НУРОНИЙ ЖУРНАЛИСТ ҲУЗУРИДА

Дарвозанинг оҳиста чертилишидан хушёр тортган Самариддин кўчага чиққанида меҳмонларга кўзи тушди.

    -Ассалому алайкум, келинглар,-деди «Кеш» газетаси бош муҳаррири Собир Примов ҳамда Ўзбекистон Журналистилари ижодий уюшмаси Қашқадарё вилоят бўлими раиси Галовиддин Юлдошевлар билан саломлашаркан. -Қани, ичкарига марҳамат!

    -Дада, Сизни меҳмонлар сўраб келишибди…

– Фахрий журналистларга уюшма томонидан ажратилган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келгандик,-деди Галовиддин Юлдошев. -Мана бу «Фахрий ёрлиқ» ҳам Сизга!

Шу куни Шаҳрисабз туманидаги «Темирчи» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилаётган 82 ёшли Эгамберди ота Очилов билан кечган  самимий суҳбатдан нуроний отанинг чеҳраси анча ёришди.
– Йўқлаб келганларингиз учун катта рахмат. Бошим осмонга етди,-деди отахон. Ҳовли юзидаги супачада ўтириб бобо билан суҳбатлашар эканмиз, чеҳрасидаги ажинлар унинг ўтмишини эслатди.

…Кечагидек эсимда. Ўшанда 1969 йилнинг эрта баҳори эди,-гап бошлади Эгамберди ота. -31-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ берардим. Туман партия қўмитасининг (идеология) котиби Фаёза Ҳақназарова мактабимизга келиб ўқитувчилар билан учрашди. Савол-жавобларга бой бўлган суҳбатдан сўнг мени ўқитувчилар хонасига чақирганида, очиғи «бирор камчилик»ка йўл қўймадиммикан деган савол хаёлимдан ўтди.

– Биламан, ўқитувчиликни яхши кўрасиз,-деди котиб босиқ оҳангда.             -Газетада ёритилган «Бағритош фарзанд» сарлавҳали мақолангиз сабаб  ажралиш ёқасида турган бир оила қайта тикланиб, савобга қолдингиз. Мақолага алоқадорлар райком бюросида муҳокама қилиниб, томонлар ўзаро келишиб, ярашиб кетишди. Газетага Сиздек дадил ёзадиган журналистлар керак. «Коммунизм байроғи» (ҳозирги «Кеш») газетасига мутахассислар жуда зарур. Сизни газетага ишга ўтказмоқчимиз. Ўйлаб кўриб фикрингизни айтарсиз…
Шу воқеага ҳам 52 йил бўлса-да, Эгамберди бобо журналистика соҳасида ишлаган кунларини кечагидек эслайди. Газета бош муҳаррири бўлган Маннон Сатторов кенг фикрлайдиган Эгамдерди Очиловни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турди. Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Миллий универстет) журналистика факультетида сиртдан ўқиб малакали мутахассис бўлиб етишди. Туманнинг олис тоғли ҳудудларидан одамлар ҳаёт тарзини ёритиш учун уч-тўрт кунлаб қолиб кетган пайтлари ҳам бўлган. Айниқса, камчиликларни бартараф этиш ҳақида аҳоли томонидан таҳририятга келган хатларни ўрганишда ҳар бир масалага синчковлик билан ёндашиб, «Эгамберди Очилов» имзоси билан газетага танқидий мақола чиқгач, мутасаддилар муаммоларга ечим топарди.

Иш фаолияти давомида София Узоқова, Алишер Холов, Аҳрор Яҳёев, Моҳира Мажидова сингари бир неча шогирдлар тайёрлади. Бир сўз билан айтганда лавҳамиз қаҳрамони иш фаолияти давомида ўткир, мулоҳазали мақолалари билан эл оғзига тушди. Жамият ҳаётида содир бўлаётган янгиликлар, муаммоларни газета саҳифаларида кенг ёритди. Чин маънода халқнинг юрагидан жой олди.

-32 йиллик иш фаолиятимда турли касб эгалари билан мулоқотда бўлиб, турфа тақдирлар билан учрашдим,-дейди Эгамберди бобо. -Ўша пайтда Қашқадарё радиосининг раҳбари бўлган Қурбон Эгамбердиев (Оллоҳ рахмат қилсин) мени вилоят радиосига ишга таклиф қилганларида «оилавий шароитим тўғри келмаслиги»ни рўкач қилиб, рози бўлмаганман. 2000 йилда иззат-икром билан пенсияга чиқдим.

Шаҳрисабз туманининг «Темирчи» маҳалласида яшовчи Эгамберди ота айни пайтда кексалик гаштини сураётган пурҳикмат нуронийлардан бири. Мўъжагина ҳовлисидаги боғида турли-туман экинлар парваришлайди. Айниқса ҳовлисидаги кишига завқ бериб турувчи турфа гуллар, помидор-у, карам кўчатлари, бир томонда бодринг палакларини кўрган киши бунда отанинг меҳнати синганлигини дарров пайқайди. Дастурхон тўкинлиги учун нимаики зарур бўлса, барчаси томорқасидан чиқади. Тиниб-тинчимайдиган бобо  пенсияга чиққач, 50 сотих майдонда боғ яратди. Бугунги кунда унинг боғини кўрган киши боғбонига рахмат дейди. Айниқса гилос дарахти шиғил ҳосилга кирган. Олма дарахтларида ҳам мевалар сероб. Бўш вақт топди дегунча боғ оралайди. Бундан маҳалла-куй ҳам баҳраманд. 6 нафар фарзанд, 15 набира, 4 нафар эваранинг суюкли бобоси бугун иззат-икромда. Фарзандларини камолга етказиб, уларни уйли-жойли қилди. Келин ва набиралари бобо атрофида парвона. Тўнғич қизи Ҳилола тиббиёт ҳамшираси. Зубайда ўқитувчи. Фазлиддин, Ҳусниддин, Салоҳиддин ва Самариддинлар ҳам ҳаётда ўз ўринларини топишган. Умр йўлдоши Моҳибиби Ҳайдарова билан 54 йил умргузаронлик қилди. Айни пайтда кенжа фарзанди Самариддин билан бирга яшаётган нуроний Эгамберди ота ва Моҳибиби аялар набираларини дуо қилиб, Яратганга шукрона айтмоқда.

– Маҳалламизда 2822 нафар аҳоли истиқомат қилади,-дейди «Темирчи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мавлуда Қаҳҳорова. -802 та оила истиқомат қилаётган маҳалламизда Эгамберди ота Очиловлар энг намунали оилалардан саналади. Фарзанд ва набиралари ҳам бобо ва бувилари тарбиясини олган эмасми, жуда ақлли  ва одобли. Уларнинг китобга бўлган меҳрлари жуда баланд. Бўш вақт топди дегунча боболари ҳузурига ошиқади. Улардан ҳаёт сабоқларини олган набиралар келгусида ҳаётга теран боқадиган, билимли ва зукко бўлиб етишади. Эгамберди ота Очиловлар  оиласи билан маҳалламиз аҳли ҳақли равишда фахранишади. Ўзининг ҳаётий бой тажрибалари билан тўй-маъракаларни намунали ташкил этишдаги хизматлари катта.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига аъзо бўлганига ҳам 40 йилдан ошди. Шу йилнинг баҳорида Эгамберди отага уюшманинг янги нусхадаги аъзолик билетини топширгани борганимизда қувончдан кўзлари порлади.

Маҳалла фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Жовли Зайниддиновнинг таъкидлашича, Эгамберди Очилов, Нурбобо Эргашев, Шарофиддин Темиров, Бахтиёр Бойқобилов, Ражабой момо Дўсанова, Дилбар ая Қудратова, Рисолат буви Эшимова, Баҳодир Бердиев, Хафиз бобо Ибрагимов сингари кўпни кўрган нуронийларни ёшларнинг таълим ва тарбиясига алоҳида аҳамият қаратаётган замонамиз қаҳрамонлари десак муболаға бўлмайди.

Дарвоқе, улар нафақат «Темирчи» маҳалласи, қолаверса Шаҳрисабз тумани фахри ҳисобланишади. Кекса ёшда бўлсада, ёшларга хос ғайрат-шижоати уфуриб турган қалби қайноқ отахонларга қарата «Офарин, нуронийлар!» дегинг келади.

ЎЖИУ Қашқадарё вилояти бўлими