СИРДАРЁДА АОКА РАҲБАРИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев билан вилоят шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда бошқармаларнинг ахборот хизмати раҳбарлари мулоқотида facebook,  instagram cаҳифалари орқали  аҳолига ҳавола этилаётган хабар ва янгиликларни ёритишдаги ютуқ ва камчиликлар, медиа турларни ташкил этиш борасидаги  муаммолар, ахборот хизмати раҳбарининг вазифаси,  уни амалга ошириш механизмлари, ҳар бир янгилик ва амалга оширилган ишлар бўйича  оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерларга маълумот бериш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилди.

Босма  оммавий ахборот воситалари ва телерадио ходимлари билан бўлган учрашувда босма нашрлар журналистлари нашрлар обунаси ва соҳадаги  муаммолар ҳақида жуда кўп фикр ва мулоҳазалар билдирдилар.

Шунингдек, газеталар таҳририятлари моддий жиҳатдан қийин аҳволда эканлиги сабабли ёш кадрлар ишга келмаётганлиги, вилоятдаги Гулистон давлат университети ўзбек филологияси факуьтети қошида журналистика бўлими очиш, журналистика олий таълимига қабул ижодий имтиҳонлар асосида  бўлиши лозимлиги, шу соҳасида таълим олаётган талабалар билан туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, ташкилотлар уларнинг келгусида ўз ахборот хизматларида ишлашлари учун аввалдан шартномалар тузиш маъқуллиги  ҳақида ҳам  таклифлар бердилар.

АОКА раҳбари барча таклиф ва мулоҳазалар ўрганилишини, босма  нашрлар фаолияти борасида амалий ишлар олиб борилаётганлигини, хусусан, маҳаллий бюжетдан ортган маблағлар ҳисобидан таҳририятларни молиявий қўллаб-қувватлаш таклифи кўриб чиқилаётганлигини маълум қилди ва яқинлашиб келаётган 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан барчани қизғин табриклаб, энг самимий тилакларини билдирди.

      ЎзЖИУ Сирдарё вилояти бўлими