“ГАЗЕТАНГИЗГА ОБУНА БЎЛМАЙМИЗ” ёхуд икки ўт орасидаги одамлар

Кейинги вақтларда матбуотда очиқлик ва сўз эркинлиги мавзусида мунозарали мақолалар тез-тез чоп этилаётгани қувонарли. Аслида газета  очиқлик ва сўз эркинлигига эга бўлгандагина ўзининг асл вазифасини бажаради ва ўқувчисига хизмат қилиб, унинг ишончини оқлай олади.

Бу борадаги чиқишларнинг аксариятида обунанинг адади пастлигию босма нашрларнинг “ўлиб” бораётганига соҳада ишлаётган  журналистлар айбланмоқда. Юзаки қарасангиз, бу фикрлар ҳақиқатга ўхшайди. Аслида ҳам шундайми?

Вазиятга чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, яхши ёзиш учун, аввало, ўта саводли ва малакали журналист кадрлар керак. Хўш, мамлакатимизда нашр қилинаётган газета ва журналларда ишлаётганларнинг неча фои­­зи журналистик мутахассисликка эга? Масалан, мен ишлаётган “Қизилтепа тонги” таҳририятида бундан 35-40 йил олдин икки журналист — Азиз Саид ва Клара Бозорова фаолият юритган. Клара Бозорова ҳозир нафақада. Азиз Саид “Шарқ юлдузи”нинг бош муҳаррири ўринбосари. Ёшлар орасида журналистика йўналишида ўқиётганлар бор. Аммо улар туман газетаси таҳририятида ишлашни хоҳлашмайди. Радио ёки телевидениеда ишлаш, шаҳарларда яшашни маъқул кўришади. Ижодий ходимларимиз сафи ҳамиша ўқитувчи ва маданият ходимлари ҳисобидан тўлиб келади.

Ҳозир ҳам 3,5 штат ижодий ходим ҳаммамиз ўқитувчи. Лекин газетамиз мавқеи малакали журналистлар ишлайдиган нашрлардан паст эмас.

Қолаверса, ҳар бир газетанинг ўз муассиси бор. Бу газета ижодий ходими муассис раҳбарининг қош-қовоғига қараб ишлашга мажбур деганидир. Фақат шугина эмас, “мажбурий обуна”га қарши оммавий кураш машмашаси бошланганидан сўнг, бизга янада қийин бўлди. Қаерга борсангиз “Обуна мажбурийми?”, “Шикоят қиламан” ва ҳоказо шунга ўхшаш гапларни рўкач қилишади. Шу баҳона муассислар ҳам ўзини обуна ташвишидан четга олишяпти. Ҳолбуки, обунани ташкил этиш муассис зиммасида эмасми?

Биз обуна билан йил давомида шуғулланамиз. Ҳудудлар ходимларимиз Озода Мақсудова, Насиба Тўлаева, Баҳодир Эгамов, Рўзигул Жумаевага тақсимлаб берилган. Ундан ташқари, ўзим ҳам мунтазам обуначи излайман. Яна жойларда обуна ташкилотчи ва тарқатувчиларимиз бор. Баъзан обуна пулини ундириш учун 30-40 километр масофага бориб келишга тўғри келади.

Ростини айтсам, ижод қилишдан кўпроқ обуначи топиш ва обуна пулини ундиришга вақтимиз кетади. Шунинг учун ҳафтасига 5 кун ўрнига 6 кун ишлаймиз. Ҳатто баъзан байрам кунларида ҳам газета билан андармон бўламиз…

Бунинг ишга халал берадиган икки жиҳати бор. Биринчидан, мажбурий обунага қарши кураш соясида ихтиёрий обуна ҳам барҳам топяпти. Ахир шундайга ҳам бизлар Европа ҳатто Япония одамларидек муто­лаага муккасидан кетган эмасмиз-ку! Энди оддий одамлар ҳам, зиёлилар ҳам ёппасига газета ўқишни четга суриб қўйишди. Баҳона эса тайёр: обуна мажбурий эмас! Иккинчиси, бугун бирор ташкилотга бориб  обуна бўлишни сўрасангиз (аслида буни улар илтимос сифатида қабул қилишади), эртага у ташкилот “эшигини қандай қоқасиз”. Аниғи одамларни ўқишга қизиқтирадиган мавзуни қандай ёзасиз? Ҳеч иккиланмай юзингизга қараб “Газетангизга обуна бўлмаймиз”, — дейиши аниқ.

Шу ўринда савол туғилади: обуна учун одамларда пул йўқми? Аслида, тўй ва бош­­қа маъракалардаги ортиқча харажатларнинг чек-чегараси йўқ. Спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи дўконлар, ресторанлар доимо тирбанд. Ҳисоблаб кўрилганми-йўқми, бир одам ишлаб топганининг неча фоизини маънавиятга, жумладан, газета ва журнал, китоб сотиб олишга сарфлайди?

Яна бир масала, нега истеъмол саватчасига озиқ-овқат қиймати киритилади-ю, маънавий харажатлар киритилмайди?

Газета журналистининг бир томонида муассис, бир томонида обуначи. У ҳар иккисига ҳам қарам…

Учинчидан, газета журналисти ҳам одам. Унинг ҳам ейиши, ичиши, кийиниши, рўзғори бор.

Обунанинг касод бўлаётганидан иқтисодий инқирозга учраётган таҳририятларда ижодий ходимлар қанчадан иш ҳақи олишяпти? Бу иш ҳақи уларнинг ҳозирги бозордаги харажатига қанчалик мос келади? Бу ҳолатдаги одам газетхон кутган қизиқарли мавзуни қаламга олишдан кўра ҳозирги кунини ўтказиш имкониятини ахтариши аниқ! Ўзингиз ўйлаб кўринг, оддий профилактика инспектори имтиёзининг неча фоизи журналистда бор?

Ана шунинг учун ҳам газетачилар икки олов ўртасида. Муассисга ёққан мавзу газетхонга ёқмайди, газетхонга ёққан мавзу муассисга маъқул бўлмайди.

Яна бир масала. Бу журналист кадрларни қайта тайёрлаш масаласи. Мен 1998 йилда яна газета муҳаррири этиб тайинланган эдим. Шу ўтган йилларда бирор марта ҳатто ўз ҳисобимиздан ўқишга таклиф қилишган эмас.

Тепада туриб газеталар одамларни қизиқтирмаётганлиги учун улар обуна бўлишмаяпти, деб айбни газета журналистларига тўнкаётганлар бу ва бошқа муаммолар ечими ҳақида фикр юритсалар жамиятимиз учун фойдали бўларди. Ахир “Бирлашган ўзар” деган ҳикмат бор-ку.

Хўш, муаммони ечиш учун нима қилиш керак? Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтмоқчиманки, аввало, газеталар обуна нархини ҳозиргидан камида  2-3 баробар арзонлаштириш керак. Қандай қилиб дейсизми, газета қоғози билан шуғулланувчилар ва босмахоналарга, таҳририятга, поч­тага имтиёзлар бериш йўли билан. Бош­­қа имкониятлари ҳам бор, албатта.

Иккинчидан, ҳокимликлар нашрининг мансублик даражасини ўзгартирса бўлмайдими?

Ана шунда туман газеталари журналистлари ўзларини анча енгил ҳис қилиб, қаламлари ҳам ўткир, газеталар ҳам ўқи­мишли, обуналар ҳам кўп бўларди.

Газета чиқишларининг долзарблиги, унинг ўқимишлилигини таъминлайди. Бу жуда яхши. Аммо таҳлилий, танқидий ва муаммоли мавзуларнинг оқибатдорлигини таъминлаш ҳам таҳририят зиммасида. Газета чиқишларига кўпинча раҳбарлар ё номига муносабат билдиришади ёки умуман эътибор беришмайди. Бу муаммо қонунчилик йўли билан ҳал этилмаса, бирор натижа бўлиши даргумон.

Сизлар қандай яшаяпсизлар, деган савол туғилиши мумкин.

Мен туман раҳбариятида 50 йилдан буён ишлайман.

Туман партия қўмитасида йўриқчи-­инструктор ва бўлим мудири, “Қизил тонг” (“Қизилтепа тонги”) газетаси муҳаррири, Халқ депутатлари туман кенгаши раиси ўринбосари, 1998 йил 22 мартдан буён яна газета муҳаррири. Мен газетани 2000 йилда почтадан ажратиб олганман. Обунани ўзимиз қиламиз, ўзимиз тарқатамиз, пул тўғридан-тўғри ўзимизнинг ҳисоб рақамимизга тушади.

А-3 форматда 6 саҳифали, ҳафтасига бир марта, ташқи бетлари рангли чиқадиган газетамизнинг ўтган йилги обуна нархи 94000 сўм, бу йилгиси 104000 сўм. Бир донаси 2000 сўм. Газета етти минг нусхада жума куни нашрдан чиқади ва шу куннинг ўзида эгаларига етказилади. Таҳририятнинг ҳеч кимдан қарзи йўқ. Лекин биздан қарздорлар бор.

Таҳририятимизга ҳар куни 15-20 та хат келади. Ўтган пандемия йилида ҳам 2025 та хат олдик. Бу йилнинг олти ойида 1000 га яқин хат олдик.

Хатлар муаллифлари мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларидан 90-100 ёшли кексаларгача, қиш­лоқларнинг оддий одамларидан, фан докторларигача.

Газетанинг ҳар бир сонида 50-60 та катта-кичик долзарб мавзулар турли жанрларда ёритилади. Айниқса, мамлакатимиздаги  ислоҳотлар жараёнини, туманимиздаги янгиликларни тезкор ёритишга ҳаракат қиламиз. Саломатлик, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва ҳуқуқий мавзуларга оид фойдали маслаҳатлар, сондан-сонга ўтувчи мавзулар газетанинг ҳар бир саҳифасини безайди, унинг ўқимишли бўлишига хизмат қилади.

Хуллас, газета унда ишловчи кишиларга эмас, халқнинг ўзига, унинг маънавий салоҳиятини ошириш учун керак. Газеталар таҳририятларида ишлаётган одамлар бесавод, қобилиятсиз кишилар эмас. Улар салоҳиятли, жуда кўп соҳани биладиган, ёзма саводи кучли одамлар. Бу тоифали одамлар ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаётда ўз ўринларини топа оладилар.

Қувонарлиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жамиятимизни эркинлаштириш борасида олиб бораётган сиёсати барча соҳаларда ўз ифодасини топмоқда, ижобий самаралар бермоқда. Ҳеч шубҳа йўқки, босма матбуот, айниқса, газетачиликни янги имкониятлар кутмоқда. Унинг маънавий руҳидан миллионлаб халқимизнинг қалбига зиё кириб, жамиятимизнинг гуллаб-яшнаши, Учинчи Ренессансни бунёд этиш йўлидаги эзгу ҳаракатлар тараққиёти тезлашади.

Раҳим МАҚСУДОВ,

“Қизилтепа тонги” газетаси бош муҳаррири,

Халқаро “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори

Манба: «HURRIYAT» газетаси 30-сон