Жамият журналистни ҳимоялашда бирлаша олади…(ми?)  

2021-08-16T12:30:44+05:0016 Avgust, 2021|Журналист ижодидан, Ҳафта мақоласи|

QALAMPIR.UZ сайти журналисти Феруза Нажмиддинованинг шаъни, қадр-қимматини камситиш мақсадида видеомонтаж қилинган роликнинг тарқатилгани қанчалар ачинарли ҳолат бўлса, ушбу қабиҳликка нисбатан жамиятимиз аъзоларининг реакцияси ҳам ибратли бўлди. Чунки жамоатчилик билан бирга, тегишли давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари ҳам адолатни, оммавий ахборот воситаларининг овозини буғишга қаратилган ифлос ҳаракатни бир овоздан қоралаб чиқиб, бунга қарши қатъий позицияларини билдиришди.

Биламизки, айрим вазиятларда жамоатчиликнинг, журналистларнинг фикри, талаблари жавобсиз қолдирилган ёки мавжуд ҳолатлар хаспўшланган пайтлар бўлган. Бу сафар эса камчиликларни танқид остига олган журналистнинг шаънини булғашга уриниш қаттиқ қаршиликка учради. Лекин бу ҳақиқат тўлиқ ғалаба қозонди дегани эмас. Бу жиноятнинг ортида турган кучлар фош этилиб, жазога тортилмас экан, бундай дейишимизга бироз эрта. Шундай экан, бундай вазиятларда жамиятимиз вакиллари ҳамма пайт ҳам бирдамликда ҳаракат қила оладими?

Амалдорлар нега танқидни босиқлик билан қабул қилишолмаяпти?

Журналистик фаолият демократик жамиятнинг муҳим эҳтиёжи бўлиб, халқ ва давлат манфаатларига зид ҳар қандай ҳолатга муросасиз бўлиши керак. Бугунги кунда ўзбек журналистикасининг анча фаоллашганини, ҳаётимиздаги кўплаб муаммоларни дадиллик билан олиб чиқаётганини кўришимиз мумкин. Ҳали бу борада камчиликларимиз ҳам етарлию, лекин беш йил олдинги давр билан солиштирганда ер билан осмонча фарқ бор.

Шуниси борки, журлалистнинг танқиди кўп ҳолларда босиқлик билан кутиб олинмаяпти. Унинг ўзини айблашга ҳаракат қилиш, турли босимлар ўтказиш, ҳатто ҳақоратлашу тажовуз қилишгача борилгани сир эмас.

Тўғри, танқид аччиқ бўлади, ҳеч кимга ёқмайди. Лекин амалдорларнинг унга чидамсизлиги, ўта қўпол жавоб қайтаришига сабаб нима? Албатта, кечаги маддоҳликка айланган журналистика давридаги ширин мақтовларга ўрганиб қолган мансаб эгалари бу ҳолатни ҳанузгача қабул қилишолмаяпти. Уларга аталадан суяк чиққандай таъсир қиляпти.

Энг ёмони, уларда ўзига қарши чиққан, камчилигини кўрсатган одамни осонликча бадном этиш, жасурлигига пушаймон қилдириш мумкин, деган тушунча-нинг сақланиб қолаётганидир. Бугунги ҳолат ҳам худди шу омилга бориб тақалади. Лекин туҳмат осон нарса эмас. Бежизга ўт балоси, сув балоси қаторида “… туҳмат балосидан асрасин” дейишмайди. Айниқса, аёл кишидан бу усулда қасд олиш ўта пасткашликдан бошқа нарса эмас. Демак, бундай ҳолатнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўриш зарур. Эътибор қилсак, кейинги пайтларда турли телеграм каналлар орқали аноним тарзда журналистлар ва блогерларга туҳмат уюштириш, уларнинг оилавий ҳаётига рахна соладиган бўҳтон маълумотларни эълон қилиш, уларнинг номига лой чаплашга зўр берилмоқда. Хўш, бу кимга керак? Албатта, кўчадаги бекорчиларга эмас, айби фош бўлиб қолишидан чўчиётган, маълум бир мақсадни кўзлаган, имконият ва ресурсларга эга, сизу

биз тўлаган солиқлар ҳисобига яшовчи давлат ташкилотлари ёки шундай ташкилотлардаги гуруҳларга керак. Улар журналист қўрқиб, қайта журъат кўрсатишга қодир бўлмай қолсин, деган мақсадни кўзлаши мумкин. Эсдан чиқармаслик керакки, журналистнинг холисликка таянган, халқ манфаатини кўзлаган фаолиятига тўсиқ бўлиш, бу иши учун унинг жазоланиши бутун жамиятнинг тушкунлигига сабаб бўлади. Тушкунликка берилган жамият аъзоларидан эса дадил олдинга интилиш, катта натижаларга эришишни кутиш мантиқсизликдир. Демак, журналистик чиқишларни босиқлик билан қабул қилиш, хатолик кузатилса, ваҳшийларча ташланиш эмас, маданият билан муносабат билдиришни амалдорлар шиор қилиб олишлари, бутун халқ билан мулоқот қилаётгандай гаплашишлари керак. Чунки баҳслашилаётган масала халқ манфаатига оиддир.

Журналистика ижтимоий фаол жамоатчиликка суянади

Албатта, журналистикани оддий касб деб ўйлаш хато. Унинг қийинчиликларига бардош бера олиш, туҳмат, босим ва таҳдидларга қарамасдан, ҳақиқат йўлида ижод қилишда давом эта олиш ҳар ким учун эмас. Бунинг уддасидан чиқа олганларгина журналист сифатида эл-юрт орасида довруғ қозонади. Лекин “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас…” деган мақол бор. Бу битта журналистга қаратилган таҳдид эмас, унга ўхшаб иш тутадиганлар қандай аҳволга тушишини бошқаларга ҳам эслатиб қўйишдир. Шундай экан, журналистларимизда бу масалада бирдамлик бўлиши лозим. Журналистлар ижодий уюшмаси шу ҳолат юзасидан баёнот билан чиққани маълум даражада бизни шунга ундайди. Лекин бир муаммо борки, баъзи журналистларнинг қайсидир ташкилот ёки тизим танқидга учраганда ҳамкасбларига қарши чиқиб, мансабдорлар тарафига ўтиб олиши, уларнинг камчиликларини хаспўшлашидир. Чунки у ўша ташкилотнинг матбуот хизматида ишлайди ёки байрамларда бериладиган совғалар эвазига “ҳамкорлик” ўрнатган ижодкорлардир. Бу бизда ҳали журналистик этика қадриятлари шаклланмаганидан далолат беради. Қолаверса, журналистика ижтимоий фаол жамоатчиликка суянади. Одамларимиздаги лоқайдлик, атрофида бўлаётган ҳолатларга томошабинлик, ўз шахсий манфаати қобиғига ўралиб қолганлик иллатларини кўрганда, жамиятимиз кўзимизга анча кучсиз кўриниб кетади. Нафақат журналистлар, балки жамиятни ривожлантириш билан шуғулланадиган барча ташкилотлар аҳоли билан бошқа усулларда ишлаши керак, деб ўйлаймиз.  Одамларга тушунтириш керакки, жур-налистни таҳқирлашаётган экан, демак, сизни ҳақоратлашяпти. Чунки журналистика инқирозга учраса, журналист таҳдидлар остида журъатсиз аҳволга туширилса, сиз қайсидир маҳаллада қурилиш учун дарахтлар кесилаётгани, маст мансабдор кимнидир машинасида уриб юборгани, лекин унга нисбатан жиноий иш очилмагани, ички ишлар бўлимида ушланганларни қийноққа солишаётганидан бехабар қола бошлайсиз.  Ёки қўшни туманда жойлашган кимёвий заводдаги хавфли портлашни эшитмайсиз. Чунки бу нарсаларни ёзиб, сизга етказадиган одам қолмайди. Умуман олганда, бу борада муаммолар, босиб ўтилиши керак бўлган довонлар жуда кўп. Аммо бир зум ҳам тўхтаб қолмаслик керак. Боиси, ҳар бир иккиланиш, қатъиятсизликлар кечикишларга сабаб бўлади.

Тўлқин ШЕРНАЕВ.

Манба: “Mahalla” газетаси, 33-сон