МАТБУОТ ТАНҚИДИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ МАДАНИЯТИ

Бу йил Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни – заҳматкаш соҳа вакилларининг касб байрами, айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси меҳнат жамоаси учун алоҳида қувончли бўлди, десам бўлади. Чунки жорий йилда 95 йиллигини нишонлаган нашримизда ўн етти йилдан буён газетанинг қизиқарли, ранг-баранг ва ўқишли чиқиши, газетхонларнинг самимий меҳрини қозониши йўлида астойдил меҳнат қилиб келаётган тажрибали журналист, таҳририятнинг жонкуяр ходими Сарвара Қосимова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Давлатимиз раҳбарининг, эл-юртимизнинг, кенг жамоатчиликнинг юксак эътирофига сазовор бўлган ҳамкасбимизни катта хурсандчилик билан табриклар эканмиз, ушбу давлат мукофоти бутун таҳририятга, таҳририятнинг ҳар бир ходимига берилгандек, барчамизнинг қувончимиз чексиз эди. Оддий ва камтар инсон, ором ва ҳаловатини қоғоз-қаламга бағишлаган фидойи журналист Сарваранинг ўзи эса кўзларида севинч ёшлари билан журналистларга оталарча ғамхўрлик кўрсатаётган, ҳаётимизда адолатни қарор топтиришнинг кафолати бўлган Президентимизга самимий миннатдорчилигини изҳор этди.

Аёнки, бугунги кунда мамлакатимиз, жамиятимиз шиддат билан янгиланмоқда. Янгиланиш барча соҳа ва тармоқларда, барча ҳудудларда – шаҳар ва қишлоқларда яққол кўзга ташланаётир. Янги Ўзбекистон деган теран ва боқий ибора одамларимизнинг қалбидан чуқур жой олди. Оммавий ахборот воситалари ва унинг ходимлари, яъни биз – ҳамкасблар, бугунги янгиланишлар суръати билан ҳамқадам бўла олаяпмизми?

Оммавий ахборот воситалари маҳсулотининг асосий истеъмолчиси бўлган замондошларимиз, давримизнинг илғор фикрли ва янгича дунёқарашга эга юртдошларимиз янгиланишда баъзи ҳолларда биздан ўзиб кетмаяптими?

Дарҳақиқат, бугун ёш ва навқирон авлод янги тушунча ва тасаввурлари, янги талаб ва қоидалари билан ҳаётимизга дадил кириб келмоқда. Янги авлод ўтган даврларда умрини ўтаб бўлган меъёр ва мезонларни инкор этиб, янги замоннинг янги қадрият ва анъаналарини қарор топтириб бормоқда. Бундай янгиланиш палласи ғоят мураккаб жараён бўлиб, оммавий ахборот воситалари янги синовлар ва қийинчиликлар билан юзма-юз қолаётгани ҳам сир эмас.

Аслида жаҳон тажрибасидан маълумки, оммавий ахборот воситалари ҳар қандай янгиланиш ва ўзгаришларга тез мослашади ҳамда тараққиёт ва ислоҳотларнинг янги йўл ва йўналишларини кўрсатиб бера олади.

Муҳтарам Президентимизнинг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига” табригида миллий журналистикамизни давр тараққиётига мос суръатда ривожлантириш, шу билан бирга, унинг олдида турган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Аввало, илғор малакага эга, дунё медиа бозорида рақобатдош малакали кадр ларни тайёрлаш, соҳага бозор иқтисодиёти механизмларини тўлиқ жорий этиш, нашрларнинг мазмун ва жозибадорлигини ошириш бу йўлда энг муҳим қадамлар бўлишига шубҳа йўқ.

Салим АШУРОВ,

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири.

Манба: “Hurriyat” газетаси 29-сон