалари ва босма ва электрон нашрларда эълон қилинган 40 га яқин ижодий ишлар қабул қилиниб, ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди. Иштирокчилар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури доирасида мамлакатимизни ҳар томонлама обод қилиш, унинг иқтисодий қудратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўси ошиб бораётгани, пандемия шароитида ҳам давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгаришлар изчил давом этаётганини ҳаётий мисоллар ва илмий асосланган таҳлиллар асосида холис ва ҳаққоний ёритувчи ижодий асарлар билан қатнашишди.
Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Фарҳод Тошмуҳаммедов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Бахтиёр Асадов, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда кейинги йилларда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва роли ортиб бораётгани, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ташаббускорига айланиб улгургани ҳақида тўхталишди. Ўтказилаётган бу каби танловлар ҳам ижодкорларнинг меҳнатига муносиб рағбат экани алоҳида таъкидланди.
Танлов ҳайъати хулосасига кўра, Мирзо Аҳадов “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари” йўналиши бўйича, Баҳром Солиев “Босма оммавий ахборот воситалари” йўналиши бўйича, Фарҳод Хўжаев “Телевидение ва радио” материаллари бўйича, Саида Эргашева “Кино санъати” йўналиши бўйича , Шерзод Камолов “Интернет – журналистика” йўналиши бўйича, Тоҳир Истатов “Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” бўйича ғолибликни қўлга киритдилар.
Шунингдек, “Энг улуғ,энг азиз” анънавий кўрик-танловининг Бухоро вилоят босқичининг рағбатлантирувчи дипломи билан вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Гулнора Самиева тақдирланди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорларига ташкилий қўмита томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Бухоро вилоят бўлими