ЖУРНАЛИСТЛАР ФАРЗАНДЛАРИ УЮШМА КЎМАГИДА ОРОМГОҲЛАРДА ДАМ ОЛАДИ

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими Навоий кон металлургия комбинати билан доимий равишда самарали ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда.

Хусусан, НКМК Ахборот хизмати билан ҳамкорликда белгиланган дастурга асосан саноат корхоналарида пресс-турлар, матбуот анжуманлари ташкиллаштирилиб, жараёнлар босма ОАВ, телевидение, радио ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилиб келинмоқда.

Вилоятимиз журналистлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари  мамлакатимиздаги гигант саноат корхонаси — комбинатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳаётбахш лойиҳаларни мунтазам равишда ўзлари фаолият кўрсатаётган нашрлар орқали кенг миқёсда тарғиб этаётгани қувонарли ҳолатдир.

Яқинда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан Навоий кон металлургия комбинати Бош директори, сенатор Қ.Санақулов номига вилоятдаги журналистларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг фарзандларини комбинат негизидаги ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида дам олишлари учун имтиёзли асосда ўринлар ажратилишида амалий ёрдам сўраб, мурожаат этилган эди.

Уюшма вилоят бўлимининг мазкур хати инобатга олиниб, вилоятдаги бир гуруҳ журналистлар фарзандларининг комбинат тизимидаги болалар оромгоҳларида ҳордиқ чиқариши учун йўлланма ажратилди.

Жорий йилнинг 3 июль санасида Навоий кон металлургия комбинати таркибидаги Навбаҳор туманидаги Сармишсой дарасида жойлашган “Сармиш” болалар спорт соғломлаштириш оромгоҳида бошланадиган навбатдаги мавсумга журналистлар фарзандлари ҳам имтиёзли йўлланма билан жўнаб кетишади.

Энг эътиборлиси, хатга асосан комбинат касаба уюшмаси томонидан келгуси 3- ва 4-мавсумларда ҳам журналистлар фарзандлари учун ўрин ажратилиши белгиланганлиги таъкидланди.

Шунингдек, Уюшма вилоят бўлими ёзма сўровига асосан “Қизилқумцемент” АЖ томонидан ҳам вилоятдаги матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари фарзандлари учун акциядорлик жамияти негизидаги оромгоҳларга имтиёзли ўринлар ажратилиши кўзда тутилган.

Бу каби хайрли ишлар давом этмоқда.

Отабек АСЛОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

Уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси