ФИДОЙИЛИК ШАВҚИ – ЖАМИЯТ ЭВРИЛИШИНИНГ БИРИНЧИ ШАРТИ

Фидойилик — ҳамма қила олмайдиган ишни мардлик, жонкуярлик, довюраклик ва шиддат билан ижро этиш. Фидойилик самимий, беминнат ҳаракатдир. Кези келганда, сабр ҳам фидойиликдир.

Шу ўринда эл-юртга  жонфидо жадидларимизни эсламоқ жоиз. Улар ўша давр муҳитида ўсиб-улғайган. Фақат илм, хориждаги маърифатли кишилар билан мулоқотдаги тажрибалари орқали халқ дардини теран англаб етган. Улар ҳеч ким четдан келиб бизнинг миллат учун қайғурмаслигини билган. Шу боис, “миллат дардига дармон бўлмоқ” (Амир Темур) учун бел боғлаган.

Жадид боболаримиз маънавий инқилобни бирламчи билганлар. Миллатни илмли, маърифатли қилиш, дунёни билишига раҳнамо бўлишда фидойилик кўрсатган. Масалан, Самарқандда уларнинг ҳар бири ўз маблағидан янги мактаб очган, ўзи алифбо ва дарсликлар ёзган, сабоқ берган. Миллат болаларини кўпроқ тил ўрганишга, фуқароларни эса маросим ва тўй-ҳашамларда исрофгарчиликка йўл қўймасликка, миллий қадриятларни қадрлашга даъват этган.

Жадидлар фаолияти биз учун миллат тараққиёти йўлидаги фидойиликнинг намунаси бўлиб келаётир.

Кўпчиликда фидойилик ёки жасорат деганда, урушда душманга қарши дадил бориш, жамиятда эса ҳаётдаги иллатни баралла айтиш тасаввури бор. Биринчи ҳолат тушунарли: урушда душманни маҳв этмасанг, у сени маҳв этади. Иккин-чи ҳолат, истаймизми-йўқми, турмушда ноҳақ зарбага дуч келган, ҳимоя тополмаган кишиларда рўй беради. Бу жамиятнинг барча бос-қичларида, ҳамма давлатлар учун ҳам табиий ҳол.

Фидойилик ҳамма вақт ҳам инқилоб, намойиш билан белгиланмайди. Жонфидолик, куйинчаклик миллат бирлигида, ибратли анъана, урф-одатнинг давомийлигида ҳам кўзга ташланади. Мисол учун, Хитойда ишламаган одам шуҳратга ҳам, даромадга ҳам домангир бўлмайди. Мамлакатда бу анъана авлоддан авлодга ўтиб келади. Хитойлик ҳар бир фуқа-ро меҳнат қилишни фидойилик деб билади. Ҳиндистонда менга уй-жой, имтиёзли уй беринг, деган даъвогар йўқ. Улар эҳтиёж сезгандагина уй ёки машина олиши мумкин. Японияда ҳеч ким бир-бирига баланд овозда гапирмайди. Немислар вақтни беҳудага сарфламайди. Буни чинакам халқ фидойилиги дейиш мумкин.

Фидойиликнинг машаққати шундаки, у аввало, беминнат бўлмоғи ва шу билан атрофдагилар нуқтаи назарини ўзгартириши лозим. Минбарларда чиройли гапириш, одамларга яхши кўриниш учун камчиликларни пеш қилиш фидойилик эмас. Фидойиликнинг ҳазм бўлиши оғир кечади. Бунда тарғибот, тушунтириш эмас, ишонтириш, шахсий ибрат муҳим.

Энди келинг, ҳеч бўлмаганда, ҳаё-тимизнинг кейинги 4-5 йилини бир таҳлил қилиб кўрайлик. Биз ўз давримизда қандай фидойиликларни кўряпмиз?

Майли, ҳамма эмас, шу масалада йиллаб изтироб чекканлар айтсин. Сал олдинроқ айрим юртдошларимиз гарчи 10-15 йилдан бери Ўзбекистонда яшасада, шу давлат фуқаролигини олишга ишонармиди? Йўқ, албатта. Ўз Ватанида мусофир эди улар. Эндичи? Ўзбекистон фуқаролигини олган 100 минг нафарга яқин инсон, ҳужжати қисқа муддатда тайёрланиб, паспорт олиш арафасида турганлар айтсин… Ана шу ўзгаришлар давлат раҳбарининг фидокорлиги, қатъиятлиги туфайли амалга ошмадими?

Хўш, Тошкент шаҳрига “прописка”нинг очилиши, халқаро виза тизимининг очиқланишидачи?  Бу масалада қанчалаб одам сарсон бўлгани, қанчалаб одам шундан мўмай даромад топганини, прописка тижорат ва коррупцияга айланиб улгурганини эсдан чиқармайлик. Энди мамлакатнинг исталган жойидан уй-жой олиш, мулк қилиш ҳуқуқига эга бўлдик. Бу масалада нуқтаи назаримиз ўзгаргани рост-ку! Демак, фидойилик ўз самарасини бера олди.

Пахта, ғалла монополияси даврида орому соғлиғидан, бору йўғидан жудо бўлганларнинг фарзандлари айтсин. Муаллимлар, шифокорлар, болакайлар айтсин, давлат раҳбари кескин қатъий чоралар ва фидойилиги орқали бу борадаги нуқтаи назаримизни ўзгартира олдими? Бирорта раҳбар пахта ёки ғалла учун ҳозир аҳолини безовта қиляптими? Лекин бу  ҳолатга эришиш учун озмунча ташкилий ўзга-ришлар қилинмади.

Биз даромад берадиган, ўзимизга фойдаси тегадиган экин экиш ҳуқуқига эга бўлдик. Ҳар йили Самарқанд вилояти бир неча юз минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотини экспорт қилмоқ-да. 4-5 йил аввал бу нарса минтақада орзу эди, холос.

Ёки бўлмаса, тадбиркорни текши-ришга мораторий эълон қилинишини осон иш деб ўйлайсизми? Йиллар давомида кўплаб корчалон ва назорат-чилар ишбилармон ҳисобидан яшаб келган. Табиийки, улар бу сиёсатга жон-жаҳди билан қарши турди, турли баҳоналар топди. Аммо мана, шу ҳолатга эришдик-ку!

Анжуманларда, матбуотда тизимни такомиллаштириш юзасидан фикр айтиб, қувғину тазйиққа уч-раганлар айтсин, яратилган турли минбарлардан халқ ўз сўзини айта олиши хаёлимизга келганмиди? Бугун ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистонда демократия йўқ” деб таъна қилаётганлар, айнан демократия, сўз эркинлиги, ошкоралик туфайли кўнглидаги гапни айтмаяптими? Йўқ, мен иддао қилмаяпман. Бундай чи-қишлар зарур. Агар камчилигимизни ўзимиз айтмасак, биров айтади. Камина фақат иллатларни зарда қилмасдан тартибли, қонуний ва маданиятли тарзда ўртага ташлаш услубини ўзлаштирсак, деган ниятда-ман. Халқимиз доно — бу гапларнинг сарасини саракка, пучагини пучакка ажратиб олади. Демоқчиманки, сўз эркинлигини таъминлаш учун қилинган фидойилик ундан фойдаланувчи томонидан қадрланиши зарур.

Таълимдаги қонунбузилишлар, порахўрлик, адолатсизлик юзага келтирган асаббузарликлар эсимиздан чиқяпти, шекилли. Қанчалаб илмга ташна, заковатли ўғил-қизларимиз азият чекди. Ота-онанинг тизимга ишончи йўқолганди. Шундай пайтда давлат раҳбари, аввало, академиклар дуосини олди. Болалар боғчалари, мактаблар, ҳунар мактаблари, олий ўқув юртларида янги, очиқ тартиб ўрнатиш чорасини кўрди, ОТМларга эркинлик берилди. Эҳ-ҳе, бу ҳаракатга қарши бўлганлар, тўсқинлик қилмоқчи бўлган, ишонмаганлар қанча эди. Бундайлар ҳозир ҳам топилади.

Шукрким, машаққатли ҳаракат бугунга келиб вазиятни ўзгартирди. Энди мактабни битирган ҳар бир ўқувчи олий маълумот олиши мумкин. ОТМлар сони кескин ошди. Ўндан ортиқ тилларда мутахассислар тайёрланяпти. Яъни халқаро тамойилларга мос таълим тизими кириб келди: ҳамма ўқишга кириши мумкин, фақат билимлиларгагина диплом берилади. Айтингчи, бундай жонкуярликни қадр-ламаслик ношукурлик эмасми?

Гарчи, қутлуғ байрам арафасида эришилган ютуқларни таъкидлаётган эрсам-да, камчиликлардан кўз юма олмаймиз. Қусурлар илгари ҳам бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Лекин биз ўз муаммоларимизга ўзимиз ечим топишни ўргандик. Муаммоларни ҳеч ким яширган эмас, аксинча, давлат раҳбари ўзининг Парламентга мурожаатномаларида барча соҳалардаги камчиликларни очиқ-ойдин кўрсатиб, ҳатто аҳолининг муайян қисми камбағал эканини баралла айтди. Коррупцияга нисбатан ҳар бир чиқишида ўз нафратини билдиряпти. Шунинг баробарида бу камчиликларни мавриди билан тузатиш йўлларини ҳам кўрсатиб беряпти. Хўш, одилона айтингчи, бу фидойилик эмасми?

Яқиндагина пенсия пулини ололмай сарсон қариялар бугун пенсиясини уйида ўтириб нақд пулда олаётганидан кўз юмиб бўладими? Нақд пул олишда, валюта алмаштиришда бирорта ҳам ариза тушмаганига нима дейсиз? Биз оғир кунларни унутадиган халқ эмасмиз, шукронаси бор халқмиз. Ахир бу ютуқлар катта жасорат, машаққатли меҳнат, ташвишли онлар самараси эмасми?

Гендер тенглиги, болалар ҳуқуқи, ижтимоий ҳимоя бўйича бизга нисбатан бўлган таъналарга жавобан эришаётган ютуқларимиз, бу борада халқаро рейтингларда юқорилаётганимиз ҳар биримизга фахр бағишлаши керак эмасми? Ахир буни ҳаётимизни, натижаларимизни синчиклаб ўрганаётган халқаро ташкилотлар эътироф этяпти-ку!

Очиғини айтганда, йиллар давомида шаклланган тўрачилик, кор-рупцион ҳолатларга барҳам бериш осон кечмаяпти. Аммо очиқлик сиёсати қамрови  кундан кунга кенгайиб бормоқда. Осон эмас, деганимнинг сабаби шуки, эски кўникмадан воз кечиш, бировнинг ҳисобидан кун кўришдан мосуво бўлиш айримларга жуда қаттиқ ботади. Шу сабабли ҳар бир тизимда муаммолар пайдарпай, босқичма-босқич ҳал қилиб борилмоқда. Ҳар бир тизимда инсон омилини камайтириш жараёни қизғин кечяпти. Манаман деган давлатлар ҳам бу босқични ўз бошидан ўтказган.

Минг афсуски, бу жараёнлар бизда дунё миқёсида мураккаб вазият давом этаётган пайтга тўғри келди. Айниқса, пандемия кучли, ривожланган давлатларни ҳам катта синовдан ўтказмоқда. Минг шукрки, Президентимиз ташаббуси билан халқ эътиборига ҳавола этилган ва маъқулланган Ҳаракат-лар стратегияси бугун чинакам ҳаётий дастур эканини исботлади. Оқил, ўз турмушига теран назар сола оладиган киши ўз ҳаёти кундан кунга яхшиланиб бораётганини сезади, англайди.

Бундай дейишимнинг сабаби бор. Айрим юртдошларимиз, минг афсуски, ижтимоий тармоқларда-ги нохуш ҳолатлардан мамлакат бўйича хулоса чиқаряпти. Тўғри, биз илғор хорижий тажрибалардан яхши томонларини ўрганяпмиз. Аммо Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини танлади ва унга босқичма-босқич эришади. Тажриба шуни кўрсатяптики, барчага ибрат, эталон бўладиган давлат тажриба-сининг ўзи йўқ. Чунки ҳаёт ҳар куни олдимизга янги вазифаларни қўймоқда.

Биз режали ишлашни ўргандик, лекин ижро механизми, тизимларининг барқарорлиги ҳали такомилига етган эмас. Бунинг учун иддао қилиш, одамлар фикрини чалғитиш шартми? Негаки, давлат раҳбарининг ўзи видеоселектор тарзидаги йиғилишларда мавжуд камчиликларимизни таҳлилий асосда кўрсатиб беряпти.

Шу мақсадда шахсан ўзи тад-биркорларни юзма-юз ва онлайн қабул қилишга киришди. Энди барча раҳбарлар аҳоли муро-жаати бўйича фаолияти юзаси-дан депутатлар олдида ҳисоб бериб боради. Йўқ, бу шошилинч кўрилган чора эмас, ҳар бир соҳада барқарор тизим яратиш борасидаги мақсадли ҳара-катдир.

Атрофга бир қаранг, қайси минтақада муқим осойишталик ҳукмрон? Бармоқ билан санарли. Биз халқаро ҳамжамиятга кирдик. Энди дунё тинчлиги учун қайғу-ришга мажбурмиз. Биз четдаги бозорларимизнинг барқарор бўлишини истаймиз. Ҳамма шундай ўйлайди. Шу сабабли ҳам Ўзбекистоннинг БМТ, ШҲТ, Туркий тилли давлатлар кенгашидаги, Марказий ва Жанубий Осиё дав-латлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан қизғин кутиб олинди. Бу давлатимиз раҳбарининг фидокорона хизмати самарасидир.

Фидойилик чиройли сўз, умумий тушунча эмас. У — фазилат, давом этадиган эзгу ҳаракат. Бировни севмасдан, ҳурмат қилмасдан унга фидойи бўла олмаймиз. Демак, мамлакатдаги барча фидойи ишлар замирида халқ дардини енгиллатиш, унинг янада фаровон яшашини таъминлаш туйғуси мавжуд. Буни Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси юракдан сезиб, ўз ҳаётида кўриб турибди.

Фидойилик томири маънавий комилликда. Маънавий комилликнинг ифодаси эса ўз халқи, Ватанини севиш, ҳурмат қилиш, қадрлаш, эл ғами йўлида фидойи бўлишда. Фидойиликнинг қадри одамларнинг бугунги сиёсатга ишончидир. Бу ишонч бизда шаклланди, деб айта оламиз. Демак, оқил сарбон бошқарган карвон собитқадамлик билан илгари бораверади, фидойилик давом этади.

Фармон ТОШЕВ,

 Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 152-сон.