КИМЛАР ЧЕТ ЭЛГА УЧА ОЛМАЙДИ?

Россияда ўқийдиган бир танишим ўтган йили «Ростов – Тошкент» йўналиши бўйича «Uzbekistan airways» компаниясидан онлайн орқали авиабилет сотиб олган, бироқ карантин сабаб Ўзбекистонга келолмади. Мана неча ойдирки, яқинлари парвоз қилинмаган билет пулини қайтариб ололмаяпти. «Uzbekistan airways» компанияси бош авиакассасидаги ходимлар эса билет олган инсоннинг ўзи ёки ишончнома кераклигини айтишмоқда.

Бироқ танишим билан бирга айнан шу рейсга билет олган самарқандлик шерикларининг яқинлари Самарқанд аэропортидаги кассадан билет пулларини қайтариб олишибди. Битта компания, бир тизим, лекин иш тартиби икки хил…

Айни шу масалада Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 2020 йилда жами 272 та (шундан, 110 таси «Uzbekistan airways» АЖ, 162 таси хорижий авиакомпаниялар), 2021 йилнинг ўтган даврида жами 153 та (шундан, 54 таси «Uzbekistan airways» АЖ, 89 таси хорижий авиакомпаниялар) парвоз чекловлари туфайли бекор қилинган чипталарни сотиб олишга сарфланган пул маблағларини қайтариш бўйича мурожаатлар келиб тушди. Натижада Агентлик 164 нафар истеъмолчига жами 480 428,0 минг сўм миқдоридаги маблағларни қайтариб беришга муваффақ бўлди. Шундан 120 таси «Uzbekistan airways» АЖ, қолган 46 таси хорижий авиакомпанияларнинг авиачипталаридир. Мурожаатлардаги ушбу рақамлар асосан, рейслар бекор қилинган карантин ва карантиндан кейинги даврга тўғри келади.

Яқинда Ўзбекистон – Россия ҳукуматлараро комиссиясининг ҳукумат раҳбарлари даражасидаги йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Россияга мунтазам авиапарвозлар сонини ҳафтасига 14 тагача кўпайтиришни таклиф қилди. Демак, йўловчилар сони янада ортиши, авиабилетлар нархи ўсиши мумкин. Бу борада фуқароларимиз янада огоҳ ва ҳушёр бўлишлари зарур. Негаки, айрим фуқароларимизда чет элга чиқиш учун тақиқ бўлиши ҳам мумкин.

Масалан, фуқаро авиачипта сотиб олди, лекин хорижга учиб кета олмади. Чунки авиакомпания ходимлари жўнаб кетишдан олдин рўйхатдан ўтказиш жойида ҳужжатларни текширганда унга мамлакатни тарк эта олмаслигини айтишди. Устига-устак истеъмолчига учишга тақиқ ҳақида маълумот берилмади ва фойдаланилмаган авиачипта пуллари ҳам қайтариб берилмади. Хўш, бу ҳолатда ким айбдор истеъмолчими ёки хизмат кўрсатувчи?

Тақиқда кимлар туради?Шуни таъкидлаш керакки, мамлакатдан чет элга чиқиш учун вақтинча чекланишга бир қатор омиллар таъсир кўрсатмоқда, — дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги масъул ходими Умида МАНСУРОВА. — Аввало, тақиқ зиммасидаги алиментни тўламаган қарздорларга тааллуқлидир. Бу эса қарор мажбурий ижро бюроси инспектори томонидан қабул қилинади. Иккинчидан, агар фуқаро қасддан ёки билмасдан солиқ тўламаса ёки қарзни юридик/жисмоний шахсга қайтармаса, тақиқлаш учун асос қарздорлик ҳисобланади.

Аммо гап шундаки, қарзга эга бўлиш хорижга чиқиб кетишни тақиқламайди, унинг суд қарори керак. Фақатгина суд ҳужжати асосида мамлакатдан чет элга чиқишни вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинади. «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунда қарздор – жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши учун вақт чекловлари аниқ кўрсатилган.

Унга кўра, суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.

Учишга тақиқни қандай билиш мумкин?

— Жўнаш олдидан фақат аэропортдагина тақиқ ҳақида билиб, кутилмаган нохуш ҳолатга тушмаслик учун истеъмолчи аввал авиакассалар (чипта сотиш махсус кассалари) орқали маълумот олиши мумкин, — дейди У.МАНСУРОВА. — Иккинчидан, авиачипталарни сотиб олишдан ёки учиб кетиш кунидан аввал ҳамда авиакомпания томонидан чипта пулини тўлиқ қайтариб олиш бўйича белгиланган муддатда, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг mib.uz расмий веб-сайти орқали шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотларини киритиш асосида ёки @mibuzbot телеграм канали орқали аниқлик киритишлари лозим. Учинчидан, тақиқ қўйилганлиги бўйича ўзида гумон пайдо бўлган шахслар томонидан тегишлилиги бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига (Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари) белгиланган тартибда мурожаат қилиш орқали мамлакатдан чиқиб кетишни вақтинча чеклаш тўғрисида батафсил маълумотни билиб олиш мумкин.

Пулни қайтариш шартлари қандай? Агар тарифларини қўллаш қоидалари ва ташувчига тегишли қоидаларида бошқача тартиблар назарда тутилган бўлмаса, Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларига асосан, «Uzbekistan airways» АЖ томонидан сотилган авиабилетлар тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда чиптани сотиб олиш жойида чипта берилган кундан бошлаб бир йил муддатда амалга оширилади.

Шундай экан, агар шубҳалар пайдо бўлса, авиабилет сотиб олишдан олдин жўнаб кетишнинг амалдаги тақиқлар тўғрисида батафсил маълумот олинг. Бу ортиқча харажатларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Достон РУСТАМОВ

Манба: “Mahalla” газетаси 27-сон