МАЪНАВИЯТНИ АНГЛАШ — ИНСОННИ АНГЛАШ ёхуд “огоҳлик қўнғироғи”га қандай муносабат билдиряпмиз?

Биз бугун янги Ўзбекистонни барпо этиш, инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият қуришга жиддий киришганмиз, барча соҳаларда чуқур ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Ушбу вазифаларни адо этиш ҳар бир инсондан, айниқса, ёшлардан ўзини англашни, ўзини ўзи тафтиш эта олиш, тўғри ва адолатли хулосалар чиқаришни талаб этади. Шунинг учун ҳам бу ўта мураккаб жараён мамлакат раҳбари ҳамда бутун жамият диққат марказида турибди.

Мазкур жараёнда масаланинг қай даражада ҳал этилиши кўплаб омилларга боғлиқ. Аммо, ҳеч шубҳасиз, бу жараёнда етакчи ўринни маънавият ва маърифат, ахлоқий тарбия масалалари эгаллаши ҳақиқат.

Жамият ва миллат тақдири айни маънавий омилларга боғлиқлигини исботлашнинг ҳожати йўқ. Зеро, унинг зарурлигини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Шу ўринда давлатимиз раҳбари жорий йил 19 январда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтган қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш жоиз: “Миллий маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар, тушунча ва қарашлар чегарани бузмасдан, билдирмасдан, таъбир жоиз бўлса, “чақирилмаган меҳмон” бўлиб хонадонимизга, жамиятимизга, энг ёмони, мурғак болаларимизнинг покиза қалби ва юрагига кириб келмоқда”.

Дарҳақиқат, шундай. Нафсиламрини айтганда, бугун мамлакат раҳбари саъй-ҳаракатлари билан юртимизда маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этишнинг муайян тизими яратилди, барча туман ва шаҳарларда маънавият ва маърифат бўлими ҳамда бўлинмалари очилди, улар зарур штатлар билан таъминланди, ходимларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имкони яратилди. Юзлаб, минглаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, уларда аҳолининг барча табақалари иштироки таъминланмоқда. Гўё ҳаммаси рисоладагидек. Бироқ натижа биз кутгандек эмас. Сабаби нимада, нега миллий ўзлигимиз ва асрий маънавий қадриятларимизга қарши таҳдид ва хатарлар кучайиб бормоқда? Нима сабабдан айримлар жойларда ташкил этилаётган турли тадбирларга беписанд муносабатда бўлмоқда? Нега маънавият ва маърифат, тарбия билан шуғулланувчи юзлаб ташкилотлар, уларнинг минглаб мутасаддилари саъй-ҳаракатларига қарамай, бу борада кўзланган натижага эриша олмаяпмиз? Буларнинг бари, мамлакат раҳбари айтганидек, биз учун огоҳлик қўнғироғи ҳисобланади. Шубҳасиз, бу саволларга бир сўз билан жавоб бериш мушкул. Аммо юқоридаги каби ҳолатга қуйидаги айрим омилларни жиддий сабаб сифатида кўрсатиш мумкин, деб ўйлаймиз. Биринчидан, баъзи ҳолларда бугун мамлакатимизда таркиб топган ижтимоий мўлжал ва айрим фуқароларнинг ижтимоий мажбурияти ўртасида муайян уйғунлик йўқлиги маънавий-маърифий ишларимиз самарадорлигига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда, деб ўйлаймиз.

Бизнинг бугунги ижтимоий мўлжалимиз инсонпарварлик, эзгулик ва бунёдкорлик ғояларини ўзида мужассам этган янги Ўзбекистонни барпо этишдан иборат. Янада соддароқ айтганда, ижтимоий мўлжал — жамият аъзоларининг барчаси томонидан қабул қилинган, эътироф этилган мақсад-муддао. Ижтимоий масъулият эса, айнан шу ижтимоий мўлжалга эришиш йўлида ўзини сафарбар этишдан, бу йўлда ижтимоий фаоллик кўрсатиш, ижтимоий ҳамкорлик қилиш, ҳаракатнинг ноанъанавий йўлларини қидиришдан иборат амалий фаолият ҳисобланади. Бугун бизда таркиб топган ижтимоий мўлжални барча фуқароларимиз сўзсиз қабул қилишмоқда, ўзаро мулоқотларда, асарларда, нутқларда бу ҳақда гапирмоқдамиз, ёзмоқдамиз. Аммо амалда-чи? Амалда айрим фуқароларимиз ижтимоий мўлжалга эришиш йўлида ижтимоий масъулиятни унутиб қўйишаётганга ўхшайди. Акс ҳолда, меҳр-оқибат, саховат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, сабр-тоқатли бўлиш, шукроналик каби азалий, биз учун анъанавий бўлган ўта ноёб фазилатлар баъзи одамларимизда йўқолмаган бўлар эди. Назаримизда, бунинг асосий сабаби бажараётган маънавий-маърифий ишларимиз, жойларда ташкил этилаётган турли тадбирларимизда аниқ мақсаднинг йўқлиги, ана шу ноёб фазилатлар ҳар биримизнинг турмуш тарзимиз, мавжудлигимиз, келажакда бахтли-саодатли бўлишнинг шарти эканини унутиб қўйишимиздандир. Қачонки биз маънавият ва маърифат воситасида жамият ижтимоий мўлжали ва ижтимоий мажбурияти ўртасидаги уйғунликни таъминлай олсаккина, кўзлаган мақсадимизга эриша оламиз. Иккинчидан, бугун баъзи ёшларимизда маънавий чекинишлар, ҳаётга енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти мавжудлигига айрим ёш йигит-қизлар билим савияси ва уни кундалик турмушга жорий этиш амалиёти ўртасидаги жарликнинг кенгайиб бораётгани сабаб бўлаётганга ўхшайди. Масалан, ёшларимиз кўча-кўйда ёши улуғ отахону онахонларга салом бериш, жамоат транспортида уларга жой бериш, кўпчиликнинг тонг саҳардан қилган иши натижасида ойнадек тозаланган кўчалар, бекатларга чиқинди ташламаслик, жамоа тўпланадиган жойларда баланд овозда гапирмаслик, бачканалик қилмаслик кераклигини билмайдиларми? Шубҳасиз, билади. Ҳамма гап биз фарзандларимизга билимнинг том маънодаги фойдаси, самараси унинг реал ҳаётдаги кўринишида, ҳаракатида акс этишини тушунтира олмаслигимиздадир. Бугун бутун мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ёшлар фестиваллари ўтказилмоқда. Гапнинг очиғи, мазкур тадбирларда ёшларимизнинг шижоати, ғайратини кўриб қувонмаслик мумкин эмас. Ёш йигит-қизларимиз илм-фан, адабиёт ва санъат, спорт соҳасида турли ижтимоий лойҳаларнинг ҳам ижодкори, ҳам фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқдалар. Фестивалларда, турли тадбирларда, концертларда иштирок этиш жуда яхши. Энди ёшларимиздаги ўша ғайрат, шижоат, сафарбарлик, ягона мақсад йўлидаги фидойилик саноат корхоналари, янги ташкил этилаётган ишлаб чиқариш соҳаларига, илм-фан лабораторияларига тезроқ кўчсайди — янада яхши бўларди. У ёки бу нарса, ҳодиса ҳақида билимнинг мавжудлиги ҳамда ўша билимнинг конкрет ҳолатда амалиётга кўчиши ҳар биримиздан муайян маънавий етукликни талаб этади. Учинчидан, Президентимиз бот-бот қайд этаётган, айрим ёшларимиз характерида шаклланиб бораётган ҳаётга енгил-елпи қараш, истеъмолчилик кайфияти ҳам огоҳлик қўнғироғи бўлмоғи лозим. Дарҳақиқат, ёшларимизнинг айрим қисмида ҳаёт фақат ўйин-кулгидан, ҳузур-ҳаловатдан, роҳатланишдан иборат, деган муносабат пайдо бўлаётгани ҳам ҳақиқат. Бундай муносабат “гедонизм” сўзи билан ифодаланади. Гедонизм юнонча сўз бўлиб, у инсоннинг бутун ҳаёти, ҳаёт мазмуни роҳатланишдан иборат, деган ғояни илгари суради. Мазкур “ғоя”га биноан, ҳузур-ҳаловат бахш этмайдиган барча ҳаракатларга эътибор бермаслик ва уларга куч сарфламаслик керак. Гедонизм таълимотида инсоннинг майл ва эҳтиёжлари жамиятда ўрнатилган ижтимоий меъёрларга қарама-қарши қўйилади, инсон эркинлигини чекловчи ва унинг ўзига хос хусусиятларини намойиш этишга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай ижтимоий шарт ва меъёрлар инкор қилинади.

Хўш, нега айрим ёшларимиз ўз манфаатини қондириш учун турли йўлларга кириб бормоқдалар, “бу дунёдан лаззат топиш” йўлида ҳеч нарсадан қайтмаяптилар? Албатта, бунинг сабаблари кўп. Ана шундай хавотирли йўлга баъзи ўғил-қизларимиз жамият қонунлари, қадимдан урф-одат, қадрият сифатида давом этиб келаётган миллий-руҳий сифатларнинг инкор этилиши натижасида кириб қолмоқдалар. Агар биз бугун маънавий-тарбиявий ишларда жамият томонидан қабул қилинган қонунлар ҳамда юксак инсонпарварлик, эзгулик ва бунёдкорлик ғоялари уйғунлигини таъминламас эканмиз, унда кўп нарсани йўқотиб қўйишимиз тайин. Тўртинчидан, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигига жиддий салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан яна бири фуқароларнинг муайян қисмида, жумладан, айрим ёши катталардаги консерватизм ва баъзи ёшларимиз онгига ўрнашиб қолаётган радикализм ўртасидаги зиддиятли ҳолатдир. Бундай ҳолат бутун жамият миқёсида кўринмаса-да, унинг айрим белгилари баъзи оилаларда ўзини намоён этмоқда. Оилада ёши улуғ ота-она ва “кўчанинг таъсирига тушиб қолган” ўғил-қизлар ўртасида бир-бирини тушунмасликдан иборат парадокс ҳолат жамиятда, афсуски, тез-тез кўриниб қолмоқда. Бунда ҳар икки томон ҳам ўзининг ҳақ эканини талаб қилади. “Консерватор” ота-она ўз фарзандини оилавий анъаналар ва қадриятлар собитқадамлигини тан олмасликда айбласа, “радикал” фарзанд уларни “эскича фикрлаш” ва қолоқлигини айб сифатида кўрсатади. Натижада бундай ҳол “ўртанинг бузилиши”га олиб келади. Энди савол туғилади — шундай вазиятда қайси йўлни танлаган маъқул? Фикримизча, мўътадиллик мазкур муаммони ҳал этишнинг энг мақбул йўли бўлса керак. Мўътадиллик мутаносиблик, ўртачалик, барчага маъқул йўлни танлашни, кишининг муайян жамиятнинг ахлоқ меъёрлари нуқтаи назаридан ўз хулқ-одобини назорат қилиши ва холисона баҳолаши, виждонли одамнинг ҳамда жамоанинг жамиятга ёки фуқароларга ўз хулқ-атвори, хатти-ҳаракатлари учун маънавий жавобгарлик ҳиссини тақозо этади. “Консерватив” ёши улуғлар ҳамда “радикал” ёшлар тафаккур тарзининг шаклланишига дунёда шиддат билан кечаётган қадриятлар трансформацияси ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Ҳар икки томоннинг фикрларига қулоқ тутиш, мўътадил йўлни топиш, фикримизча, ҳар биримиздан юксак маънавиятни, масалага бугунги куннинг нафасини ҳис этган ҳолда ёндашишни талаб этади. Бешинчидан, биз огоҳлик қўнғироғи ҳақида гапирар эканмиз, шубҳасиз, баъзи ёшларимиз ўртасида тобора кучайиб бораётган “технократик маданият”, унинг йигит-қизларимиз тафаккур тарзига кўрсатаётган таъсири, ахборот маданиятини шакллантириш билан боғлиқ омилларга ҳам эътибор беришимиз лозим. Дарҳақиқат, XXI аср замонавий дунё сиёсати, иқтисодиёти, экологияси ва маданиятини глобаллашув жараёни домига тортганини яққол намоён этмоқда. Айниқса, ахборот коммуникацияси инқилоби кишилар ўртасидаги муносабатларда ахборот омилининг етакчилик қилишига, унинг ҳал қилувчи кучга айланишига таъсир ўтказди. Ғарбда “Эркин ахборот алмашуви” назариясининг асосчиларидан бири ҳисобланган А.Ф.Даллес бундай дейди: “Ташқи сиёсатнинг фақатгина битта тамойилини танлаб олиш ҳуқуқи берилганда мен ахборотнинг эркин оқими принципини танлаган бўлар эдим”. Ғарбда “ахборотнинг эркин оқими” дейилганда чексиз миқдордаги ахборотни бир тарафлама узатиш, бунда ахборот мазмунининг ҳеч қандай меъёрлар билан чекланмаслиги ва мазкур ахборот у етказиб берилаётган ҳудуддаги давлат томонидан назорат қилинмаслиги тушунилади.

Бугун жамиятимизга энг кўп зарар етказаётган таҳдид — бу миллионлаб ахборотлар уммонида билим савияси ночор, турли маълумотларни таҳлил қилиш кўникмасига эга бўлмаган айрим ёшларда шаклланаётган технократик маданиятдир. Фикримизча, технократик маданият фақат техник воситаларнигина тан олиш, уларга онгли равишда англанмаган ҳолда мослашув, пировард натижада ижтимоий тармоқлар, интернет тизимига тобеликдан иборатдир. Афсуски, бу ҳаммаси эмас. Энг муҳими, технократик маданият туфайли айрим ёшларимизда ўзбек миллатига хос бўлган жамоавийлик руҳияти ўрнига индивидуалистик қарашлар, самимийлик, меҳрибонлик хислатлари ўрнига қўполлик, дағаллик, агрессивлик сифатлари кучайиб бормоқда. Булар эса худбинлик, ҳар қандай ўзаро муносабатни инкор этиш, миллий қадрият, урф-одатларни унутиш, айрим ҳолларда космополитик (дунё фуқароси) дунёқарашга даъво қилиш каби салбий иллатларни юзага келтирмоқда. Технократик маданият ёшларнинг муайян қисмида китоб феномени, китоб ўқиш маданиятини инкор этмоқда. Китоб ўқишнинг камайиши эса идрок этиш, мушоҳада қилиш, ўзини англаш, ўзини ўзи тафтиш қилиш, ўз хатти-ҳаракатларига танқидий-таҳлилий ёндашув кўникмасини йўқ қилади. Буларнинг бари биз учун огоҳлик қўнғироғи эмасми? Ҳар қандай жамиятда технократик маданиятнинг авж олиши, шубҳасиз, тарқатилаётган хабарлар мазмуни бузилишига, аслида тўғри маълумотларнинг сохталаштирилишига олиб келади. Бундан бугун бутун дунё жабр кўрмоқда. Айрим давлатларда ана шундай хавфларнинг олдини олишга ҳаракат қилинмоқда. Масалан, Германияда 2017 йилда қабул қилинган қонунда фейк (сохта ва ёлғон) хабар ва маълумотларнинг фейсбук ва твиттердан олиб ташланмагани учун ана шу ширкатлар давлатга 50 миллион евро миқдорида жарима тўлаши талаби қўйилган. Малайзияда эса, сохта хабар тарқатгани учун 6 йил қамоқ ёки катта миқдорда жаримага тортиш жазоси қўлланилади. Бразилия парламентида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасида интернетда соғлиқни сақлаш, хавфсизлик, миллий иқтисод, сайлов жараёни ёки бошқа манфаатдор шахслар билан боғлиқ нотўғри маълумотларни тарқатганлик учун 3 йилгача қамоқ жазосини белгилаш назарда тутилмоқда. Албатта, баъзи давлатлар томонидан кўрилаётган бундай чора-тадбирлар жамиятни муайян муддатда турли маънавий-мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Аммо ушбу муаммони концептуал тарзда, тизимли равишда ҳал этишнинг ягона йўли фуқароларда, айниқса, ёшларда ахборотлашган жамият қонунларига амал қилиш кўникмасини, сохта хабарни тўғрисидан фарқлай олиш маданиятини, маълумотларни танқидий-таҳлилий жиҳатдан ўрганиш амалиётини шакллантиришдан иборат. Бироқ бу жуда мураккаб вазифа, уни амалга ошириш учун эса, ҳар биримизда кучли ирода, юксак маънавий-ахлоқий савия, миллий қад риятларга содиқлик ва, албатта, мустаҳкам билим бўлиши зарур.

Олтинчидан, юқорида қайд этилганидек, бугун жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби маънавий-маърифий ишларда ҳам ўз ечимини кутиб турган қатор муҳим масалалар бор. Ана шулардан яна бири кишиларимизда юксак маънавий эҳтиёжни шакллантириш масаласидир. Дарҳақиқат, том маънодаги маънавият унга жамият аъзоларида табиий эҳтиёж туғилгандагина шаклланиши мумкин. Зеро, маънавият, мамлакат раҳбари таъкидлаганидек: “Бу, аввало, инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интилишлар, ибратли фазилатлардир. Бир сўз билан айтганда, маънавият — жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам шунча кучли бўлади”. Хўш, бугун биз барча маънавий-маърифий ишларимизни режалаштириш, уни ташкил этишда жамият аъзоларининг маънавий эҳтиёжларини эътиборга оляпмизми? Одамларимиз маънавият фидойиларидан нимани кутмоқда, бугун бу борадаги энг устувор вазифалар нималардан иборат? Назаримизда, биз масаланинг ана шу томонини унутиб қўяётганга ўхшаймиз. Инсон соғлиғи, соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун унинг қандай таомларга эҳтиёжи борлигини аниқлаш қанчалар зарур бўлгани каби ҳар бир кишининг маънавий иммунитети ва руҳиятини мустаҳкамлаш учун ҳам нималар кераклигини аниқлаш шунчалар муҳимдир. Умуман, инсон ва жамият тараққиётининг асоси, уни ривожлантиришга йўналтирувчи куч соғлом эҳтиёждир. Шунингдек, эҳтиёжнинг қондирилиши жамиятнинг мукаммаллик, инсоннинг баркамоллик сари йўналтирилганини англатади. Ўқиш, билим олиш, тажриба орттириш, ўзини ўзи ривожлантиришга интилиш ҳам инсон маънавий эҳтиёжининг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади. Энди масаланинг амалий жиҳатларига эътибор қаратайлик: нега бугун ташкил этилаётгансон-саноқсиз маънавий-маърифий тадбирлар самараси ҳар доим ҳам сезилмаяпти? Нима учун бу соҳадаги ишларимизнинг натижасидан қониқиш қилмаяпмиз? Бунинг сабаби шуки, биз, маънавиятчилар одамларнинг маънавий эҳтиёжларини ўрганмасдан турли тадбирлар ташкил этмоқдамиз. Кишилар биздан қайси гапларни кутяпти, улар қандай фикрларга муҳтожлигини билмаймиз. Натижа эса аён: кишилар бундай тадбирлардан маънавий қониқиш олмаяптилар.

Яна бир жиҳатга алоҳида эътибор бериш лозим: маънавий эҳтиёжни бир зарб билан шакллантириш мумкин эмас. Болага: “Сийқаси чиқиб кетган, миллий маънавиятимизга мутлақо алоқаси йўқ, сохта эстрада ашуласини эшитма, сен ўзбек мумтоз қўшиқларини тингла, у китобни ўқима, мана бу асарни мутолаа қил”, деганимиз билан у бизнинг раъйимизга қарамайди. Маънавий эҳтиёжни шакллантириш муайян вақтни, тинимсиз изланишни, тўғри йўлни топишни талаб этади. Соғлом маънавий эҳтиёж бизга ҳар доим номукаммаллигимизни эслатиб туради. Ана шу ҳолат барчамизни мукаммалликка ундайди. Маънавият эса, шахсий эҳтиёжларимиз билан абадий муросага интилишимизни тартибга солиб туради. Агар биз бугунги Ўзбекистондаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганмас, уни илмий асосда ташкил этмас, ёшларимиз “маънавий портрети” — маънавий қиёфасини аниқлай олмас эканмиз, бу борада бирор натижага эришиш қийин. Таъкидлаш лозимки, бу борада ҳам бугун ибратли қадам қўйилди — мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Унинг вазифаси эса, мамлакатимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, маънавий-маърифий соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича самарали таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, пировард натижада жамият аъзоларининг маънавий эҳтиёжларини қондиришдан иборат. Дарҳақиқат, маънавиятни англаш, аввало, инсонни англашдан иборат. Бу жуда мураккаб жараён. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқларида бир иборани кўп такрорламоқда. Бу ҳар биримизнинг “ўзимизни қийнашимиз” билан боғлиқ фидойиликдир. Ҳақиқатан ҳам, бугун биз олдимизга қўйилган улкан вазифаларни, янги Ўзбекистонни барпо этишни қўл учида қилган ҳаракатимиз билан амалга ошира олмаймиз. Бунинг учун ўзимизни қийнашимиз, фидойилик кўрсатишимиз, шижоатли бўлишимиз, ўз имкониятларимиздан тўлақонли фойдаланишимиз талаб этилади. Гарчанд барчамиз ҳам табиатан доимо эркинликка, хотиржамликка, жоннинг роҳатини кўзлашга мойил бўлсак-да, болаликда берилган мукаммал тарбия ва умримиз мобайнида эгаллаган хислатларимизга кўра, давлатни ривожлантириш, ҳаётимизни гуллаб-яшнатиш масаласига турлича қараймиз. Ҳаёт роҳату фароғатдан иборат эмас. Барча моддий бойликлар қачондир инсон манфаати йўлида совурилиб, тугаб қолмаслиги учун ҳам ўз маънавий хислатларимизга таянишимиз лозим. Шундай экан, истеъмолчилик, боқимандалик, тайёрига айёрлик кайфиятида юрган айрим юртдошларимизда бунёдкорлик туйғусини уйғотиш аллақачон давр заруратига айланган. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессансга қадам қўйиш, эркин ва фаровон жамиятни қуриш фақат истак-хоҳиш билангина амалга ошмайди. Бунинг учун янгича тафаккур тарзимизни шакллантириш, теварак-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни мушоҳада қилиш кўникмасига эга бўлиш, ижтимоий мўлжални тўғри олиш ўта зарур. Мазкур вазифаларни эса, маънавиятни англаш, демакки, инсонни онгли англаш натижасидагина амалга ошириш мумкин.

Абдухалил МАВРУЛОВ,

тарих фанлари доктори, профессор.
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 131-сон