Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармасида матбуот анжумани бўлиб ўтди

 

     Тадбирни бошқарма бошлиғи Беҳзод Артиков қисқача кириш сўзи билан очди ва жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида агентлик томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.

Маърузачининг таъкидлашича, шиддат билан ўзгараётган замонда турли хил муносабатлар шаклланиб, ривожланиб бормоқда. Янгидан-янги товар алмашинуви ва электрон технологиялар ҳаётимизга жадал суръатлар билан кириб келаётган даврда барча ривожланган давлатлар ҳам профессионал қонунлар қабул қилиш амалиётига ўтмоқда. Бу борада давлат хизматлари марказларининг ташкил этилиши ўз навбатида давлат органларининг халқ билан бўладиган мулоқотини янги босқичга олиб чиқди. Агентлик ходимларининг  муҳим вазифаларидан бири шундан иборатки, оддий фуқароларга қонунларни тушунарли ва содда тилда тушунтиришлари лозим.

Хусусан, ортда қолган ярим йил мобайнида жисмоний ва юридик шахслардан 238 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг 64 таси қаноатлантирилиб, 71 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 1 та мурожаат кўрмасдан қолдирилган. Фуқароларга турли йўналишлар бўйича  жами 144. 942 та хизмат кўрсатилган. Шулардан 140. 361 таси ДХМ орқали, 4580 таси интернет орқали, 2339 таси эса вилоятнинг ҳудудларида сайёр тартибда ўтказилган тадбирлар давомида амалга оширилган. ДХА тасарруфидаги туман, шаҳар ФҲДЁ бўлимларида 10 минг 239 та туғилганлик, 3 минг 41 та никоҳ қайд этилганлиги, 668 та ажрашганлик ҳамда 1927 та ўлим ҳақида гувоҳномалар берилди.

Айни пайтда марказларда кўрсатиб келинаётган хизматлар сони 150 дан ортди. Ушбу хизмат турлари агентлик ташкил этилган кундан бошлаб ҳозирга қадар қарийб 4 баробарга кўпайди. Шунингдек,  таълим  муассасаларида “Давлат хизматларидан фойдаланиш маданияти”  мавзусида  семинарлар ўтказилди. Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган мониторинг ва ўрганишларда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 89 нафар айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи томонидан 2021 йилнинг биринчи ярмида аҳолига кўрсатилган хизматлар тўғрисида берилган ҳисобот ва олдинда турган вазифалар анжуманда сўзга чиққанлар  томонидан қизғин  муҳокама қилинди. Тадбир сўнгида журналистлар ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.

      ЎЖИУ Сирдарё вилояти бўлими