ЎТКИР РАҲМАТ САБОҚЛАРИ

1999 йилнинг май ойи. Ишхонада эдим. Телефон жиринглади. Гўшакни кўтардим. Таниш, гулдираган овоз:

— Ортиқ Номоз қалайсиз?

Бу Намангандан, шоир Ҳабиб Саъдулла эди. Ҳол-аҳвол сўрашган бўлдик.

— Сиз Ўткир Раҳматга қўнғироқ қилинг, — деди кутилмаганда Ҳабиб ака.

Ғалати бўлиб кетдим.

— Бу… Президентнинг давлат маслаҳатчиси Ўткир Раҳматми? — Юрагим тошиб сўрадим. Ҳабиб ака айтган одамни бир-икки бор телевизорда, катта анжуманларда кўрганимни эслаб.

— Ўша киши. Бироқ… “Қишлоқ ҳаёти” газетасини ўқимайсиз, чоғи? Ўткиржон яқинда шу газетага бош муҳаррир бўлиб ўтган. Сизни сўраяпти…

— Тинчлик эканми?

— Хабарим йўқ. Шу йигитни топишга ёрдам берсангиз, менга қўнғироқ қилсин, деди. Телефон рақамини ёзволинг!..

Гўшакни қўйиб бир зум ўйланиб қолдим. Ўткир Раҳматдай арбобни менда қандай иши бўлиши мумкин? Шу ўй билан ёзиб олганим рақамга сим қоқдим.

— Ҳа, лаббай! — деган ўктам овоз эшитилди гўшакдан. Ўзимни таништирдим.

— Э, Ортиқалижон! Тинч-омонмисиз? — Эски таниш­лардек ҳол-аҳвол сўради Ўткир ака. — Бир ҳафтадан бери сизни излайман. Ҳайрият, Ҳабиб ака бор эканлар. Хуллас, гап бундай, укажон. Мен сизни кутяпман. Тез йўлга чиқинг!

Бу чорловдан кейин нима деяримни билмай қолдим. Ўша кунлари газетамиз муҳаррири ишдан бўшаб, ўрнига вақтинчалик ишлаб тургандим. Бир ёққа чиқишнинг имкони йўқ. Ўткир ака бўлса… худди юқори қаватдан пастга тушинг, дегандек чақиряпти. Нима десам?..

— Майлику-я, лекин… — шундай деб вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Эрта ўтиб индинга газета чиқаришимиз кераклигини ҳам қистириб ўтдим.

— Газетани бир кун олдинга суриб бўлса ҳам, бугун-эрта келиб кетсангиз яхши бўларди…

… Тошкентдаман. Бош муҳаррир қабулхонасида у кишини кутиб ўтирибман. Ҳадемай йўлак томондан қадам товушлари эшитилди. Ва хонага ўрта бўйлидан хиёл тикроқ, оқ мағиз чеҳрали, юзларидан нур ёғилиб турган киши кириб келди. Менга кўзи тушиши билан:

— Ассалому алайкум! Э, Ортиқали! Яхши келдингизми? – дея чиройли кулиб қўл узатди.

Танидим. Мени минг йиллик танишидай, исмимни айтиб, дилдорлик кўрсатаётган бу одам таниқли шоир, “Қишлоқ ҳаёти”нинг янги бош муҳаррири Ўткир Раҳмат эди.

— Кутиб қолмадингизми? — деди у самимият билан. — Қани, марҳамат!

Изма-из ичкариладик. Ўткир ака тўрдаги жойига эмас, катта стол қаршисидаги бир-бирига рубарў қўйилган стулларнинг бирига мени ўтиришга таклиф қилди. Ўзига бағоят ярашган, майин табассум билан ҳол-аҳвол сўради.

— Аввалги иш жойимда водийга куратор бўлганман, — деди у.

— Бир оёғим Тошкентда бўлса, биттаси Намангандайди. Сизни яхши биламан. Мақолаларингизни ўқиганман. Хуллас, гап бундай укажон…

Ўткир Раҳмат шу кўйи “Қишлоқ ҳаёти” адади сўнгги йилларда кескин тушиб кетганлиги, газетада ёритилаётган мақолаларнинг савияси ҳам ҳаминқадар эканлигини айтиб, бу республика раҳбариятини, газетхонларни қониқтирмаётганлигини, шу боисдан ҳам газетани оёққа турғизиш учун ўзини шу лавозимга тайинлашганини айтиб ўтди.

— Мамлакатимиз аҳолисининг 65 фоизи қиш­лоқда яшаса-ю, унинг яккаю ягона газетаси бор-йўғи уч минг нусхада чоп этилса, деҳқон-у чорвадор қўлига етиб бормаса, албатта, бу кўпчиликни қониқтирмаслиги табиий, — деди Ўткир ака. — Газетани, унинг савиясини кўтаришимиз керак.

Ҳукуматимизнинг қишлоқ ва унинг тараққиёти билан боғлиқ сиёсатини кенг тарғиб қилишимиз, қишлоқ одамлари ҳаётини, уларнинг орзу-армонларини содда, ўқимишли тилда ёритишимиз, кўпчиликни ўйлантираётган катта-катта мавзуларга қўл уришимиз керак. Раҳбарият ҳам, газетхонлар ҳам биздан шуни кутяпти. Шунинг учун ҳам таҳририятга вилоятларда яшаб ижод қилаётган истеъдодли журналистларни жалб қиляпмиз. Сизни таклиф қилишдан мақсадимиз ҳам шу. Наманган вилоятига мухбир бўлсангиз, биргаликда ишлаб, газетани исми-жисмига мос, ўзига хос газетага айлантирсак…

Бу кутилмаган таклиф мени ҳам хурсанд қилган, ҳам ўйлантириб қўйганди. Хурсанд бўлганим, ўзи қачондир республика газеталарининг бирига мухбир бўлишни, эл кезиб, юрт кезиб, турфа одамлар билан учрашиб, кўрган-билганларимни яйраб-яйраб ёзишни орзу қилганим бўлса, ўйланиб қолганим, туман газетаси муҳаррирлигига номзодим борлиги… дилим қатидаги яна бир иштебоҳ ҳам бор эдики, бу – ёшим ҳам элликка бораётгани, бу масъулият ва ишончни оқлай олармиканман, деган андиша…

Кўпни кўрган Ўткир ака дилимдан ўтганларни сезиб, ҳис этиб турган экан.

— Келинг, Ортиқали! Ҳамкорликда ишлайлик, — деди у хаёлимдагиларни уққандек. — Мен сизга ишонаман!

Бош муҳаррирнинг ана шу бир оғиз гапи, ишончи менга қанот бўлди.

Ҳар қандай одамни бир оғиз сўзи билан сеҳрлаб, қалбига ўт қалаб яхши ишларга йўллайдиган назаркарда инсонлар бўлади. Ўткир ака ана шундай инсонлар сирасидан экан. Буни мен бу меҳри- дарё инсон билан “Қишлоқ ҳаёти”да бирга ишлаш жараёнида ҳис этганман, кўриб-кузатганман. Бош муҳарриримизнинг топшириғи билан нафақат Наманганни, балки Фарғона водийси қишлоқларини қадамба-қадам кезиб, не-не ажойиб одамлар билан суҳбат қурганман, не-не тақдирларга дуч келганман.

Энг яхши мақолаларим, газетхонлар эътироф этган очерк ва лавҳаларим бош муҳарриримиз топшириғи, бевосита йўл-йўриқлари билан ёруғлик кўрган.

— Вилоят мухбири газетанинг ўша вилоятдаги мухтор вакили, ҳукумат сиёсатининг фаол тарғиботчиси, эл-юрт жонкуяри, — деб уқтирарди Ўткир ака. — Жойларда бўлганингизда биринчи навбатда, ҳар доим, ҳар он зиммангиздаги ана шу масъулиятни ҳис этиб туринг. Шунга муносиб бўлинг. Энг аввало, оддий одамлар манфаати диққат-эътиборингизда турсин!

Масъулият ҳиссини ҳар нарсадан устун қўядиган, табиатан жонсарак, фидойи инсон, нозик дидли ижодкор Ўткир Раҳмат етакчилигида “Қишлоқ ҳаёти” газетаси, таъбир жоиз бўлса, қайтадан туғилди. “Гурунг”, “Қишлоқда дув-дув гап”, “Буни ҳаёт дейдилар”, “Ҳангома”, “Бешинчи қаватда беш дақиқа суҳбат” каби жуда кўплаб ўзига хос рукнлар билан бо­йиди, ҳақиқий оммабоп, ҳаммабоп газетага айланди. Адади уч минг нусхага тушиб қолган газета ва унинг “Ҳаёт” деб номланган иловаси 30-35 минг нусхада босилди. Одамлар қўлма-қўл, қидириб ўқийдиган республикамизнинг энг нуфузли, етакчи нашрларидан бирига айланди.

Шу ерда икки оғиз “Ҳаёт” ҳақида. “Қишлоқ ҳаёти” кўпроқ қишлоқ турмушини, фермерлар ҳаётини, ишлаб чиқаришни ёритишга ихтисослашгани туфайли ҳам бу газетада жамоамизда қалам тебратаётган ижодкорларнинг, қолаверса, республикамиздаги шоир ва адибларнинг асарларини бериб боришга имкониятимиз чекланган эди. Ваҳоланки, газета адади ошиб, материаллар ранг-баранг ва ўқимишли бўлиб қолгач, жуда кўплаб ижодкорлар ўз асарларини таҳририятимизга тақдим этишаётган эди. Буни юракдан ҳис этган раҳбаримиз “Ҳаёт” деб номланган илова-ҳафталик ташкил этишга, бу газетада қамрови кенгроқ, ижтимоий-бадиий материалларни беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди ва бунинг уддасидан чиқди ҳам. Орадан ҳеч қанча ўтмай “Ҳаёт” — одамлар кутиб ўқийдиган, энг қизиқарли ва сермазмун нашрлардан бирига айланди. Бу газета билан Абдулла Орипов, Пиримқул Қодиров, Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид, Саъдулла Сиёев, Матназар Абдулҳаким, Шодмонбек Отабоев каби таниқли шоир ва адибларимиз ҳамкорлик қила бош­ладилар.

Устоз раҳбарлигида том маънодаги “Қишлоқ ҳаёти” мактаби шаклланди. Бош муҳарриримиз ижодида “йилт” этган бир нарсаси бор қаламкаш борки, таҳририятга тортиш пайида бўларди.

Ўткир ака таҳририятга чорлаган, ишлашига, ижод қилишига имкон яратиб берган Ғафур Шермуҳаммад, Шавкат Ортиқов, Мақсуд Жонихонов, Тоҳир Ҳабилов, Саид Раҳмонов каби кўплаб иқтидорли қалам эгаларини бугунги кунда республикамиз аҳли яхши билади.

Ўткир ака — яхшилик учун туғилган инсон. Ҳаммага — каттаю кичикка яхшилик соғиниб яшайди. Яхшилик қилсам дейди. Меҳр-оқибатни ҳар нарсадан устун қўяди.

— Шавкат Раҳмон деган миллатимизнинг забардаст шоири оғир дардга чалиниб, ёстиқдан бош кўтаролмай ётганида жуда кўплаб ижодкорлар, дўст-биродарлари унинг Дўрмондаги дала-ҳовлисига келиб-кетиб туришди, — деб эслайди ёзувчи Набижон Боқий. — Ана шуларнинг орасида Ўткир аканинг меҳр-оқибатига, айниқса, қойил қолганман. Ўткир ака ўшанда жиддий ва масъул лавозимда ишлашига, вақти ғоят тиғизлигига қарамай, ҳар ҳафтанинг маълум кунида, ё эрта, ё кеч Шавкат Раҳмоннинг ҳолидан хабар олишга, бемор қошида ўтириб ундан ҳол-аҳвол сўрашга фурсат топарди. Нима еб, нима ичяпти, дори-дармонлар етарлими, нима камчилик бор, билиб олгиси келарди. Қайтаётганида, кўздан нарида турган хизмат машинаси юкхонасидан турли егуликлар, мева-чевалар, ноёб дорилар солинган қутини аста олиб менга тутқазаркан, ҳеч кимга сездирмасликни, ким олиб келганини ҳам қаттиқ сир тутиш­ликни тайинларди.

Устознинг бу ажойиб хислатига бирга ишлаш жараёнида ўзим ҳам жуда кўп бор шоҳид бўлганман. Бош муҳарриримиз астойдил ишлайдиган, яхши ижодкор, яхши мутахассисни бошига кўтаришга ҳам тайёр эди. Бундайин инсонларни ҳар доим қўллаб-қувватлаш, сийлаб-рағбатлантириш, ҳукумат мукофотларига тавсия этиш пайида бўларди.

“Қишлоқ ҳаёти”да Маҳмуд Жўраев деган график рассом ишларди. Ўта камсуқум, содда, хокисор одам эди раҳматли. Бунинг устига оиласи ҳам катта, қийналиброқ ҳаёт кечириши юриш-туришидан сезилиб турарди. Бир умр таҳририятларда ишлаган бетаъма бу инсон нафақа ёшида бўлишига, бетоблигига қарамай таҳририятга эл қатори келиб кетар, ўз ишини сидқидилдан бажарарди.

Кунларнинг бирида Ўткир ака шу Маҳмуд акани ҳузурига чорлади. Кекса рассом кириб келиши билан ўрнидан туриб кутволиб, бир пиёла қайноқ чой тутди. Ҳол-аҳвол сўради. Уй-ичларини суриштирди.

— Чарчамаяпсизми, саломатлигингиз яхшими? — дея дилдорлик кўрсатди. Кейин сўраб қолди:

— Иш фаолиятингизга қанча бўлди, устоз?

— Қирқ йилдан ошдиёв… — деди Маҳмуд ака.

— Қандай мукофотларингиз бор? — яна сўради Ўткир ака.

— Бор… аввалги муҳарриримиз Исмоил ака бир гал фахрий ёрлиқ берганлар…

— Яхши, — деди раҳбаримиз. — Энг муҳими саломатлик. Саломатлигингизни асранг. Камчилик бўлса тортинмасдан айтинг. Ҳар доим ёрдамга тайёрмиз.

— Қуллуқ! — деди бош муҳаррирнинг ўзига бу қадар меҳрибонлигидан мутаассир бўлган кекса рассом.

Икки орадаги бу суҳбат баҳорда бўлиб ўтган бўлса, август ойининг охирларида, Мустақиллик байрами арафасида Президентимизнинг бир гуруҳ фидойи замондошларимизни ҳукумат мукофотлари билан тақдирлаш ҳақидаги фармони матбуотда эълон қилинди. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланганлар сафида “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг безакчи рассоми Маҳмуд Жўраев ҳам бор эди…

Мен Маҳмуд акани фармон чиққан куни газетага кўз ёшлари томиб, йиғлаб ўтирган ҳолда учратганман…

Ўткир ака вилоятларда яшаб ижод қилаётган иқтидорли ижодкорларни ҳам ҳар доим кўзи қароғида тутарди. Газетамизда “Истеъдодлар бормисиз, омонмисиз?” деган махсус рукнимиз ҳам бўлиб, шу рукн остида вилоятларнинг олис-олис қишлоқ-овулларида яшаб ижод қилаётган фавқулодда иқтидор эгалари ҳақида мунтазам мақолалар бериб борардик.

2000 йилнинг авжи ёзи эди. Меҳнат таътилида – Чимён сиҳатгоҳида дам олаётган эдим. Сиҳатгоҳ раҳбарларидан бири тушга яқин мени топиб, “Тошкентга, Ўткир акага телефон қиларкансиз” деб қолди. Телефон қилдим. “Э, Ортиқалижон, саломатмисиз? Яхши дам оляпсизми” деган бош муҳарриримизнинг одатий юракка яқин овози эшитилди. “Раҳмат”, дедим. “Узр дўстим, сиз дам олаётган ўша Чим­ён қишлоғида икки қўли йўқ бир бола бор экан. Шу ҳолига рассом экан, оёқ бармоқлари билан ажабтовур суратлар ишларкан. Бир вақт топиб ўтиб, учрашиб бирор нарса ёзиб юборсангиз яхши бўларди…” “Хўп” дедим. Ногирон рассом бола яшайдиган хонадонни сўраб-суриштириб, топиб, у ҳақида мақола ёзиб жўнатиб юбордим. Мақола газетанинг навбатдаги сонида босилиб чиқди…

Одатда таҳририятга ҳаммадан эрта келиб, ҳаммадан кеч қайтадиган, тун-у кун ишга кўмилиб ўтирадиган раҳбаримиз кутилмаганда Хоразмга отланиб қолди. Бу ошиғич сафар сабаби билан қизиқсак:

— Матназар касал, — деди безовта ҳолда. — Бориб кўрмасам бўлмайди…

Кейин масъул котибни чақириб тайинлади:

— Кутубхонадан Матназар Абдулҳакимнинг китобини топинглар. Энг сара шеърларидан бир туркумини шу сонга беринглар. Хурсанд бўлади…

Бош муҳарриримиз Хоразмда икки-уч кун қолиб кетди. Кейин ўша ерлик мухбиримиз Холмурод (Қурбонов)дан эшитдим. Матназар оддий касалхоналардан бирида, умумий палатада ана кетди-мана кетди бўлиб ётган экан. Буни кўрган устоз тўғри вилоят ҳокимлигига чиқиб борибди. Мутасаддилар билан гаплашиб, шу куниёқ шоирни нуфузли клиникалардан бирига ўтказдирибди. Унинг ўзига сездирмасдан аёлига бир даста пул тутқазибди. Хижолат қилмаслик учун “эрингизнинг чиққан шеърлари учун қалам ҳақи” депти. Даволовчи шифокорга учрашиб, Матназарнинг аҳволидан кун-тун хабардор қилиб туришини илтимос қилибди. Телефон рақамини ёзиб қолдирибди.

— Бунақа инсон, бунақа шоир дунёга юз йилда бир келади, — депти. — Уни асраб қолишимиз керак!

Раҳбаримиз Урганчдан қайтди. Бир ҳафта-ўн кун хаёллари тўзғин, паришон юрди. Ўша кунлари ўзи Тошкентда бўлса ҳам хаёли Хоразмда эди…

Атоқли адабиётшунос Озод Шарофиддиновни қанд касали қийнарди. Охири бўлмади. Олимнинг олдин ўнг, сўнг чап оёғини кесишга тўғри келди. Ўша кунлари Ўткир аканинг бир қадами шифохонада эди. Орадан ҳеч қанча ўтмай газетамизда Озод аканинг бутунлай янгича руҳдаги, ширали тилда ёзилган очерк ва эсселари бирин-кетин эълон қилина бошлади.

Муҳарриримиз олимнинг юрагига чўғ ташлаб, уни руҳлантириб, қўлига қалам тутишга ундагани натижаси эди бу.

Кейинроқ Озод домланинг ўзи:

— Ўткиржон бўлмаганида бу нарсаларни қоғозга тушириш хаёлимда ҳам йўқ эди, — дея эътироф этганди.

… “Қишлоқ ҳаёти”да иш бошлаганимга эндигина ярим йил ўтган. 1999 йил декабри аввали. Ўткир ака телефон қилиб:

— 10 декабрь қанақа кун эканини биласизми? — дея сўраб қолди.

Ёпирай! Кечагина иш бошлаган, ҳали ўзини кўрсатиб ҳам улгурмаган оддий бир мухбирга эътиборни кўринг-да! Ахир, бу кун менинг туғилган куним-ку!

— Ўша куни ош қилиб бераман, — дедим нима деяримни билмай.

— Ошни сизга мана биз қилиб берамиз, — деди Ўткир ака. — Шу куни сизни таҳририятда кутамиз.

Бордим. Бош муҳаррир хонасида жамоат жам эди. Вилоят мухбирларигача чақирилганди. Ўткир ака менинг ҳақимда кўп илиқ-иссиқ фикрлар айтиб, “жонингиз омон бўлсин” дея эгнимга тўн кийдирди, “белингиз бақувват бўлсин”, – деб белимга белбоғ боғлади. Яна сўнгги русумдаги диктафон ҳамда рассомимиз Маҳмуд Жўраев чизган портретимни совға қилди… Орадан ҳеч қанча ўтмай “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирландим…

… Инсоннинг бошида не қисмат, не кўргиликлар бор, Яратганнинг ўзигагина аён. Бу дунёи дун деганлари бошдан-оёқ сиру синоатдан иборат.

Бошимга оғир синовли кунлар тушди…

Отам вафот этди…

Эндигина ўттиз бешга кирган тоғдек ўғлимдан айрилиб қолдим.

Кейин неварам…

Ўша кунлари ҳам устоз ёнимда эди.

Дарду дунёим қоронғи бўлиб, ич-ичимдан йиғлардим.

Аммо… Кифтларимда Ўткир аканинг, бу меҳри оламжаҳон инсоннинг қўллари тафтини ҳис этиб турардим.

Бу тафт мени чўкмасликка, чекинмасликка, яна олға юришга, яшашга ундарди…

Тонг билан таҳририятга келиб, шуларни эслаб, қоғозга туширдим. Чунки соҳа фидойиларини, асл ижодкорларни, устозларимизни эслаш, доим йўқлаб туриш, улардан ўрнак олиш биз, шогирдлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Уларнинг ёнимиздалиги, қалбимиздалиги, дуолари руҳимизни кўтаради, кучимизга куч қўшади…

Тўғри, юқоридаги воқеаларга анча бўлди… Анча йиллардан буён устоз Ўткир Раҳмат мамлакатимиздаги етакчи нашрлардан бири, Парламентимизнинг бош минбари — “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари Бош муҳаррири вазифасида фао­лият юритмоқда.

Менинг эса дилимда шу калом:

Борлигингизнинг ўзи бахт, меҳрибон устоз!

Ортиқали НОМОЗОВ

Манба: «HURRIYAT» газетаси 29-сон