Навоий: “Ёшлар дафтари” нима дейди?

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида 2021 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида қилинган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Жамшид Ходжаев кун тартибидаги масала юзасидан журналистларга ахборот берди.

— Юртимизда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ва маҳаллалар кесимида “Ёшлар дафтари” шакллантирилди, — дейди бошқармаси бошлиғи Жамшид Ходжаев. — Йил бошидаги хатлов ва ўрганишлар натижасида “Ёшлар дафтари” платформасига 19 минг 622 нафар ёш киритилган бўлиб, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида уларнинг 18 минг 911 нафари мазкур дафтардан чиқарилди. Вилоятимиз “Ёшлар дафтари”га кирган ёшлар билан ишлаш бўйича 98,9 фоизни ташкил этиб, бу кўрсатгич бўйича республикада 3 ўринни эгаллаб турибди.

Анжуманда жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар кунлик мониторинг қилиниб, маҳалла-сектор-туман-вилоят даражасида инсон омилисиз рейтинг-баҳолаш тизими йўлга қўйилганлиги таъкидланиб, Навбаҳор, Хатирчи ва Нурота туманлари “Ёшлар дафтари”ни юритиш бўйича вилоят кўрсатгичидан ортда қолаётгани баён этилди.

Таъкидланганидек, 8626 нафар ёш доимий ишга жойлаштирилган, 2114 нафар ёш “Ҳар бир ёшга – бир гектар” тамойили асосида 524,2 гектар ер майдони ажратилган. Ёшларнинг 128 нафарига тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари учун ижара харажатларига, 1847 нафарига эса меҳнат қуроллари учун субсидиялар ажратилган.

Бугунги кунга қадар ёшлардан 112 та онлайн мурожаат келиб тушган бўлиб, секторлар томонидан уларнинг 53 таси “Ёшлар дафтари” платформасига киритилган, 44 таси рад этилган ва 15 таси ўрганиш жараёнида.

Анжуман давомида журналистларнинг “Ёшлар дафтари” масаласи билан боғлиқ барча қизиқтирган саволларига тадбир ташкилотчилари томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Анжуман якунида журналистлар ва блогерлар “Ёшлар маркази”да ташкил этилаётган “Ёшлар медиа маркази” фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

Отабек АСЛОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

 Навоий вилояти бўлими раиси