ЮРТИМИЗДА МАТБУОТГА ЭЪТИБОР БУГУНГИДАЙ ЮҚОРИ БЎЛМАГАН

Бугун мамлакатимиз, жамиятимиз шиддат билан янгиланмоқда. Янгиланиш барча соҳа ва тармоқларда, барча ҳудудларда – шаҳар ва қишлоқларда яққол кўзга ташланаётир. Бир сўз билан айтганда, Янги  Ўзбекистонда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган ислоҳотлар барча соҳаларда ўз самарасини бера бошлади.

Чиндан ҳам, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида чуқур  ҳис этмоқда. Бу янгиланишлар Ватанимизда олиб борилаётган мислсиз бунёдкорликлар, минглаб қад ростлаётган замонавий уй-жойлар, обод этилаётган қишлоқлар-у маҳаллалар, йўллар, қурилаётган кўприклар ёхуд қанчадан-қанча ишсиз одамларни ишли қилаётган катта-кичик корхоналар мисолидагина эмас, балки юртдошларимизнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришларда ҳам яққол сезилмоқда. Зеро, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, бугунги Ўзбекистон, кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги одамлар ҳам кечаги одамлар эмас.

Бугун жамиятимизда сўз ва матбуот эркинлиги таъминланаётгани, ҳар бир юртдошимиз ўз фикр-мулоҳазасини ОАВда эркин билдираётгани ёки давлат органлари олдига таклиф ва талабларини бемалол қўя олаётгани буларнинг барчаси яқин ўтмишимизда ушалмас орзу эди. Шу боис бу имконият қадрини ҳеч бир моддий неъмат билан таққослаб бўлмайди.

Ғурур билан айта оламизки, муҳтарам Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси туфайлигина Янги Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик сиёсати кундан-кунга мустаҳкамланиб бормоқда. Шу жиҳатдан давлат раҳбарининг ҳар бир катта-кичик раҳбарлардан матбуотдан ўзини олиб қочмасликни, эркин ва очиқлик сиёсати асосида иш олиб бориш лозимлигини қайта-қайта уқтираётганлари ҳам бежиз эмас.

Дарҳақиқат, қисқа вақт ичида миллий журналистикамиз буткул ўзгарди, том маънода, янгича нафас олмоқда. Ҳа, матбуот халққа яқинлашди, давлат органлари билан аҳоли ўртасида ҳақиқий кўприк вазифасини ўтамоқда. Очиқроқ айтганда, Янги Ўзбекистон журналистикаси дунёга бўй чўзмоқда, дунё бизни танимоқда, тан олмоқда. Том маънода, бу саъй-ҳаракатлар маънавий юксалиш даври, янги Уйғониш, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш даври сифатида олқишланмоқда!

Таъкидлаш жоизки, бугун замонавий журналистиканинг умумий табиати ҳам сезиларли даражада ўзгарди: бу жамиятнинг шаффофлашаётгани, аудиториянинг фаоллашганлиги, шахслар фаолияти ва ахборот тезлигининг ўсганлиги билан бевосита боғлиқ.

Унутмаслик лозимки, ахборот асри аталмиш ҳозирги кунда ОАВ нафақат ахборот олиш воситаси, балки ижтимоий қарашларни шакллантирувчи куч сифатида жамият ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда.

Маълумки, бугунги аудитория ахборотни тез ва соф ҳолатда қабул қилишни истайди, ОАВнинг давлат ва жамият ўртасида бетараф бўлиши тарафдори. Бу ҳолатлар аудиториянинг лаёқати, хатти-ҳаракатлари, феъл-атвори ва ҳулқини шакллантиради. Шу боис, ОАВ, хусусан, журналистлар жамият ва кишилар тақдири олдида жавобгарликни ҳис этмоғи лозим. Табиийки, бу ОАВ ва журналистлар олдига катта масъулият юклайди. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг касб байрамимиз муносабати билан йўллаган табригида қайд этилганидек, Янги Ўзбекистон журналистикаси учун мазкур соҳада йиллар давомида эришилган энг яхши ютуқ ва анъаналарни сақлаб қолиш, холислик ва ҳаққонийлик принципларига, қонун талабларига қатъий риоя қилиш, фуқаронинг шаъни ва ғурури, унинг ўз мустақил фикрига эга бўлиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, юксак профессионал маҳорат биз учун доимо асосий фаолият мезони бўлиб қолади.

Давлатимиз раҳбарининг соҳамиз бугуни кенг қамровли таҳлил юритилган табриги юртимизда фаолият юритаётган ҳар бир журналист, медиа тузилма, таҳририятлар, ижодий жамоалар учун муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди, десак хато бўлмайди. Яна қувончлиси, Президентимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолияти билан узвий боғлиқ равишда миллий журналистикамиз келажаги ва равнақини белгиловчи долзарб, ҳаётий вазифалар ҳам белгилаб берилди. Бу эса биз журналистларга катта куч, илҳом, мустаҳкам ишонч, таъбир жоиз бўлса, мотивация беради.

Шубҳасиз, журналистика ҳам бошқа соҳалар каби заҳматли меҳнатни талаб этади. Бу меҳнат биринчи галда ҳамиша одамлар дарду ташвишига шерик бўлиш, уларнинг қувончи ташвишини ўзиники деб билишни тақозо этади. Бунинг учун эса бутун ҳаётинг, истеъдодинг, орттирган тажрибангни қоғоз-қалам, сўз ихтиёрига беришинг зарур бўлади. Ҳақиқий журналист ўқишдан, ўрганишдан, қаламни чархлашдан, ўзини ўзи “таҳрир” қилишдан, ўзига нисбатан танқидий муносабатда бўлишдан чарчамаслиги керак. Ана шундагина журналистнинг қадри баланд бўлади, эл-юрт эъзозида бўлади.

Президентимиз табригида миллий журналистикамизни давр тараққиётига мос суръатда янада  ривожлантириш, шу билан бирга, унинг олдида турган энг муҳим вазифалар қайд этиб ўтилди. Аввало, илғор малакага эга, дунё медиа бозорида рақобатдош малакали кадрларни тайёрлаш, соҳага бозор иқтисодиёти механизмларини тўлиқ жорий этиш, нашрларнинг мазмун ва жозибадорлигини оширишга энг зарур омиллар сифатида эътибор қаратилди.

Шуларни инобатга олган ҳолда Уюшмамиз миллий журналистикамиз учун ўта муҳим бўлган йўналишлар барометрларини белгилаш мақсадида ёш журналистлар, блогерлар, ахборот тизимлари ходимлари иштирокида “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусида илмий-амалий конференция, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида “Ўзбекистон журналистика мактаби: ижодий мерос ва анъаналар”, “Жамият ва оммавий ахборот воситалари”, “Журналистика одоби” каби мавзуларда давра суҳбатлари ва маҳорат дарслари, ижодий танловлар уюштиришни режалаштирди. Энг муҳими, бу тадбирлар фақат марказда эмас, олис ҳудудларда, соҳамизнинг заҳматкаш қаламкашлари даврасида ҳам  ўтказилади. Нафақат маҳаллий эксперт ва мутахассислар, балки хорижлик таниқли мутахассислар иштирокида ахборот маконидаги ютуқ ва камчиликларимиз таҳлил қилинади, замоний шароитлар ва андозалар қиёсий ўрганилади.

Бугун ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш учун илк қадамлар ташланди. Жумладан, яқинда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Миллий матбуот марказида Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, босма ва интернет нашрларининг бош муҳаррирлари, теле-радио каналлар масъуллари, таниқли журналистлар, журналист кадрларни етиштирувчи олий таълим муассасалари педагоглари ҳамда соҳага қизиққан ижодкорлар иштирокида Президентимиз табригидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган “Янги Ўзбекистон журналистикаси: замонавий ёндашувлар ва анъаналар давомийлиги” мавзусида давра сухбати ташкил этди. Тадбирда миллий журналистикамиз олдида турган қатор муаммолар ва вазифалар таҳлил қилинди, тавсия ва хулосалар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети  ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Унга кўра, ЎзЖОКУ битирувчи талабаларини ишга жойлашишига кўмаклашиш, таҳририятларда ЎзЖОКУ талабалари учун тажрибали устоз журналистларнинг маҳорат мактабларини ташкил этиб, “Устоз-шогирд” анъанасини йўлга қўйиш ва шу орқали бўлғуси журналистларнинг ихтисослашувига кўмаклашиш ҳамда маҳорат мактабларини ташкил этган устоз журналистларнинг хизмат ҳақини тўлаб бериш, шунингдек университет талабалари ва профессор-ўқитувчиларини Уюшма муассислигидаги “Ҳуррият” газетасига (юзтагача) обуна қилиш каби вазифаларни Уюшма ўз зиммасига олди.

Зеро, юртимизда ўзига хос “ижод лабораторияси”га, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган, айни вақтда сермаҳсул ижод қилаётган фахрий журналистларимиз оз эмас. Масалан,  Президентимизнинг  фармони билан  шу йил 25 июнь куни “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони билан тақдирланган “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад, тележурналист Қуддус Аъзам, ношир Ахрор Аҳмедов маҳорат мактабларини ташкил этиш бугунги кун эҳтиёжи, десак адашмаймиз. Ёки Самарқандда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев, Фарғонада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Дўстлик” ордени соҳиби Муҳаммаджон Обидов маҳорат мактабини ташкил этиш ҳудудларда ҳам профессионал журналист кадрлар тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшишга ишонамиз. Зеро, бундай мактабларни ҳар бир таҳририят қошида, ҳар бир вилоят ва туманларда ташкил этиш Уюшма олдида турган бирламчи вазифалардан биридир.

Эътироф этиш зарур, сўнгги йилларда Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан ижод аҳлига катта ғамхўрлик кўрсатилмоқда, улар фаолиятини бирлаштирган уюшма ва ташкилотлар ишини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни арафасида соҳада меҳнат қилаётган бир гуруҳ ҳамкасбимизнинг давлатимиз раҳбари томонидан юксак фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлангани ана шу заҳматли соҳа вакилларининг, қалам аҳлининг меҳнати юксак қадр топганидан, эъзозланганидан далолатидир.

Тан олиб айтамизки, республикамизда матбуотга бугунгидай юқори даражадаги эътибор, ғамхўрлик бўлмаган. Ўзбек матбуоти эса бугунгидай очиқ ва эркин ҳам бўлган эмас.

Давлатимиз раҳбарининг табригида алоҳида  эътироф этилганидек, мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилгани, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи  доимий эътибор марказида бўлиб келаётгани муҳим қадамлардир. Шу билан бирга, журналистикада йиллар давомида эришилган энг яхши ижодий мерос ва анъаналарни сақлаб қолиш, холислик ва ҳаққонийлик принципларидан чекинмаслик, қонун талабларига қатъий риоя қилиш, фуқароларнинг шаъни ва ғурурини, ҳуқуқини ҳурмат қилиш зарурлиги, ўтиш даври билан боғлиқ сабаблар туфайли молиявий аҳволи мураккаб бўлиб қолаётган нашрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бунинг учун тегишли ҳужжатларни қабул қилиш вазифаси кун тартибига қўйилди. “Таъкидлаб айтаманки, мамлакатимизда демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш, оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини ошириш йўлида давлатимиз ва жамиятимиз томонидан соҳани қўллаб-қувватлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантиришга бундан буён ҳам алоҳида эътибор қаратилади”, дейилади табрикда. Бундай кафолат барча журналистларни янада масъулият ва илҳом билан ишлашга даъват этди. Айни чоғда бундай муносабат газета-журналларнинг умри тугади, дея иддао қилаётганларнинг мушоҳадалари ўринсиз эканлигини ҳам кўрсатди.

Давлатимиз раҳбарининг табригида ОАВдаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти шаклланаётгани, танқидий материалларга жавоб қайтариш кўрсаткичи 2018 йилда 12 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига кўра қарийб 90 фоизга етгани ҳақидаги фикрлари ҳам юқоридаги сингари мулоҳазаларнинг ўринсизлигини билдиради.

Ахир матбуотнинг жамият манфаатлари, халқ дарди-истаклари билан боғлиқ таклиф ва мулоҳазалари эътиборсиз қолмаслиги керак. Афсуски, кейинги вақтларда айрим жойларда давлат идоралари ёки ташкилотлар вакиллари томонидан ҳамкасбларимизнинг ўз хизмат вазифасини амалга оширишига тўсқинлик қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишга  уриниш ҳоллари учраётгани ҳам бор гап. Бу ОАВнинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш, журналистнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилишни кучайтириш бугун ҳам долзарб вазифа бўлиб турганидан далолатдир.

Албатта, соҳада ҳали ечимини кутаётган муаммолар оз эмас. Бу айниқса, кўпинча юксак профессионаллик, билим ва малака даражаси етишмаслигида яққол намоён бўлмоқда. Тарқатилаётган айрим материалларнинг пухта ва сифатли тайёрланмаслиги, баъзи ҳолларда шошма-шошарлик билан, чуқур ўрганилмаган маълумотларнинг тарқатиб юборилиши сингари ҳоллар ўқувчиларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқараётгани ҳам сир эмас.

Муаммонинг сабаби, ечимига монелик қилиб келаётган жиҳатларидан яна бири шаҳар ва туман нашрлари таҳририятларини ўрганганимизда, ҳатто айрим наширларнинг бош муҳаррирлари журналистлик маълумотга эга бўлмаган шахслар экани маълум бўлди. Мана шу жиҳатларни ҳам келгусида атрофлича кўриб чиқиш, таҳлил қилиш ва зарур чора-тадбир белгилаш эҳтиёжи туғилмоқда.

Шундай экан, энг биринчи галдаги вазифамиз – Президентимиз ишонч билдираётган соҳа ривожини таъминлаш, ҳар бир ҳамкасбимизни қўллаб қувватлаш, халқимизнинг эртаси янада ёруғ ва бахтли бўлиши йўлида сидқидилдан хизмат қилишдан ортиқ бахт йўқдир.

Ана шу йўлда ҳар бир фикр, таклиф ва ташаббусга эътибор қаратишимиз бугунги куннинг талабидир. Шу боисдан ҳам Уюшмага раис этиб сайланган кунимнинг эртасигаёқ телеграм ижтимоий тармоғида мурожаат ботини, яъни уюшма раисига масофадан туриб тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконини берадиган электрон манзил ташкил қилдик ва қисқа фурсат ичида унга мингга яқин мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларни таҳлил этганимизда янада яққолроқ кўриндики, Уюшма олдида ҳали жуда ҳам кўп масалаларни ҳал этиш турибди. Бу борада “Дўстлик клуби” ҳамкорларимиз билан қилинажак ишларни режалаштиряпмиз.

Уюшма фаолиятидаги яна бир муҳим вазифа – халқаро алоқалар доирасидаги ишларни янги поғонага олиб чиқиш ҳисобланади. Афсуски, ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан бу йўналишда мақтангули бирор иш амалга оширилмади. Илғор хорижий давлатлар таҳририятларига ўзаро тажриба алмашиш учун ижодий сафарлар,  халқаро илмий-амалий анжуманлар ташкил этилмади.

Шу боис истиқболда фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири сифатида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишни мақсад қилганмиз. Шу йил сўнггига қадар имкон даражасида Тожикистон, Туркия, Қозоғистон давлатлари журналистлар уюшмаси билан ҳамкорлик меморандумини тузиш ҳамда Умумжаҳон журналистлар федерациясига аъзо бўлиш ниятидамиз. Ушбу мамлакатларга тажриба алмашиш ва таҳририятлар шароитлари билан танишиш учун бир гуруҳ журналистларни хизмат сафарларига юборишни мақсад қилганмиз.

Юртбошимиз матбуотнинг, сўз эркинлигининг ҳаётий эҳтиёж эканлигини бежиз қайта-қайта уқтирмаяптилар. Чунки қайсики жамиятда матбуот ва оммавий ахборот воситалари жамиятнинг ишончли минбарига айланса, ривожланса, ўша жамиятнинг эртаси ёруғ, демократик қадриятлар қарор топган бўлади.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси

Манба: «Xalq so‘zi» газетаси 147-сон