МОБИЛЬ АЛОҚА КОМПАНИЯЛАРИ ХАЛҚНИНГ ПУЛИНИ ҚАЧОНГАЧА “ТУЯ” ҚИЛАДИ?

Одатда, уяли алоқа хизматини кўрсатувчи компаниялар ҳақида гап кетганида, одамлар орасида уларга нисбатан “ўтирган жойида ҳаводан пул топади”, деган кинояли сўзлар айтилади. Мантиқан олиб қаралганда, бу бежиз эмас: абонентларнинг боғланиши симсиз — ҳаво орқали амалга оширилади. Янада ажабланарли томони шундаки, мобиль алоқа операторлари истеъмолчиларнинг манфаатини эмас, биринчи навбатда, ўзларининг кўпроқ даромад олишини кўзлаб иш тутишади. Шу боис йиллар мобайнида уларнинг турли нағмаларига чидашга, ҳатто емаган сомсамиз учун пул тўлашга мажбур бўлиб келаяпмиз.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, мамлакатимизда 2021 йил 1 апрель ҳолатига мобиль алоқа тизимига уланган абонентлар сони 26 миллион 953,5 мингта, аҳолининг мобиль алоқа билан таъминланганлик даражаси ҳар 100 киши ҳисобига 72 бирликни ташкил этади.

Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган уяли алоқа хизматини кўрсатувчи компанияларнинг бозори кўламини юқоридаги рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Шу ўринда, уддабурон мобиль алоқа операторлари ўзлари учун ҳар томонлама қулай тартиб-қоидаларни жорий этиб, салкам 27 миллион абонентнинг пулини “туя” қилиб келаётганидан асло кўз юмиб бўлмайди.

Бунга бир мисол. Шу йил 3 май куни телефонимга “paynet” орқали 36 минг сўм ўтказгандим, орадан атиги бир кун ўтиб, Ucell компаниясидан томонидан жўнатилган SMS-хабарни ўқиб ҳайратдан ёқа ушладим: тўлаган пулим ҳисобимдан ечиб олиниб, яна 35 минг сўм қарзим бор эмиш. Аввалига “paynet”чи йигит пулни ўтказмаган экан-да, деган хаёлга бордим. Ҳа, унга пул бераётганимда, телефонимнинг қарзи йўқ эди, тўлаган маб­лағим ҳавога учиб, бу ҳам етмагандай 35 минг сўм қарз бўлиб қолишим…

— Мана, квитанцияси. Кеча пулингизни ўтказиб юборганман, муаммо нимадалигини билиш учун “Олой” бозори етмасдан катта чор­­раҳа ёнида жойлашган Ucell компания­сининг офисига боринг, — деб маслаҳат берди “paynet”чи йигит.

Шундай қилмасдан ўзга чорам ҳам йўқ. Ахир, 36 минг сўм тўлаб, яна 35 минг сўм қарз бўлиб қолишни қандай тушуниш мумкин? Бу бориб турган талончилик-ку!

Ucell офисига бориб мурожаатлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Сардор Музаффаровга учрашиб, нима бўлганини баён этдим. У аввалига 3 май куни телефон рақамимга ўтказилган пулни компьютеридан топа олмади. Тўлов чекини кўрсатганимдан кейин… аллақаердан топди, шекилли, менга “Тариф бўйича қарзингиз бўлган экан, шунинг учун пулингиз ечиб олинибди”, деди. Биринчидан, телефонимда қарзим йўқ эди, иккинчидан, майли, тўлаган пулим тарифдан қарзимни қоп­ланган бўлса, кейинги 35 минг сўм қарз қаердан пайдо бўлиб қолди?

Бу саволимга офис бошлиғи Аида Бурнашева қуйидагича жавоб берди:

— Шу ойда ишлатадиган тарифингиз учун қарз бўлиб қолгансиз. Бизда тартиб шундай! Бундан норози бўлсангиз, шикоят ёзиб қолдиринг. Мутахассисларимиз яна тек­шириб кўриб, натижасини сизга маълум қилишади.

“COSCOM” МЧЖ бош директори В.В.Кровченко номига ариза ёзиб, жавобини телефон орқали маълум қилишларини сўрадим.

Орадан бир неча кун ўтиб, Ucell компанияси юристи қўнғироқ қилиб, менга ўзлари ўрнатиб олган тартиб-қоидани қайтадан тушунтирди, эътирозимни эшитишни ҳам истамади. Хуллас, умумий ҳисобдан 71 минг сўм пулим қулоғини ушлаб кетди. Дарвоқе, юристнинг айтишига кўра, қарзимдан халос бўлишнинг йўли бор экан. Бир ой телефонимга пул ўтказмай турсам, 35 минг сўм қарзим ўзидан-ўзи йўқ бўлиб кетар эмиш. Қаёққа йўқ бўлиб кетади, қандай қилиб йўқолади?.. Шунисига ақлим етмади. Бу ҳам уяли алоқа операторларининг бир ўйини бўлса ажабмас.

Дарқақиқат, истеъмолчи доим ҳақ тамойили мобиль алоқа хизматини кўрсатувчи компанияларга тегишли эмасга ўхшайди. Келинг, сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисоллар билан асослашга ҳаракат қиламиз. Ойига 35-50 минг сўмлик интернет пакетларини харид қилган абонентга 30 кун давомида ўртача 4 минг мгб.лик интернетдан фойдаланиш имкони берилади. Лекин бир ой давомида камроқ интернетдан фойдаланган мижознинг ишлатилмай қолинган трафиги, дақиқалари “куйиб” кетади. Мабодо, шу муддат ичида пакет тугаб қолгудай бўлса, ўша заҳотиёқ алоқа ҳам, интернет ҳам тўхтатилади. Нима, уяли алоқа хизматини кўрсатувчи компанияларнинг пули пул, абонентларнинг, демакки, халқнинг пули пул эмасми? Бундай компаниялар зарар кўрмаслиги лозим-у, абонентлар тўлаган пулига куйиб қолса бўлаверадими? Бу ерда мантиқ, адолат қани? Ёки фойдаланувчининг интернет трафиги борлигига қарамасдан, уни ишлатиш учун телефонига пул ўтказиши талаб этилишини қандай изоҳлаш мумкин?

Хуллас, ҳар қандай усул ва услублар орқали мижозларининг пулини шилишга интилаётган мобиль алоқа операторларига бериладиган саволлар жуда кўп. Ўз билганича тартиб-қоидаларни ўрнатиб олган бундай компаниялар истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтаб келаётганидан ҳам билиш мумкинки, улар “ўзига хон, кўланкаси майдон”, ҳеч ким билан ҳисоб­лашишни исташмайди. Сиз бунга нима дейсиз, азиз муштарий?!.

Суюндик МАМИРОВ,

“Adolat” мухбири

Манба: @Gazeta_Adolat