Журналист Қодиржон АБДУКАРИМОВ 75 ёшда

Шамолнинг тилини тушуниш, ҳавонинг рангини илғаш, булутга нарвон осиб, кўкда сайр қилиш, ой-юлдузлар билан суҳбатлашиш, илоннинг қушлар билан дўстлашиши учун тадбир ўйлаб топиш… Булар беғубор болаликнинг ботиний жасоратлари.

Педагог журналист Қодиржон Абдукаримов билан суҳбатлашсангиз унинг ботиний туйғуларида ёшлик жасоратлари, ҳаётнинг аёвсиз довуллари ҳам ўзгартиролмаган фазилатлар яшаётганига амин бўласиз.

Тўрақўрғон туман ҳокимлигининг нашри “Давр” газетаси 1953 йилда “Ҳосил учун” деб номланарди. Худди шу газетада “Мактабимиз аълочилари” сарлавҳали илк мақоласи чоп этилганида Қодиржон Абдукаримов тумандаги 4-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси эди.

Республика ўқувчи ёшларининг “Ғунча”, “Гулхан” журналлари саҳифаларида, вилоят ва қўшни туман нашрларида чоп этилган хабар, лавҳалари билан мухбир сифатида танилган йигит журналист бўлишни орзу қиларди. Шароит тақазосига кўра, Наманган Давлат пединститутига хужжат топширди.

Одилжон Носиров, Нуриддин Бобохўжаев, Ўғилхон Азимова, Муҳаммаджон Зиёвиддинов сингари устозлар Қодиржон Абдукаримов сингари истеъдодли талабалар билан алоҳида ишлашар. Қўшимча сабоқлар беришар ва ижодий иштиёқ бағишлаб, журналистик жанрлар бўйича маълумотларни амалий йўналтиришарди.

Институтни муваффақиятли тамомлаган Қодиржон Абдукаримов 1971 йилнинг сентябридан Тўрақўрғон туманининг “Машъал” газетасига ишга қабул қилинди. Орадан кўп ўтмай ўзига хос интилишлари ва ижод намуналари билан матбуот саҳифаларида фаол иштирок этаётган йигитни “Наманган ҳақиқати” газетаси таҳририятига чорлашди.

Қодиржон Абдукаримов имзоси билан босилган мақолаларнинг саноғига етиш мушкул. Ҳажвиялари, сатирик асарлари унинг бадиий ижодий куч ва салоҳиятини ҳам кўрсатиб турарди.

Косонсой туман газетасининг ташкил этилишида ҳам Қодиржон аканинг ўзига хос ҳиссаси борлигини кўпчилик эътироф этадилар.

Кейинчалик Тўрақўрғон райижроқўмида, агросаноат бошқармаси, Сайрам қишлоқ кенгаши, “Ширинбулоқ” дам олиш масканида масъулиятли лавозимларда фаолият кўрсатган ижодкор педагог Наманган муҳандислик иқтисодиёти институтида ҳам ишлади. Қаерда қай лавозимда ишламасин, қаламини маҳкам тутди. “Муқаддас даргоҳ”, “Келажак авлод фидойилари” китоблари нашр этилди.

“Ватан ичра мўъжаз Ватан” эссеси маънавият тарғиботчилари учун қўлланма бўлди.
Тарбиячи педагог Манзурахон Хошимова билан бахтли оила қуриб етти фарзанд тарбиялашди. Бугун 30дан зиёд набира ва эваралар эъзозидаги Қодиржон Абдукаримов ҳақида журналист Абдунаби Қорабоев 2007 йилда “Китобинг ичра мен борман” номли рисола чоп эттирганди.

Қодиржон Абдукаримовнинг “Тоғ сеҳри” китоби Чотқол тоғ тизмаларининг ўзига хос манзаралари ва илмий асосланган хусусиятларига бағишланган бўлса, нашрдан чиқаётган “Баланорол юлдузи”, “Ватаннинг бир гўзал гўшаси” китобларида замонамиз қаҳрамонларининг портрети ва ислоҳий ўзгаришлар жараёнидаги интилишлари ифодаланган.
Туман, вилоят ва республика нашрларида мақола ва публицистик асарлари ҳамон эълон қилиниб келинмоқда.

Устоз ҳамкасбимизни қутлуғ ёш билан муборакбод этамиз. Умрининг 75-довонида ҳам шукроналик билан завқу шавқини донишмандона фикр, таклиф ва тажрибаларини омма билан ўртоқлашишда давом этаётган педагог ижодкор янги довонлар сари ҳамон жўшқин, ҳамон дадил бормоқда. Шундан келиб чиқиб, Қодиржон Абдукаримовга ижодий куч-қувват ва яна янги муваффақиятлар тилаймиз!

Носиржон ДЕҲҚОНОВ