Қонун ижроси таъминланмоқда

 

Сурхондарё вилояти матбуот уйида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят прокуратураси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси   ҳамкорликда “Вилоят Прокуратурасининг табиатни муҳофаза қилиш борасидаги жорий йил олти ойлик сарҳисоби” мавзусида матбуот анжумани ўтказди.

Унда тадбир мавзусига доир вилоят прокуратурасининг олиб борилаётган ишлари, табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари ижроси муҳокама қилиниб, соҳадаги ютуқ ва камчиликларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан жорий йилнинг 1-ярмида вилоятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар амалга оширилди, – дейди вилоят прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси  Алишер Бобомуродов. Ўтказилган тадбирлар натижасида прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали 23 мингдан ортиқ фуқаро, шу жумладан, 1300 дан ортиқ юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Прокурор   протестлари асосида 886 та ноқонуний ҳужжатлар бекор қилинди, 935 таси қонун талабларига мувофиқлаштирилди. Етказилган 11,4 млрд. сўмлик зарарни ундириш бўйича судларга 448 та аризалар киритилди. 4800 нафардан ортиқ фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қаноатлантирилди.

Ушбу матбуот анжуманида журналист ва блогерлар томонидан берилган савол ва таклифлар юзасидан соҳа мутахассислари томонидан тегишли жавоблар берилди.

 Мастура Ҳамраева

ЎзЖИУ Сурхондарё вилоят бўлими мутахассиси