ФИТРАТ: «МУНОЗАРА»НИНГ ТУҒИЛИШИ

Абдурауф Фитратнинг «Ҳиндистонда бир фаранги ила бухороли мударриснинг жадид мактаблари хусусинда қилған мунозараси» номли илк насрий асари юз йил аввал нашр этилган бўлиб, форс тилида ёзилган асар «Мунозара» номи билан машҳур бўлган эди. Китоб, қисса Истанбул дорилфунунида таҳсил олаётган камбағал талабанинг ўз ҳисобидан «Исломия матбаасида» босилганди.

Фитратнинг синглиси Маҳбуба Раҳим қизининг хотирлашича, Фитрат Истанбулдаги ошхоналардан бирига ходим бўлиб ишга кирган ва таҳсилдан бўш пайтлари меҳнат қилиб, ушбу китоб нашри учун маблағ тўплаган. Асарнинг ёзилиш даврини олимларимиз 1909, 1910, 1911  йиллар деб кўрсатишади. Бунинг боиси, китоб муқовасида ҳижрий 1327 санаси кўрсатилган бўлиб, у мелодий 1909 йилга тўғри келади. Бироқ япон фитратшуноси Хисао Куматсу қисса сўнгсўзида тилга олинган Бухорода содир бўлган айрим воқеалар (шиа ва суннийлар нифоқи)дан келиб чиқиб, нашр вақтини 1911 йил деб кўрсатади.

Хорижда нашр бўлгани ва Бухородаги энг «Мунозара»ли масала –  жадид ва қадим курашини акс эттиргани учун бу асарнинг ўз юртида тарқалиши жуда қийин кечган. Садриддин Айнийнинг гувоҳлик беришича, «Мунозара»нинг  бир қисми йўлда рус цензорлари қўлига тушиб, йўқ қилинган бўлишига қарамай, у Бухорога яширин келтирилган. Фитратнинг замондоши Файзулла Хўжаевнинг қайдига кўра, рус охранкаси нафақат Фитрат асарини, балки уни ўқиган, келтирган кишиларни ҳам қаттиқ таъқиб остига олган. Шунинг учун бўлса керакки, ушбу китоб «Не подлежит оглашению» муҳри остида Тошкентда полковник Ягелло таржимасида рус тилида жуда оз нусхада чоп этилган.

Аммо шундай таъқибларга қарамай, ушбу китоб жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тавсияси билан Ҳожи Муъин Шукруллоҳ ўғли томонидан туркча (ўзбекча)га  таржима қилиниб, 1911 йили дастлаб, «Туркистон вилоятининг газети»да, сўнгра эса, алоҳида китобча ҳолида «Туркистон кутубхонаси» рукнида чоп қилинган. Бу таржима саҳнага мўжалланган вариант бўлганлиги учун у тез орада Тошкент ва Самарқанд театрларида қўйилган. Таржима, аввало, томошабинлар савияси ва саҳна имкониятларини назарда тутган ҳолда амалга оширилгани учун  унинг муҳим ўринлари тушиб қолган, унинг тил ва услуби ҳам томоша асарларининг «тили»га айлантирилган. Энг асосийси қисса Амир ва Рус ҳокимияти даврида саҳнага чиққани учун ҳам ундаги сиёсий шарҳлар тушириб қолдирилган, баъзи қаҳрамонлар ва тилга олинган тарихий шахсларнинг номлари ҳам ўзгартирилган (масалан, ёш усмонлилар ҳаракатининг йўлбошчилари Анварбек ва Ниёзийбек ўрнига Лев Толстой ҳақида лавҳа киритилган). Қиссанинг «Муқаддима»си ўрнига эса «Мутаржимдан» сарлавҳаси билан кичик сўзбоши берилган. Асарнинг Бухоро амири ва аҳли ватанга хитобан ёзилган «Хотима»си ўрнига ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Мунозара ҳаққинда» сарлавҳали рус-тузем мактаб­лари тарғибига бағишланган сўнгсўзи қўшилган. Шунга қарамай, Фитратнинг асари ўз она юртида ҳам, шарқ ва ғарб ўлкаларида ҳам машҳур бўлиб кетган. Унинг форсий матни Бомбайда (1929), Қарачида (1942) ва Душанбеда (1996) қайта нашр қилинган.

«Мунозара»нинг илк танқидчиси ҳам, ношири ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий бўлган. Улуғ аллома асарнинг замона учун энг муҳим хусусиятларини таъкидлар экан, шундай ёзади: «Усули жадид мактабларини(нг) нафлиғи ва фунун замонида таҳсилининг бухорийлар учун лузуми тўғрисинда Фаранги афанди ила Мударриси бухорий жаноблари  ораларинда бўлған баҳс ва суҳбат «Мунозара» исмида бир рисола шак­линда форсий тилда, табъ ва нашр бўлибдир. Бизда кўздан кечирдикки, ҳақиқатан бухорийлар учун нафъийдир. Фаранги ва Мударрис тилидан бу муҳим баҳслик рисолани таҳрир этувчи ва ҳам табъиға арзи ташаккур қилурмиз. Иншооллоҳ, бу рисола бухорийларнинг уйғонмоқиға боис бўлиб, «Мунозара» муҳарририни раҳмат ила ёд этарлар». Бу каби тавсияномадан ҳамда Туркис­тон театрлари саҳналарида ва бошқа театр труппалари томонидан қайта-қайта ижро этилгани учун ҳам асар зиё­лилар ўртасида катта мунозараларга сабаб бўлган. Шунинг учун ҳам ушбу асарга «Туркестанские ведомости» газетаси В.Андреевнинг «Бухорода янги оқимлар» номли мақоласи (1916) орқали муносабатини англатишга мажбур бўлган.

Асарга илиқ муносабат ўз даврида Истанбулда чиқадиган «Сироту-л-­­мустақим» жаридасида бил­дирилган. Мазкур нашрдаги туркум мақолаларда Ғиёссидин Ҳасаний Бухоронинг асар бошларидаги аҳволи руҳиясини таҳлил қилар экан, ундаги таълим тизими билан боғлиқ қатор можароларни «Мунозара» воситасида изоҳлашга ҳаракат қилган. 60-йиллардан сўнг, бу асар Америка ва ғарбий Оврўпа олимлари томонидан талқин ва таҳлил этила бошлаган. Америкалик машҳур туркшунос олим Э.Оллвортнинг «Ўзбек адабий сиёсати» (1964), француз олимаси Элен Каррер Энкоуснинг «Ислом ва Рус империяси» китобларида чуқур таҳлил этилиб, ўз ижобий баҳосини олган. Шунингдек, олмон олимаси И.Балдауфнинг тадқиқотлари ва, ниҳоят, Хисао Куматсунинг қисса таҳлилига бағишлаган рисолаларида ушбу асар ўзбек ва тожик нас­ридаги илк замонавий қисса сифатида баҳоланган. Асар шунингдек, Холиқ Мирзазоданинг «Демократ жадид адабиёти» мақоласида, сўнгра, ўзбек олимлари Э.Каримов, Б.Қосимов, А.Алиев, Б.Эргашев ва Г.Раҳимова кабиларнинг тадқиқот ва мақолаларида ҳам чуқур таҳлил этилган.

Улуғ юнон файласуфи Афлотун асарлари услубида, яъни суҳбат-баҳс тарзида ёзилган «Мунозара»да нафақат аҳли Бухоронинг, балки бутун Туркистон ёки жумлаи шарқ ўлкаларидаги таълим масалалари борасида фикр юритилади. Қисса негизига асос қилиб олинган зиддиятларнинг илдизи, фақатгина таълим тизимининг архаик усули доирасида қолиб кетмайди, балки Бухоро зиёлиларининг шундай жаҳолат ботқоғига ботиб қолишига ва халқнинг ночор ва қашшоқ турмуш кечиришига сабаб бўлган иллатлар Фаранги ва Мударрис баҳси воситасида очиб берилган. Муаллиф иллатларнинг заминини ошкор этиш орқали калаванинг учини бевосита Бухородаги амирлик тузуми ва Бухоро юртини мустамлака тупроғига айланишига сабабчи бўлган Амир Олимхон ва унинг аъёнлари ҳамда мамлакатда ўз ҳукмини ўрнатган рус маъмурларининг зулми каби масалаларга боғлайди. Шунинг учун ҳам асар уч томонлама – ҳам Бухоронинг жоҳил муллалари, ҳам амир ва унинг амалдорлари, ҳам Туркистондаги рус ҳокимлари ва борингки, бевосита Петербургдаги ҳукмрон доираларнинг аралашуви воситасида қаттиқ қаршиликка учраган. Асарда фош қилинишича, доимий аҳолисининг нуфузи 10 миллион бўлган Бухоро музофоти Русия ҳужумлари туфайли атиги икки миллион кишигагина эга бўлган кичик бир ҳудуд бўлиб қолган. Унинг атиги етмиш минг нафари пойтахт ҳисобланган Бухоро шаҳрида яшайди. Фитрат ўн турфа синфга бўлинган бу етмиш минг аҳолининг ўндан тўққиз қисми зарурий хат-саводга эга бўлмаган кишилар эканини ачиниш ҳисси билан баён қилган. Эндиги муҳим масала, ўша хат-саводга эга бўлмаган аҳолини ўқитиш эмас, балки зиёлиларнинг ҳам билим ва савияси ҳаминқадар эканини кўрсатиш орқали қадимдан «ислом динининг қуввати»га айланган Бухоро ва унинг алломаларининг қадрини орттириш ҳамдир. Миқдор жиҳатдан олиб қараганда, атиги уч ярим минг кишини ташкил этадиган зиёлилар, асосан, мадраса мударрислари ва муллабаччалар қатлами ҳам шиа ва сунний, жадид ва қадим сингари мухолифатлар асосида ўзаро нифоқда бўлишган. Фитратнинг талқинича, зиддиятнинг ўзаги таълим тизимидагина эмас, балки ўша таълим тизимини манфаат ва иқтисод қуролига айлантириб олган зиёлиларнинг сажиясида. Мусулмон ўлкаларида, табиийки, таълим тизимининг асоси Қуръон ва унинг тафсири, Ҳадислар ва мўминларнинг Пайғамбаримиз ахлоқлар билан зийнатланиши каби масалаларга қурилган. Фит­рат бу жиҳатни бир мусулмон зиёлиси сифатида асло инкор этмайди, ҳолбуки, айрим шўро ва рус олимлари томонидан асар шу руҳда ҳам талқин қилинган. Бироқ ўша мусулмон таълимотининг асоси саналган Қуръон ва Ҳадис илмининг ўқитилиши талаб даражасида эмаслиги, атиги уч-тўрт йиллик таҳсили давомида ўрганилиши зарур бўлган билимлар ортиқча «мусаҳрофот»лар эвазига, йигирма йилга қадар чўзилиб кетиб, киши умрининг асосий қисмини банд қилиб қўйиши ва бу каби нодонлик билан боғланган айрим зиёлилар аҳли Бухоронинг аҳволидан мутлақ бехабарлиги масаласидир.

Маълумки, барча жамиятларда аҳолининг асосий фикр қатламини зиёлилар ташкил этиб келган. Аср бошларига келиб ўзаро низо ва билимсизлик, мусулмон ахлоқига тўғри келмайдиган бадхулқликлар билан шуғулланиш натижасида умумжаҳон тараққиётидан анча ортда қолиб кетган зиё­лиларнинг ҳолати асарда реал кўрсатиб берилганки, бундан мурод – жамият ўзининг аҳволини худди ойнадаги каби кўрсин, ўзининг камчил ва устун жиҳатларини англасин ҳамда Бухоро музофотида ҳам зиёлилар етакчиликни ўз қўлларига олсин, деган мантиқ сингдирилган. Масаланинг муҳим жиҳати муаллифга тинчлик бермаганини қиссанинг ҳар бир воқеасидан, сюжет чизиғию композицион қурилишидан ҳам илғаш мумкин. Асарнинг «Мунозара» деб олиниши ва кўҳна суҳбат усулини тайин қилиниши ҳам бевосита муаллиф ниятларининг амалга ошиши учун бажарилган вазифадай туюлади. Қолаверса, бундай усул нафақат  қадимий, балки икки аср бўсағасидаги мураккаб ижодий воқеалар силсиласини англатиш учун замонавий услуб даражасига кўтарилган эдики, бунинг тасдиғини ғарб адабиётида ҳам, мусулмон шарқ алломаларининг асарларида ҳам учратамиз.

«Мунозара» фақатгина жадидчилик қарашлари ифодачисигина бўлиб қолмай, балки, бир томондан, муаллифнинг «Раҳбари нажот» (1913), «Мавлуду шариф ёки хайрул башар» (1914), «Мухтасари тарихи ислом» (1915), «Ойила» (1916) каби асарларидаги диний-фалсафий ақидаларнинг ибтидоси билан боғланса, иккинчи томондан, ижодкорнинг айни ўша даврда яратилган «Ҳинд сайёҳининг баёноти» асарида баён қилинган ўз юртини мустақил, озод ва обод кўрмоқ истаги билан йўғриладики, бу мураккаб асарни тушунишда, табиийки, Фитратнинг бошқа публицистик ва бадиий асарларини ҳам назардан ўтказишга тўғри келади. Жумладан, Истанбулда ёзилган «Бухоро вазири Парвоначи Насруллоҳбек Ҳазратина очиқ мактуб»да, кейинроқ чоп этилган «Жоҳилона таассубға мисол» каби мақолаларда ҳам бу каби кайфиятлар жуда аниқ очиб берилган. Шунингдек, Фитратнинг мазкур қисса доирасида зуҳур билан қарашларини англашда унинг «Шарқ сиёсати», «Йиғла, Ислом» сингари публицистик рисолалари ҳам кўмак бериши шубҳасиз. Хуллас, ким қандай талқин қилишидан қатъий назар, асарнинг умумий руҳи, унда акс этган масалалар қамрови ва мушкул муаммоларни тушунишда, шўро даврида урф бўлган турли «изм»лар ўртасидаги сарсон таълимотларга эмас, балки Фитратнинг ўз асарларига таянилгандагина кутилган мақсадга эришиш мумкин.

 

Ҳамидулла БОЛТОБАЕВ,

Филология фанлари доктори, профессор

Манба: “Миллий тикланиш” газетаси 22-сон