Метро бекатидаги тирбандлик мақсад чиндан ҳам йўловчиларга қулайлик яратишми ёки…

Гарчи кимдир ишга, кимдир ўқишга шошилаётган бўлса-да, эрталабдан кайфиятини бузишни истамайди. Шу боис итоаткорона турнақатор бўлиб навбатга қўшилади. Аммо асаби чатоқлар ҳам учраб туради.

— Ҳой, барака топкур синглим, сиз нега навбатда турмай олдинга суқилаяпсиз? — деб бир аёл бақиради.

Чиптани навбатсиз олмоқчи бўлган қиз ҳам бўш келмайди:

— Касалхонага, операцияга шошилаяпман, — деб навбатда турганларни суриб, олдинга интилади.

Метро бекатининг чиптахонаси қаршисидаги йўловчилар “инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин” қабилида қараб қўйишади. Карантин чекловлари бекор қилинмаганини айрим йўловчиларнинг тиббий ниқоб тақиб олганидан ҳам билиш мумкин, лекин чипта олишга навбатда турганда ижтимоий масофани сақлаб бўлмаслиги ҳам шундоққина кўриниб турибди. Шунга қарамасдан коронавирус инфекциясини юқтириб олиши мумкинлигини ҳеч ким ўйлагани йўқ, ҳамма борадиган манзилиги тезроқ етиб олиш пайида. Чипта сотувчи икки қизни ҳам айблаб бўлмайди. Уларнинг қўли-қўлига тегмаяпти, лекин йўловчиларнинг кўплигидан улгуришмаяпти.

Нимаям дердик, бизга замондан орқада қолмайлик, бу янгилик деб тиқиштирилаётган тартиб-қоидаларнинг баъзилари одамларга қулайлик туғдирмас экан. Мана бунга бир мисол: метро бекатига киришга уринаётган йўловчиларнинг оёғига бир марта ишлатиладиган тўрт энлик қоғоз чипталар тушов бўлиб турибди. Ягона транспорт карталарининг афзаллигини эса ҳали кўпчилик тушуниб етганича йўқ, шу боис узун нав­батда туриб, қоғоз чипта олишга мажбур бўлаяпти.

Агар истеъмолчи доим ҳақ тамойилига риоя этилса, транспорт хизмати кўрсатилишида ҳам йўловчининг манфаати устун бўлиши керак. Бундан ташқари, ёшига кўра одамлар турли гуруҳларга бўлиниши ва жамоат транспортига чипта олишнинг мураккаблаштирилиши маълум гуруҳга қийинчилик туғдириши мумкинлигини ҳам унутмаслик зарур. Ягона транспорт карталарини қўя турайлик, қоғоз чипта ўнғайсизлигидан уни турникет устига тўғри қўя билиш кўп вақтни олаяпти. Баъзан метро ходимидан кўмак сўраймиз. “Буни ким ўйлаб чиқарди, вақтни олаяпти-ку”, деб норозилигимизни билдирсак, ўша ходимнинг энсаси қотади: “Мен қаердан биламан, тепадагилар билади-да…”

”Амир Темур хиёбони” бекатидаги шифтга осиғлиқ катта экранда намойиш этилаётган видеолавҳага эътибор қаратсангиз, карантин қоидаларига риоя қилиш тарғиб этилаётганига гувоҳ бўласиз. Аммо… бундан метрополитен маъмурияти учун йўловчиларни коронавирусдан ҳимоя қилиш биринчи ўриндаги вазифа экан, деб хулоса чиқаришга шошилманг. Негаки, экрандаги тарғибот-ташвиқотга бекатдаги ҳақиқий ҳолат умуман мос келмайди.

Шу бекатдан чиқаётганимда кириш жойидаги турникет ёнида бола етаклаган аёллар, сумка кўтарган талаба йигит-қизлар, бир сўз билан айтганда, тумонат одам тўпланиб қолганини кўриб, аввалига бирон кўнгилсиз ҳодиса рўй бердими, деган хаёлга бордим. Кейин гап нимадалигини тушуниб етдим. Йўловчилар кўплигидан чипта сотиб, уларни турникетдан ўтказиб юборишга улгура олишмаётган экан.

Хабарингиз бор, 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб метрополитен кассаларида жетон сотилиши тўхтатилгач, унинг ўрнини қоғоз чипта эгаллади.

Ҳар бир соҳада янгилик жорий этилгани яхши, лекин, очиғини айтганда, бизга метрода жетон қулай эди. Истаганча сотиб олиб қўярдик. Кейин мет­рога тушмоқчи бўлсак, касса ёнига бориб турмасдик. Турникетдан ўтиш учун навбат ҳам кутмасдик. Қоғоз чипта олиш учун эса бирон жойга боришда ҳам, қайтишда ҳам кассага боришимиз шарт бўлиб қолди. Бу йўловчига вақт масаласида қимматга тушаяпти. Устига-устак тиқилинчда карантин қоидаларига амал қилиш ҳам қийин.

Дарвоқе, бугун метрополитен муаммолар гирдобида қалқиб турибди: ярим йўлда тўхтаб қолган ҳам, эшиги очиқ қолган ҳам, электр таъминотида узилиш бўлган ҳам метро…

Суюндик МУҲАММАД

Манба: “Adolat” газетаси