«АГРОБАНК»НИНГ ҚЎШРАБОТ ТУМАНИ ФИЛИАЛИ МИЖОЗ УЧУН «ИШЛАМАС» ЭКАН

Юртимиздаги банклар «Банк мижоз учун, мижоз банк учун эмас» деган шиор билан хизмат кўрсатади. Бинобарин, кўплаб банклар бу тамойилга оғишмай амал қилиб келмоқда ва мижозларнинг ҳаққоний олқишига сазовор ҳам бўлмоқда.

Бироқ «Агробанк»нинг Қўшработ туман филиалига бу тамойил ҳали-ҳамон тўлиқ етиб келмаган кўринади. Чунки бу ерга иши тушиб қадам ранжида қилган киши осонгина чиқиб кета олмайди: кассалар ҳамиша тирбанд, туртинган-уринган, хуноби ошган одамлар орасида қолиб кетишингиз тайин.

Хусусан, душанба куни кирим кассаси олдида ўнлаб одамлар уймалашиб турибди. Ўриндиқларда эса ундан-да кўпроқ мижозлар навбат кутишарди. Суриштириб билсам, жами 80 нафар мижоз бор экан. Каминанинг ўзи шулар орасида 78 ўринни эгаллабман. Энди ўйлаб кўринг, ҳар бир мижозга лоақал 3 дақиқадан вақт кетса, охирги ўринда илҳақ бўлиб кутиб ўтирган мижозга қанча вақт кетишини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас. Вақт эса олтиндан қиммат…

Касса олдидаги тирбандликни камайтириш чорасини кўриш, бунинг учун қўшимча кассирлар тайинлаш таклифи билан филиал бошқарувчисининг ўринбосари Тўлқин Абсалимовга мурожаат қилдик. У вужудга келган ноқулайлик учун мижозлардан узр сўраш, вазиятни зудлик билан ўнглаш ўрнига:

– Қани, айтингчи, Ўзбекистонда қаерда навбат йўқ, ҳамма жойда навбат, ҳатто Президент қабулида ҳам навбат бор, – дея мантиқсиз иддао қилди.

Шу билан у банкда ҳар куни содир бўлаётган тирбандлик, мижозларнинг қимматли вақти беҳуда соврилаётганини хаспўшламоқчи, узун навбатлар эса нормал ҳолат эканини баён этмоқчи бўлди.

Албатта, биз унинг бу доҳиёна фикрларига қўшилмадик. «Агробанк»нинг вилоят бошқармасидаги мутасаддилар бу фикрга қўшиладиларми ёки рад этадиларми, бизга шуниси муҳим.

Бобо Сароий,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Манба: Zarnews.uz сайти