ФАКУЛЬТЕТГА УЮШМА СОВҒАСИ ТОПШИРИЛДИ

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов, таниқли журналист Беруний Алимов ҳамроҳлигида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетига Уюшма совғаси – замонавий ноутбукни топширди.

“Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомова мазкур факультетда бир неча йил фаолият олиб борган ва доимо ушбу таълим муассасаси билан яқин ҳамкорлик қилиб келади.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови доирасида Уюшма эътирофига сазовор бўлган, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни хориж ОАВда кенг ёритаётган журналистларнинг беш нафари (улардан бири Н. Имомова) рағбатлантирилган эди.

Н.Имомованинг таклифига кўра, унинг совғаси (ноутбук) ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультетига топширилди.

Шу муносабат билан факультетда бўлиб ўтган учрашувда кейинги пайтларда Уюшма фаолиятида сезиларли жонланиш кўзга ташланаётгани, Уюшма ўз ҳамкорлари сафини кенгайтириб бораётгани, бу ҳар жиҳатдан фойдали бўлиши алоҳида таъкидланди. Бу жараёнда соҳага кадрлар етказиб берувчи олий таълим муассасалари, жумладан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетининг ҳам алоҳида ўрни борлиги айтиб ўтилди.

Айни кунда ушбу факультетда Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар, Маданиятлараро коммуникация йўналишлари бўйича тўрт юз нафар талаба таҳсил олмоқда. Учрашувда Уюшма билан мазкур факультет ўртасидаги ҳамкорлик масаллари бўйича ҳам фикр алмашилди.

Уюшма ахборот хизмати