КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ МАХСУС ТELEGRAM-БОТЛАР ИШГА ТУШДИ

Унутманг, ернинг ҳар бир қаричи сизу бизнинг, халқимизнинг мулкидир!

Қишлоқ хўжалиги ерларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ноқонуний қурилишларни амалга ошириш ҳолатлари кескин ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра, республика бўйича жами 49 минг 334 та ҳолатда 11 минг 269 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Шундан ноқонуний ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари 25 минг 862 тани ташкил этиб, 7 минг 401 гектари бартараф этилган.

Биргина жорий йилнинг биринчи чорагида Андижон вилоятида 133 та ҳолатда 44,7 гектар ер майдони ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган майдонларнинг 20,8 гектари экин ерлар, 3,1 гектари кўп йиллик дарахтзорлар, 0,04 гектари яйловзор, 21 гектари эса бошқа ерларни ташкил этган. Жиззах вилоятида эса ноқонуний фойдаланилаётган 73,5 гектар ер майдонининг 42,5 гектари қишлоқ хўжалиги ерларини ташкил этмоқда.

Кўриниб турибдики, қишлоқ хўжалиги ерларидан ноқонуний фойдаланиш, коррупция ҳолатлари хавотирли рақамларда авж олмоқда. Албатта, бу муаммони бартараф этиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Махсус фармон ва қарорлар қабул қилиниб, тегишли чоралар ҳам кўрилмоқда. Бу борада Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида коррупцияга қарши курашга янада жиддий киришди. Жорий йилнинг июнь ойида қишлоқ хўжалиги вазири буйруғи билан махсус @UzаgroAnticorruptionbot телеграм-боти ишга туширилди.

– Телеграм-бот ёрдамида ҳар бир ижтимоий масъулиятли фуқаро ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисида маълумот бериши мумкин: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марка зий аппаратида, 13 вилоят бошқармаларида, 163 та туман бўлимлари ва вазирликнинг қуйи ташкилотларидаги коррупцион ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълум қилиш имкони яратилган ва буларнинг барчаси телеграмботнинг ўзида акс эттирилган, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлигида коррупцияга қарши чораларини тизимли равишда жорий этишга масъул шахс Улуғбек Абдуғаниев. – Аризачи керакли бўлинмани танлаганидан сўнг қўшимча файлларни илова қилиб, хабарни юборади. Шунингдек, телеграм-ботда ҳуқуқбузарликларнинг асосий йўналишлари ҳам келтирилган. Масалан, қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилиш, экинларни жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш, давлат харидлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар, молиявий-хўжалик фаолияти, кадрлар сиёсати, жисмоний шахслар мурожаати ва бошқалар шулар жумласидандир.

Умуман олганда, фуқаролар ноқонуний ҳаракатлар ҳақида тўғридан-тўғри маълумот беришлари ёки қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини киритишлари, ё бўлмаса, коррупция билан тўғридан-тўғри дуч келиш ҳолатлари бўйича ўз фикрларини билдиришлари мумкин.

Хўш, бот қандай ишлайди? Мазкур телеграм-бот фойдаланувчилар сўрови борасида ҳам кўплаб функцияларни ўзида мужассам қилган – ҳудуд, тизим ташкилоти, мурожаат соҳа си кабиларни танлаш имконини тақдим этади. Ҳар бир мурожаат устида ишлашга дарҳол киришилади ва махсус мутахассисга кўриб чиқиш ва ечимини топиш учун юборилади.

Мурожаатлар эътиборсиз қолмайдими? Агар фуқароларнинг ёзма мурожаатига жавоб бериш муддати 15 кун ичида деб белгиланган бўлса, ушбу бот бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва олинган мурожаатнинг кўриб чиқиш учун қабул қилишни унинг туридан келиб чиққан ҳолда 3 кундан кўп бўлмаган муддатгача қисқартиришга имкон беради. Яъни телеграм-бот жараённи тезлаштиради. Шу тариқа ахборот телеграм-бот орқали тўғридан-тўғри вазирликнинг ички аудит бошқармаси ва комплаенс-назоратга келиб тушади.

Ходимлар фаолияти қанчалик самарали? Коррупцияга қарши телеграм-бот тизимига жалб қилинган ходимларнинг фаолиятини баҳолаш учун КPI ишлаб чиқилган. Бот тизими ходимларининг фаолияти текширувлар сонига қараб эмас, балки самарали ҳал қилинаётган муаммолар бўйича баҳоланади. Қабул қилинган барча мурожаатлар кейинги таҳлил ва статистикани таъминлаш учун архивлаб борилади.

Бот орқали мурожаатларга жавоб беришни тезлаштириш учун жойларда соҳа мутахассислари фаолият юритиши тизим орқали кўзда тутилган. Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб вазирлик аудиторлари бириктирилган бўлиб, улар ўзларига бириктирилган ҳудудни бевосита назорат қилиб боришади. Масалан, агар мурожаат мамлакатнинг бирор ҳудудидан келиб тушган бўлса, тегишли масъул шахс бир ёки икки сутка давомида мурожаат тафсилотларини ўрганиш учун жойнинг ўзига боради. Биринчи навбатда, бу масалани мақсадли ўрганиш ва жавоб қайтариш муддатини қисқартиришга имкон беради.

Телеграм-бот, шунингдек қўшимча маълумот сифатида медиа график файлларини мурожаатга илова қилиш имкониятини беради. Шунингдек, телеграм-бот орқали мурожаатлар вазирликнинг расмий сайтида очиқ эълон қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Токи ҳар бир манфаатдор киши ўзини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб топа олсин.

Бу борада Бош прокуратура томонидан ҳам самарали жамоатчилик назоратини ташкил этиш мақсадида «YER NAZORATI» махсус телеграмбот дастури ишга туширилди. Ушбу (@YerNazoratBot) телеграм-бот орқали фуқароларимизда ўз ҳудудидаги ер майдонларидан фойдаланиш жараёнида йўл қўйилаётган қонун бузилиши ва бошқа ҳолатлар юзасидан тезкор маълумот бериш имконияти пайдо бўлмоқда. Унутманг, ернинг ҳар бир қаричи – сизу бизнинг, халқимизнинг мулкидир! Шундай экан, ўз уйи, маҳалласига бефарқ бўлмаган, азиз ватандошлар, жамоатчилик назоратида фаол иштирок этинг!

Р.ЮСУПОВ

Манба: «Mahalla» газетаси 27-сон