ОЛАМ УЗРА НОМИ КЕТГАН ЎЗБЕКИСТОН, ЎЗБЕГИМ

Франциянинг қишлоғида ҳам Самарқандни билишади

Париж — Лион поездида тўрт соатлар юргач, Доль деган шаҳарчада тўхтадик. Доль Франциядаги тарихий қалъалардан бири экан. Вокзал перронида бизни асли ҳабашистонлик бўлган қора танли ҳайдовчи кутиб олди. Дастур бўйича тоғдаги гидроэлектростанцияни бориб кўришимиз керак эди. Саккиз кишилик автомобиль тоғ йўлидан юқорига интилади. Атроф, йўлнинг икки чети кўм-кўк ўрмон. Узоқда тепаликлар ястаниб ётибди. Телевизорда “Тур де Франс” велопойгасини кўрганимда Франция табиатининг ранг-баранглигига, тоғлардаги йўллар сифатига, атрофдаги манзарага қойил қолган эдим. Биз бугун шу йўллардан кетиб борардик. Бироз юрганимиздан сўнг рус таржимонимиз бизни ҳайдовчига таништирди: — Меҳмонлар Марказий Осиё мамлакатларидан келган журналистлар. Мана бу иккитаси қирғизистонлик, бу иккитаси тожикистонлик, мана бу иккитаси ўзбекистонлик.

“Ўзбекистон” сўзини эшитганда ҳайдовчи машина тезлигини бироз пасайтириб, бир сония ортига — биз томон ўгирилди ва “Самарқанд”, деди. Кутилмаганда айтилган бу сўздан ҳаяжонланиб кетдик. Бизнинг тарихий шаҳарларимизни, хусусан, Самарқандни дунёнинг жуда кўп ўлкаларида билишади. Лекин Франциянинг чекка бир қишлоғида ҳам бу сўзни эшитиш жуда ёқимли ва фахрли эди.

— Ҳа, Самарқанд, Самарқанд, — дея унинг сўзини такрорладик шеригим, иқтидорли журналист Собиржон Ёқубов иккимиз. Ҳайдовчи француз тилида яна нималардир деди. Таржимон бизга унинг гапларини таржима қилди. У Самарқандга боришни, бу шаҳарни кўришни орзу қиларкан. Келгусида, албатта, бу тарихий кентга бораман, дебди.

Шундай пайтларда қалбингни қандайдир қувонч, фахрланиш ҳисси эгаллайди. Мен истиқомат қиладиган мамлакатдаги тарихий шаҳарни Франциянинг тоғдаги бир қишлоғида яшовчи ҳайдовчи ҳам билади, биладигина эмас, ҳатто кўриш истагида юрибди, вақт топса, албатта, боради, деган ўй қалбингда ғурур ҳиссини уйғотади. Биз Францияга, Парижга боришни, Эйфель минорасига чиқишни, Лувр музейидаги ноёб асарларни, хусусан, “Мона Лиза”ни кўришни ният этганимиз каби улар ҳам Самарқандга, Тошкентга, Бухорога, умуман, Ўзбекистонга келиш, ўлкамизни кўриш, тарихи узоқ мозийга бориб тақалувчи ўзбеклар билан ҳамсуҳбат бўлишга орзуманд. Самарқанддаги Амир Темур мақбараси, Регистон, Бухородаги Минораи Калон, Арк, Сомонийлар мақбараси, Шаҳрисабздаги Оқ сарой, очиқ осмон остидаги музей ҳисобланмиш Хива шаҳрини кўришни, бу обидалар тарихини ўрганишни, ёнида суратга тушишни истайди. Бу туйғу, истайсизми-йўқми, барибир сизни қувонтиради, ғурурлантиради.

Ўша куни кечгача тоғдаги қишлоқда бўлдик. Салкам икки минг метр баландликда икки дарё учрашган жойда қурилган электростанция фаолияти билан танишдик. Кечқурун Доль қалъасига қайтиб келгач, ҳайдовчи вокзалда бизни кузатар экан, бошқаларга қараганда Собиржон иккимиз билан қуюқроқ хайрлашди, назаримда. Ўзбекистонга, Самарқандга бориш, бу шаҳарни кўриш орзусини, албатта, амалга оширишини таъкидлади. Бу пайтда ёнимиздаги шерикларимиз бизга ҳавас билан қараётганини сезиб турдик. Бизнинг қалбимизни эса фахр-ифтихор эгаллаганди.

Элдор италияликлар қалбини забт этмоқда

Италияда Генуя деган шаҳар бор. Бу шаҳарнинг “Женоа” футбол жамоаси мамлакат чемпионатининг “А” сериясида иштирок этади. “А” серия дегани — энг юқори лига. Жамоанинг аҳволи мақтагулик эмас, чемпионатни 11 ўрин билан якунлади. Жамоа ҳам ўртача. Лекин биз, ўзбекистонликлар, барибир “Женоа”га ишқибозлик қилдик, баъзан зарур ишларимизни ташлаб бўлса-да, бу жамоанинг ўйинларини кузатдик. Мамлакатимиз телеканаллари баъзан Европанинг машҳур клублари ўртасидаги учрашувни эмас, балки “Женоа” иштирокидаги матчларни трансляция қилди.

Хўш, нима учун? Чунки бу жамоада ўзбек футболчиси Элдор Шомуродов ўйнайди. У ўзбек футболчилари ичида биринчи бўлиб расмий равишда Европа клубига ўтди. Бугун бу жамоанинг етакчиларидан бирига айланяпти. Ҳар ўйинда ундан гол кутдик. Учрашувни шарҳлаётган хорижлик шарҳловчилар Элдор ҳақида илиқ фикр билдирса, бу гап акамиз ёки укамиз ҳақида айтилаётгандек қувондик. Буларнинг тагида битта ҳақиқат ётибди: Элдор Европа ва жаҳон футболида ўз ўрнига эга бўлган мамлакат — Италияда Ўзбекистоннинг, ўзбек миллатнинг вакили сифатида иштирок этяпти. Элдор ҳақида айтилган ҳар бир мақтов, эътироф ўзбек миллати, ўзбек футболига айтилган мақтов, эътироф. Ишончим комилки, генуялик, италиялик, ҳатто европалик кўплаб футбол ишқибозлари Элдор Шомуродов туфайли Ўзбекистонни танияпти, дунёда шундай мамлакат борлигини, у ерда ҳам зўр футболчилар етишиб чиқаётганини биляпти, ўз кўзлари билан кўряпти.

Йил бошида россиялик таниқли инсайдер ва шарҳловчи Нобель Арустамян Элдор билан суҳбатда унга бундай савол беради:

— Бу ерда Ўзбекистон ҳақида сўрашадими?

— Ҳа, жамоадаги йигитлар ҳам сўраб туришади. Италияда кўпроқ Самарқанд, Бухорони билишади. Ўзбекистон ҳақида гапира бошласам, дарҳол “О-о-о, Самарқанд, Бухоро”, дея гапириб кетишади. Кўпчилик мамлакатимиз ҳақида маълумотга эга”, — деди Элдор Шомуродов.

Кўриниб турибдики, Италияда ҳам Ўзбекистонни, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларимизни яхши билишади. Бундан қувонмай, фахрланмай бўладими?

Ўзбеклар теккеси

Туркиянинг Истанбул шаҳри марказида, денгиз ёқасидаги “Мармара” меҳмонхонаси фойесида гид ва таржимонимиз Шафоат Эждер эрталаб кунлик дастур билан бизни таништирар экан, дастлаб шаҳарнинг Осиё қисмида жойлашган “ўзбеклар теккеси”га боришимизни айтганда, ҳамма бирдан биз — ўзбекистонликларга қаради. Ахир гап ўзбеклар ҳақида кетяпти. Айримларнинг хаёлига шу ерда ҳам ўзбекларга боғлиқ тарихий обида бор экан-да, деган фикр келган бўлиши мумкин.

Гуруҳимизда Эрон, Индонезия, Қозоғистон, Қирғизистон, Германия, Польша, Черногория, Босния ва Герцеговина каби ўнга яқин мамлакатдан келган журналистлар бор эди. Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш лозим — барча мамлакатлардан келган блогер ва мухбирлар сони иккиучта, ўзбекистонликлар эса ўнта эдик. Турклар Марказий Осиёни, кўпроқ Ўзбекистонни ота юрт сифатида тан олади. Бизга ҳамроҳлик қилган таржимонимизнинг айтишича, туркиялик айрим фуқаролар ота юртимиз деб Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа қадим шаҳарларимиздаги тарихий обидалар расмини уйлари деворларига осиб қўйишар экан.

Хуллас, икки автобусга ўтириб, ўзбеклар теккеси томон йўлга тушдик. “Текке” сўзи турлича талқин қилинсада, кўпроқ мусофирхона мазмунини беради. Текке шаҳарнинг Ускудар туманида жойлашган экан. Уч қаватли, қизғиш рангли бино ичкарисида бизни теккенинг бугунги раҳбари кутиб олди. Унинг таъкидлашича, бир вақтлар Яқин Шарқдаги кўплаб шаҳарларда ўзбеклар теккеси бўлган. Бу мусофирхоналарда ҳажга бораётган ва ҳаждан қайтаётган, шунингдек, савдо иши билан шу ўлкаларга келган туркистонликлар вақтинча яшаган.

Ушбу теккенинг қурилиш тарихи ҳам қизиқ. 1752 йили турк султони Маҳмуд I ов қилиб юрганида узоқда, баланд ялангликда чодирларни кўриб қолади ва аскарлари билан бу ерга келади. Суриштириб билса, чодирларда ҳаж сафарига отланган бўлажак ҳожилар вақтинча яшаб турган экан. Султон меҳмонлар билан суҳбатлашади, улар бухоролик эканини билгач, катта ҳурмат кўрсатади. Кейинчалик Маҳмуд I буйруғи билан шу ерда ҳажга отланган, Туркистоннинг Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Хўжанд, Андижон ва бошқа шаҳарларидан келган мусофирлар тўхтаб дам олиши, ибодат қилиши учун барча шароитларга эга бўлган текке қурилади. Мазкур макон XIX асрда Султон Aбдулмажид томонидан қайта тикланиб, таъмирланиб, катта бир уйга айлантирилади. Иброҳим Адҳам Ускударда шайх бўлган йилларда эса бу макон ўша даврнинг етакчи олимлари, шоирлари ва мусаввирларининг севимли масканига айланади. Бу ерда адабиёт, санъат ҳақида қизғин суҳбатлар бўлади.

Бугун теккеда тадқиқот маркази жойлашган. Мажмуада меҳмонлар учун хоналар, масжид, кутубхона, ошхона бор. Бинонинг орқа томони дан шу ерда вафот этган туркистонликларнинг қабристони ўрин олган. Хусусан, Файзулла Хўжаевнинг амакиваччаси Усмонхўжа бобо ва унинг турмуш ўртоғи Фотимахон ая ҳам шу ерга дафн этилган.

Ўзга юртда ўз юртинг, миллатинг номи билан аталадиган жой борлиги, уни дунёнинг кўплаб давлатларидан келган сайёҳлар билан бирга бориб кўриш жуда ёқимли. Текке раҳбари бизга гапира туриб, ҳар гал “ўзбеклар теккеси” деганда, шерикларимиз бизларга қарайди. Бизнинг эса бошимиз осмонда. Тарихимиз буюк халқмиз биз — ўзбеклар. Шуни ҳеч қачон унутмаслигимиз, шунга муносиб бўлишимиз лозим.

Унутма, ҳар бир қўл телефонида мусулмон ўзбек бор

Милодий 827 йил. Илми нужум ва риёзиёт оламининг етакчи олимлари Ироқ шимоли ғарбида тадқиқот билан банд. Уларга ўзбек олими Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий етакчилик қилмоқда. Улар янги ва буюк ислом тамаддунининг юраги бўлмиш Бағдодда илмий иш олиб боради.

Ал-Хоразмийни ўз даврининг йирик илмий жумбоқлари кўп ўйлантирган. Улардан бири заминнинг белбоғини ўлчаш эди. Бағдод халифаси Ал-Маъмуннинг шахсан ўзи исломий халифалик харитасини аниқлаш учун Хоразмий билимига таянган.

Милодий IX асрда мусулмон аҳолиси 30 миллиондан ошарди. Халифалик сарҳадлари шарқда ҳозирги Покистондан ғарбда Испаниягача чўзилиб кетган эди. Билимга ташна, қизиқувчан ва шижоатли ислом динининг даври бошланганди. Мусулмонлар қадимий қўлёзма ва кашфиётларни қўлга олиб, уларни ўқиб, ўрганарди. Бу исломнинг олтин асри эди.

Ал-Хоразмий қуёшнинг ерга нисбатан жойлашуви бир градусга ўзгаргунга қадар бўлган жараённи ўрганиши лозим эди. Қуёшнинг жойлашув бурчаги ўзгаргунга қадар Ал-Хоразмийнинг ёрдамчилари олтмиш ярим мил масофани босиб ўтади. Шу асно АлХоразмий оддий чўп ва мис асбоблар билан ҳисоб-китоб қилади ҳамда замин белбоғи 23 минг 200 мил деган хулосага келади. Бу эса бугун буткул исботланган аниқ ҳисоб-китобларга жуда-жуда яқин.

Ал-Хоразмийнинг асл мутахассислиги алгоритмлар эди. Аслида бу сўз Хоразмий исмининг ғарбликлар тилида бузиб талаффуз қилинган ифодасидир. Ҳар вақт қўлингизга мобиль телефонингизни олганингизда, унутманг, эсда тутинг, унинг ичида мусулмон ўзбек отахони бор. У Ал-Хоразмий.

* * *

Юқоридагилар дунёга машҳур Биби-си корпорацияси томонидан ишланган буюк бобомиз Ал-Хоразмий ҳақидаги фильмнинг сўзма-сўз матни. Менимча, унга ниманидир қўшиш ортиқча.

Қайга борсам бошда дўппим…

Аҳрор Шарипов деган яқин танишим бор. Олий тоифали врач, узоқ йиллар пойтахтимиздаги турли шифохона ва поликлиникаларда ишлаган. Ҳозир пенсионер. Аканинг турмуш ўртоғи АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида яшайди. Аҳрор ака ҳам икки марта бориб, беш-олти ой бу улкан шаҳарда яшаб келди. — Америкага ҳеч ўргана олмадим, — дейди у. — Кўпи билан икки-уч ҳафта чидайман. Кейин зерика бошлайман. Юртни, дўстларни, қариндошларни соғинаман. Турмуш ўртоғим, қизим шу ерда бўлгани учун баъзан чидашимга тўғри келади. Лекин барибир зерикарли. Нью-Йорк жуда катта шаҳар. Бу ерда ўзбеклар ҳам анчагина. Лекин уларнинг кўпи маҳаллий аҳолининг одатига, анъанасига ўрганиб кетган. Ташқи кўринишдан ажратиб олиш қийин. Бундан ташқари, ҳамма инглиз тилида гаплашади. Хуллас, зерикканингда баъзан ҳеч бўлмаса битта суҳбатдош излайсан. Лекин қани ўша суҳбатдош? Уни қаердан топасан? Мен эса топдим. Дўппимни кийиб оламан-да, шаҳар марказидаги боғни айланаман. Боғда дам олаётганларнинг баъзилари менга қизиқиш билан қараб қўяди, баъзилари дўппимга эътибор беради. Қандайдир бош кийим кийиб олган инсоннинг кимлиги уларга қизиқ бўлиши мумкин-ку.

Бир куни четроқдаги ўриндиқда ўтирсам, бир йигит келди ва секин:

— Ассалому алайкум, — деди. Ўша пайтда қандай қувонганимни тасаввур қила олмайсиз.

— Ваалайкум ассалом, — дея ўрнимдан туриб кетдим. Кўришдик. Исми Алишер экан. Гап орасида Тошкентдан келганини, менга ўхшаб ҳамсуҳбат излаб юрганини айтди.

Узоқ суҳбатлашдик. Ўзга юртда ҳамюртингни учратиш, у билан ўз она тилингда суҳбатлашиш бошқача-да, барибир.

Шундан сўнг ҳар куни паркка дўппи кийиб борадиган бўлдим. Жуда кўп ҳамюртлар, қўшни мамлакатлардан келган ўзбеклар билан танишдим. Алишер билан эса дўст бўлиб кетдик. Ҳозир ҳам телефонлашиб турамиз. Тошкентга келса, албатта, меникида меҳмон бўлади.

Аҳрор аканинг гапини эшитгач, улуғ шоиримиз Эркин Воҳидовнинг:

Қайга борсам бошда дўппим,

Ғоз юрарман гердайиб.

Олам узра номи кетган,

Ўзбекистон, ўзбегим,

деган сатрлари хаёлга келади. Қаранг, миллатимизнинг рамзларидан бири, миллий бош кийимимиз дўппи бири-бирини излаган, бири-бирига интиқ қалбларни таништиряпти.

Шу мавзуда яна бир гап. Яқинда ишхонамизга филология фанлари доктори, профессор Хуррам ака Раҳимов келиб қолди. Узоқ йиллар Германияда ишлабди.

— Биласизми — деди у, — хизмат сафари билан Африканинг Того давлати пойтахти Ломе шаҳрига бордим. Бир куни шаҳарни айланиб юриб, кўчада дўппи кийган кишини кўриб қолдим. Ишонасизми, гўё катта хазина топиб олгандек қувониб кетдим. Ўша одам кўзларимга қуёшдек порлаб, юлдуздек ярқираб кўринди. Танимасамда, бағримга босдим. Ўғли шу ерда ишлар экан. Хабар олгани келибди. Шунда дўппи оддий миллий бош кийим эмас, юрт, миллат рамзи эканини ҳис қилдим.

Буюк инсонларни олмагаймиз қарз

Ўзбекнинг яна бир улуғ шоири Абдулла Ориповнинг мана бундай сатрлари бор:

Ўзбек муҳтож эмас ўтрикка, аммо

Жаҳон минбарида ўқий олур дарс.

Киминг бор, деганда бировдан асло

Буюк инсонларни олмагаймиз қарз.

Ҳа, биз дунёга Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби юзлаб даҳоларни берган халқмиз.

Яқинда 580 йиллиги нишонланган мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийга Москвада, Шанхайда, Токиода, Душанбеда, Бокуда ва бошқа шаҳарларда ҳайкал қўйилган, Минскда бюст ўрнатилган. Ҳали кўп халқлар ҳарфни танимаган пайтда, яъни 861 йилда Аҳмад Фарғоний халифа Мутаваккилнинг фармони билан Нил дарёсидаги Равзо оролида нилометр — сув сатҳини ўлчовчи асбоб ўрнатган.

БМТнинг Вена шаҳридаги ваколатхонаси олдида жойлашган майдонда Шарқнинг тўрт буюк алломаси ҳайкали бор. Эрон томонидан туҳфа этилган ушбу ёдгорликда улуғ аждодларимиз — Абу Али ибн Сино ва Абу Райҳон Берунийнинг ҳам сиймолари савлат тўкиб турибди.

Оққан дарё оқаверади. Янги Ўзбекистоннинг бугунги авлоди ҳам юртимиз номини дунёга достон қилишга қодир. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, дея алоҳида таъкидлади. Демак, Ўзбекистоннинг, ўзбекнинг номи олам узра таралаверади. Бунинг учун бизда тарихий хотира ҳам, салоҳият ҳам, имконият ва қудрат ҳам, маънавият, маданият ва тафаккур ҳам бор!

Бекқул ЭГАМҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Манба: “Янги Ўзбекистон”газетаси 124-сон