Адолат учун курашаётган ҳар бир фуқаро “Адолат” СДП ҳимоясида

Кишилик тараққиётининг сўнгги юз йилликлари давомида қайта-қайта ҳаёт синовларидан ўтган бир олтин ҳақиқат бор: матбуот эркин бўлмас экан, жамият асло эркин бўлмайди, бўла олмайди ҳам. Қайси жамиятда сўз эркинлиги кафолатланган экан, шу жамиятда ривожланиш, тараққиёт бўлади. Матбуотнинг кўзини кўр, тилини соқов, қулоғини кар қилган жамиятда коррупция урчиб кетади, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, адолат ва ҳақиқат топталади.

Яна бир ҳаммамизга аён аксиома борки, айнан амалдаги қонунларни писанд қилмайдиганлар, таниш-билишчиликка зўр бе­радиганлар, порахўрлар, коррупция ботқоғига ботганлар биринчи бўлиб сўз эркинлигига тиш-тирноқлари билан қарши чиқишади. Чунки улар ўзларининг қабиҳ жиноятларидан, манфур қилмишларидан жамоатчилик хабардор бўлиб қолишидан манфаатдор эмас. Бундайлар учун ёпиғлиқ қозон ҳамиша ёпиғлиқ қолгани маъқул. Шунда уларга яшаш, етти авлодига етадиган ҳаром бойлик жамғариш осон бўлади.

Табиийки, бундай кимсалар ўзлариниг мушугини “пишт” дейишга журъат этган, ноқонуний фаолиятларини фош этишга уринган аллақандай “мухбир”чаларни жинидан баттар ёмон кўришади. Шу сабаб улар энг разил, энг пасткаш ишларга қўл уришади: турли миш-мишлар, ивир-шивирлар, имо-ишоралар билан адолат байроғини баланд кўтарган журналистларни эл-юрт орасида шармандаи шармисор қилиб, юзига қора балчиқ чаплашади, сўнг бармоқларини бигиз қилиб кўрсатиш ва “ана, кўриб қўйинглар, ҳақиқат учун курашчи деганларингнинг ўзи… анақа экан-ку…” дейиш учун.

Ҳа, разилликнинг чек-чегараси йўқ. Энди бундай ҳаромдан келган долларларининг сассиғига ухлай олмай чиқадиган муттаҳамлар разилона ўч олишнинг замонавий усулларига ҳам ўтиб олишибди, яъни монтаж қилинган видео шаклида…

Аммо энди қора ниятларингизга ета олмайсизлар, жаноб муттаҳамлар! Энди бунга йўл қўймаймиз! Хомтама бўлманг, энди янгиланаётган Ўзбекистон ўзи танлаган йўл, демократия, очиқлик ва шаффофлик йўлидан асло қайтмайди.

QALAMPIR.UZ сайти Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинованинг “Tashkent City” ҳудудидаги ресторанлар Респуб­лика махсус комиссияси қарорини писанд қилмай, соат 20:00 дан кейин ҳам фаолият юритаётгани ҳақидаги танқидий-таҳлилий репортажидан сўнг унга қарши шармандали, иғвогарона ва пасткашларча ҳужум бош­ланди. Бир қарашда воқеа­лар кетма-кетлиги ва жамоатчилик вакилларининг ижтимоий тармоқларда билдираётган фикр­лари бу ҳолатни бир томон уюштирганига ишора қилаётгандек. Бизнинг талабимиз шундан иборатки, бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари сўнгги сўзни айтиши, айбдорлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилиши ҳамда уларнинг ким эканлиги жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт.

“Адолат” СДП журналистларга нисбатан ҳар қандай йўл билан босим ўтказишни кескин қоралайди!

Биз Сайловолди дастуримизда алоҳида қайд этиб ўтганимиздай: ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот во­ситалари ходимларининг, айниқса, журналист ва блогерларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришни муҳим вазифа, деб биламиз. Зеро, шаффофлик, ошкоралик ва очиқлик – адолатли фуқаролик жамиятининг энг муҳим шартидир.

“Адолат” СДП оммавий ахборот воситаларини, фидоий ва адолатпарвар журналистларни, блогерларни ҳар қандай таз­йиқлардан ҳимоя қилишни ўзининг бурчи, деб билади ва бу борада қонунчилик доирасида амалий саъй-ҳаракатлар олиб боради.

Унутманг, янгиланаётган Ўзбекистон, Янги Ўзбекис­тонда АДОЛАТ байроғи ҳамиша мағрур ҳилпирайди!

Унутманг, “Адолат” СДП АДОЛАТсизликка қарши курашаётган ҳар бир юртдошимизнинг ҳимоясига ҳамиша тайёр!

 “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Манба: @Gazeta_Adolat