ОЛОТ ТУМАНИГА ПРЕСС- ТУР ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ

Бухоро вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган  пресс-тур доирасида вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирокида брифинг ўтказилди. Олот туманидаги “Двойник” (“Икки даҳа”) сув тозалаш иншоотида бўлиб ўтган тадбирда маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди. Вилоят ҳокими Ботир Зарипов соҳада амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида атрофлича маьлумот берди. 

Бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бухоро вилояти аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилган йирик лойиҳалар туфайли айни кунга келиб қарийб 2 миллионлик воҳа аҳолисининг 70 фоизи марказлашган тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлмоқда. Яъни сўнгги беш йил давомида бу соҳада 20 фоиз ўсишга эришилди. Бу албатта ўз-ўзидан содир бўлаётгани йўқ.

Ҳозирги кунда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш борасида 5 та йирик лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 3 таси ниҳоясига етказилди. Натижада, Бухоро шаҳри ҳамда Бухоро, Ромитан, Вобкент, Ғиждувон, Пешкў туманлари марказларида ичимлик суви таъминоти ва сифати яхшиланди. Шунингдек, Жаҳон банкининг қиймати 139,0 млн доллар бўлган кредити асосида Қоракўл ва Олот туманларининг аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси жорий йилнинг 3-чорагида тўлиқ якунига етказилади.

Қоракўл ва Олот туманларининг асосий сув манбаси ҳисобланадиган “Двойник” (“Икки даҳа”) сув тозалаш иншооти эса 1975 йилда қурилган бўлиб, суткасига 12 минг метр куб сувни тозалаш қувватига эга бўлган. Бироқ қурилганидан буён модернизация қилинмаганлиги сабабли эскирган. Иншоотдан аҳолига борадиган сув сифати истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Ҳозирги кунга келиб Ўрта Осиё давлатларида аналоги йўқ иншоотга айланди. Унинг кунлик ичимлик суви етказиб бериш қуввати 50 минг куб метрга оширилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 96,04 млрд сўм маблағ эвазига 295 км ичимлик суви ва оқава тармоқларини ҳамда 11 та сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 39,9 млрд.сўм маблағ эвазига 142,7 км сув тармоқлари ва 7 та сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, аввалги йилларда ичимлик суви тармоқлари фақатгина аҳоли яшаш пунктларигача келтирилган. Жорий йилдан эса ичимлик суви тармоқлари аҳоли хонадонларигача тортилиб, сув ўлчагичлар ўрнатиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.