АҲОЛИНИ ЗАРАРЛИ ДОРИ ВОСИТАЛАРИДАН ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАШ ЗАРУР?

Тиббий дорилар савдосидаги бетартибликлар кўп йиллардан буён оғриқли масала бўлиб келаётган ҳолатдир. Ҳали қалбаки дорилар сотилиши, ҳали даволовчи препаратларнинг нархи қимматлиги муаммога айланади. Буларнинг ҳаммаси – фармацевтик воситалар савдосидан яхши фойда келиши билан боғлиқдир.

Чунки танамиз бирор дардга дучор бўлдими, унга даво бўладиган малҳам қидирамиз. Шифокор қабулига бориш ўрнига билган-эшитган доримизни ичиб кўриб, ўзимизча даволанамиз.

Тиббий саводхонлигимиз пастлиги учун кўпинча кучли таъсир қилувчи доридармонларни қабул қилишга мойилмиз. Баъзан ожизлигимизни сезган қаллоб дорихоначи ёки шифокор эса бизга айнан шу воситаларни таклиф этади. Ушбу дори маълум вақт оғриғимизни қолдиришга хизмат қилиши мумкин, лекин унинг асорати бартараф этиб бўлмас аҳволга олиб келиши ҳеч гапмас.

Энг ёмони, бу препаратлар ёш авлодни психотрод моддалар қабул қилишдек, зарарли одатларга ўргатиши ҳам турган гап. Яқинда инсон саломатлигига жиддий зарар етказишини била туриб, ёшлар орасида кучли таъсир қилувчи ва сифати кафолатланмаган дори воситаларини сотишга уринаётган нопок кимсалар қилмиши фош этилгани фикримиз исботидир.

Ваҳоланки, Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Хўш, ўрнатилган ушбу тартибга қарамай, бугунги кунда рецептсиз берилмайдиган, фақат рухсатномаси бор дорихоналардагина сотилувчи бу дорилар ёшларимиз қўлига қандай бориб қолмоқда? Бу борада назорат ишлари етарли йўлга қўйилмаганми?

3 йил давомида жавобгар шахсга лицензия берилиши тақиқланади

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизматининг хабар беришича, кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний савдосига чек қўйиш мақсадида агентликнинг Тошкент шаҳар бўлинмаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари ўзаро ҳамкорликда йил бошидан бери бир неча бор тезкор тадбирлар ўтказган.

— Ана шундай тадбирларда аниқландики, пойтахтимиздаги Юнусобод тумани Осиё кўчасида жойлашган «Aziza pharmacy plus» МЧЖ, Чилонзор туманида жойлашган «Farm luks» МЧЖ, «Atsefenak farm», «Gulshana pharm servis» МЧЖ, Учтепа туманида жойлашган «Impulus farm trade», «City open», «Farm standart navoiy» МЧЖ, Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Салус онико» МЧЖга қарашли қатор дорихоналарда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси амалга оширилган, — дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тошкет шаҳар бўлими раҳбари Улуғбек Жуманиёзов. — Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунда белгиланган тартибда мазкур дорихоналар эгаларини жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига улар бўйича тақдимномалар киритилгач, белгиланган тартибда дорихоналар лицензияси олиб қўйилади ҳамда 3 йил давомида жавобгар шахсга лицензия берилиши ва муассасада доридармон савдосини амалга оширилиши тақиқланади.

Кучли таъсир қилувчи дорилар контрабанда усулида олиб кирилади Аслини олганда, бундай дориларга эҳтиёжманд беморлар борлигини эътибордан қочириб бўлмайди. Хўш, уларга мазкур воситалар етарли даражада етказиб бериляптими?

Маълумотларга қараганда, кучли таъсир қилувчи дори воситалари аҳоли сони ва касалланиш даражасининг уч йиллик статистикасига қараб экспорт қилинади. Масалан, биргина «Тропикамид» дори воситасини оладиган бўлсак, ушбу препарат кўз касалликлари шифохоналарида диагностика қилиш ва бошқа муолажаларда ишлатилади. Ушбу фармацевтик маҳсулот ижтимоий дорихоналарга қатъий белгиланган миқдорда олиб келинади ва беморларга фақатгина рецепт асосида берилади. Кўча-кўйда ва айрим дорихоналарда ноқонуний сотилаётган кучли таъсир қилувчи дори воситалари эса юртимизга контрабанда усулида олиб кирилади ва сотилади.

Импорт ўрнини босувчи фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади Маълумки, четдан кириб келаётган дори воситаларининг қимматлиги норозилик ва эътироз пайдо қиляпти. Шундан келиб чиққан ҳолда, давлатимиз томонидан фармацевтика соҳасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, «Паркентфарм» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, бу ерда қатор ишлар амалга оширилаётир. — Ҳудудда умумий қиймати 49,1 миллион долларлик 10 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириб, 825 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган, — дейди «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зонаси раҳбари Турсунбой Ортиқов. — Жами лойиҳалар ишга тушиши натижасида қиймати 50 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 6,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Ҳозирги пайтда 6 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Хулоса ўрнида Шу ўринда одамларимизнинг тиббий саводхонлиги, зарарли дори воситаларидан хабардорлигини ошириш, фарзандларини психотроп моддаларга тобеликдан асрашга ўргатиш муҳим масала эканини таъкидлаш жоиз. Бунинг учун тиббиётчилар, фармацевтлардан иборат тарғибот гуруҳи тузилиб, аҳоли ўртасида зарур тушунтириш ишларини амалга ошириш талаб этилади. Шунингдек, ҳудудлар, маҳаллалар доирасида телефон рақамлари, телеграм гуруҳлари орқали маслаҳатхоналар ташкил этилиши ҳам катта фойда беради. Ушбу жараёнда беморларга нотўғри ташхис ёзиб бераётган нопок шифокорлар, истеъмолчи ҳуқуқини бузаётган дорихоналар ходимларининг қилмишлари ўрганилиши ва унга тегишли баҳо берилиши алоҳида аҳамиятга эга. Шунда бемор инсонлар даволаниш борасида нотўғри воситаларини қўллаб вақтни ўтказиб юравермай, ишончли маълумотлар асосида соғайиш чораларини қидиришади.

Тўлқин ШЕРНАЕВ

Манба: “Mahalla газетаси 27-сон