ФАОЛ ЖУРНАЛИСТЛАР РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан навоийлик бир гуруҳ фаол ижодкорлар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан рағбатлантирилди.

Қайд этиш керак, айни пайтда Навоий вилоятида 2 та телевидение,  30 та газета таҳририятларида 250 нафарга яқин ходимлар, хусусан 50 нафардан зиёд ижодий ходимлар фаолият юритмоқда.

Вилоятда давлат бошқарув органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қолаверса аҳолининг мавжуд муаммоларини кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқишда журналистларнинг роли ошиб бормоқда. Буни эса ОАВда эълон қилинаётган таҳлилий материаллар, журналистик текширув ишлари ва танқидий кўрсатувлар сони ортиб бораётганидан билиб олиш  мумкин.

Тақдирлаш жараёнида 20 нафарга яқин журналист иштирок этиб, дастлаб бўлим раиси О.Аслонов йиғилганларни қутлар экан, уларнинг келгуси ижодий фаолиятига муваффақият тилади. Шундан сўнг таҳририятлар вакилларига тантанали тарзда ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

  • Сўнгги йилларда журналистлар орасидаги жипслик, ўзаро бир-бирини қўллаш анчагина яхши томонга ўзгарган, — дейди ЎзАнинг вилоят мухбири Абдували Бўриев. — Бу бевосита уюшма ва давлат органлари ҳамкорлигида жойларда ўтказилаётган пресс-тур, матбуот анжумани ҳамда брифинглар самарасидир.

Тантанали тадбирда бир гуруҳ фахрий ижодкорлар сўзга чиқиб, яқинлашиб келаётган касб байрами шукуҳи ҳамда юртимизда сўз эркинилигини таъминлаш тобора мустаҳкамланиб бораётгани хусусида фикр билдиришди.

АРХИВ ИДОРАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЖАДАЛ ЁРИТГАН ЖУРНАЛИСТЛАРГА МУКОФОТЛАР ТОПШИРИЛДИ

Навоий вилоятида фаолият юритаётган журналистлар ҳамда вилоят архив иши бошқармаси ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, архив идораларида ОАВ вакиллари учун доимий тарзда матбуот анжумани ва пресс-тур тадбирларини ташкил этиб бориш анъанага айланган.

Вилоят архив иши бошқармаси томонидан 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ана шундай тадбирларда фаол қатнашиб, жараёнларни батафсил ёритган бир гуруҳ журналистлар рағбатлантирилди.

Навоий шаҳридаги “Коворкинг” марказида ўтказилган тадбирда 10 дан зиёд республика ва вилоят таҳририятлари вакиллари иштирок этишди.

  • Яқинда Навоий шаҳри ва Конимех туманлари архивлари янги биноларга кўчиб ўтди, — дейди вилоят ҳудудий архив иши бошқармаси бошлиғи Сайёра Бекова. — Мазкур жараёнлар журналистларимиз томонидан кенг ёритилиб, бошқармамизнинг журналистлар билан олиб бораётган ҳамкорлиги эътироф этилиб, бу тажрибани республика архив идоралари миқёсида оммалаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам мана шу жадал ўзаро ҳамкорлигимиз давом этиб бораверади.
  • Вилоятимизда журналистлар билан яқин ҳамкорлик олиб бораётган давлат идоралари кўп, — дейди “Навоий зиёси” газетаси муҳаррири Санжар Қурбонов. — Мазкур жараён ислоҳотлар жараёни билан аҳолини яқиндан таништириб боришда муҳим саналади ҳамда фаолияти мунтазам ёритилаётган ташкилотга нисбатан халқнинг ишончи ортади. Архив идоралари ана шундай тизимлардан биридир.

Тадбир фикр ва эътирофлардан сўнг тақдирлаш маросимига уланиб, бир гуруҳ ижодкорларга архив идорасининг совғалари тақдим қилинди. Якунда яна бир бор архив идоралари журналистлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎзЖИУ Навоий вилояти

бўлими мутахассиси.