Гулистон  давлат университетида – “Қабул- 2021” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Гулистон давлат университетида матбуот анжумани   ўтказилди.

Унда университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Тоджиевич Ходжиев тадбир иштирокчиларига университет ҳаёти, бу йилги қабул  қонун ва қоидалари тўғрисида батафсил маълумот берди.

Гулистон давлат университети 1965 йилда илк марта иш бошлаган Сирдарё давлат педагогика институти (СДПИ) замирида ташкил этилган. Кўп миллатли кўҳна Мирзачўл ҳудудида ўзбек, қозоқ, рус, тожик мактаблари мавжуд бўлиб, уларда педагоглар, фан мутахассислари етишмаслиги  вилоятда олий таълим муассасасининг ташкил этилишига асос бўлган. Университетда айни пайта 8 та факультетда  13440 нафар талабалар  (бакалавриат) , – 397 нафар (магистратура)да  таҳсил олмоқда.

Ўқув масканида 450 нафар ўқитувчи, 117 нафар фан номзоди, PhD ва доцентлар, 34 нафар фан доктори ва профессорлар фаолият юритмоқда.

2021 йил 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-5157-сон Қарори қабул қилинди. Ушбу Қарорга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилда 22 июндан 22 июлгача тўлиқ масофавий, яъни онлайн шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади.

Шунингдек,  университет  ректори       бу йилги қабул параметрлари, яъни квоталар, ижодий (касбий) имтиҳонлар ҳақида, магистратура бўйича қабул жараёнларига оид, бу йилги тест жараёнларига тадбиқ этилаётган, спорт мусобақаси ғолиблари учун жорий этилаётган янгиликлар, талабалар ўқишини кўчириш борасида ҳам  тўлиқ  маълумотлар  берди.

Яна бир катта янгилик: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6110-сон Фармонига асосан 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Гулистон давлат университетида тиббиёт факультети ташкил қилинди. Бу йилдан бошлаб Даволаш иши таълим йўналишига 25 нафар ва Педиатрия иши таълим йўналишига 25 нафар абитуриент қабул қилинади.

Йиғилганлар бу борадаги ўзларини қизиқтирган кўпгина саволларга  ҳам    батафсил  жавоблар олдилар.

 

 

 

                

 .