ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ВА ЯНГИЧА ЖУРНАЛИСТИКА: СОҲА ЭГАЛАРИГА ЭЪТИБОР ОШМОҚДА  

“Журналист — сиёсий арбоб”, дея ижод аҳлига таъриф берган эди ўз вақтида ўзбек миллатининг суйган фарзанди Шароф Рашидов. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам 2020 йил 29 декабрь санасида Олий Мажлисга Мурожаатномасида мазкур соҳа хусусида тўхталар экан, “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби”, деб таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда сўз эркинлиги ва журналистика соҳаси янги босқичга кўтарилиб, ижод аҳлига бўлган эътибор ҳам ошмоқда. Буни жойларда “27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан ташкил этилаётган тантанали маросимлар шукуҳидан ҳам билиб олиш мумкин.

Бугун, 25 июнь куни худди шундай тадбир Навоий вилояти ҳокимлигида ҳам ташкил этилиб, вилоят ҳокими Қобул Турсунов бир гуруҳ соҳа ходимлари билан юзма-юз мулоқот олиб борди. Қ.Турсунов Навоий вилояти журналистика мактаби ва журналистлар фаолиятига тўхталар экан, соҳанинг бир қатор вакиллари номини тилга олди.

Шунингдек, миллий матбуотимиз, хусусан ўзбек журналистикаси олдида қўйилган барча талабларни бажаришга собитқадамлик билан ёндошиб, республикамиз, жумладан Навоий вилоятининг ижтимоий-сиёсий, маданий ва маънавий ҳаётини холис ва кенг ёритишга бор куч-ғайратини аямай келаётган оммавий ахборот воситалари фаолияти эътироф этилди.

Шундан сўнг тадбир қатнашчиларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи, ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Тадбир давомида бир қатор фахрий журналистлар сўзга чиқди.

  • Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ошиши, қолаверса Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланаётган қарорларнинг жойларда ижро этилиши юзасидан жамоатчилик назорати ўрнатишда журналистларнинг роли ошиб бормоқда, — дейди “Саломатлик” газетаси муҳаррири Иброҳим Жумаев. — Бу аввало мазкур соҳа эгаларига билдирилаётган юксак ишончдан далолат беради. Мазкур даврда эса журналистиканинг олтин қоидаларига ҳамиша амал қилиш, холисликни таъминлаш, ҳаққоний фактларни халққа етказишда журналистлар зиммасидаги масъулятни икки карра оширади, десам хато бўлмайди.

Эътироф этиш керакки, Ўзбекистон Журналистлари ижодий Уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов ҳам соҳа тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Навоий вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. О.Аслоновни мазкур ютуқ билан муборакбод этамиз.

Шу куни Навоий шаҳар ҳокимлигида ҳам журналистлар иштирокида тантанали тадбир ташкил этилиб, 23 нафар соҳа эгаларига Навоий шаҳар ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎзЖИУ Навоий вилояти

бўлими мутахассиси.