БАХТИҚАРО “НГ”

(иккинчи мақола)

Товуш тирик ҳодиса. У нафас билан, жон ва қалб билан бевосита боғлиқ.

“Янги алифбо лойиҳаси”нинг муҳокама муддати чўзилгани яхши бўлди. Чунки бу улкан ва муҳим масала бўлиб, алифбонинг миллий тил табиатига, товуш тизимига имкон қадар мутаносиб бўлиши нафақат она тилимиз, балки она Ватанимиз тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу – муболаға эмас. Одамларимиз чиройли гапириши, ҳар бир сўз ва товушни тўғри ва аниқ талаффуз қилиши янги тараққиёт босқичига кирган мамлакатимизнинг руҳий-маънавий иқлимига ижобий, хайрли таъсир ўтказиши тайин. Пала-партиш сўзлаш, хом-хатала ёзиш, агар бу эпидемия даражасига чиқса, ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Ҳеч қачон эзгу натижа бермайди.

Минтақамизда рўй берган биринчи Ренессанс ижодкорларидан бири, буюк файласуф бобомиз Абу Наср Форобий қомусий олим сифатида ўзининг “Китаб маробит ал-улум” (“Фанларнинг келиб чиқиши”) асарида товуш илми  ҳақида фикр юритиб, ёзади:

“Бу илм шу маънода фойдалики, у мувозанатини йўқотганларнинг хулқ-атворини тартибга солади, комилликка эришмаганларни комилликка етаклайди ва мувозанатда бўлганларни мувозанатда тутиб туради. Бу илм тана соғломлиги учун ҳам фойдали, чунки тана бемор бўлганда қалб ҳам шикастланади, тана  тўсиққа  учраганда қалб ҳам тўсиққа учрайди. Бинобарин, қалб шифо топгани каби тана ҳам шифо топади, қалбнинг қуввати шундай ҳаракат содир этувчи товушлар шарофати билан мувозанатлашади ҳам жавҳарга мослашади” (Ал-Фараби. Естественно-научные трактаты. Алма-Ата: Наука, 1987. С. 95).

Агар эътибор берилса, буюк аллома товушлар ҳамда у ҳақдаги илмни қалб жавҳари, субстанция билан боғламоқда. Бундан яна шундай маъно чиқадики, тилда муайян товушнинг бузилиши, нотўғри талаффуз этилиши миллий қалб жавҳарига шикаст етказиши мумкин. Маълумки, янги даврдаги ўзбек тилшунослиги, жадид боболаримизнинг қисқа фаолиятини айтмаганда, асосан совет даврида шаклланди. Ўша даврда қабул қилинган талай имловий ва фонетик қоидаларда совет мафкурасининг зарарли излари яққол сезилади. Миллий товушимиз “нг” (ҳозирча шундай ёзишга мажбурмиз) учун икки ҳарф олиниши бекорга, тасодифий қилинган дейсизми? Йўқ. Она тилимизни имкон қадар бузиш, катта оғалар тилига ўрин бўшатиш зарур эди. Наҳотки, шу машъум хатони Истиқлол даврида билиб туриб такрорласак!

Яқинда шу товуш ҳақида бир тилшунос билан  гаплашиб қолдим. У “нг” учун икки ҳарф олиш тарафдори эканлиги, агар бир ҳарф олинса қўпол хато бўлишини қатъият билан айтиб, ўз “далил”ларини келтирар эдики, улар олдида икки ҳарфли “нг”нинг амалиётдаги бузғунчилиги гўё ҳеч гап эмасдек…

Тилшунослик илми ва тил сиёсати ватанпарварликни талаб қилади. Президентимиз катта умидлар билан ташкил қилган Давлат тили департаменти ва “янги алифбо лойиҳаси” ишчи гуруҳи бошида ватанпарвар тилшунослар туриши лозим. Мен бу билан улар ватанпарвар эмас, дейишдан йироқман. Лекин уларнинг хатти-ҳаракати, амалий иш фаолияти кўп нарсани белгилайди. Хулоса чиқаришга имкон беради.

Зеро, тил ҳам Ватандир. Ватаннинг улуғ узвидир.

Кескинлигим учун кечирим сўраб, айтаманки, “нг” товуши учун икки ҳарф олиш керак дегувчиларнинг “далил”лари мутлақо илмий асосга эга эмас. Қатор қардош туркий халқлар ушбу товуш учун бир ҳарф олишган ва бу билан осмон узилиб ерга тушган эмас. Фақат яхши бўлган холос.

Ишчи гуруҳ “нг” товуши учун бир ҳарф олиш тарафдорларининг фикрини инобатга олиши зарур. Бу, нафақат илмий-амалий, балки умуммиллий масала. Қолаверса, фалсафий масала.

Мумтоз романимиз “Ўткан кунлар”да шундай бир саҳна бор. Тошкентда хонликка қарши қўзғолон кўтарилгач, Тошкент ҳукмдори Азизбекнинг яқин одами бўлган Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабек Қўқонда бузғунчиликда айбланиб, “хоннинг ёнидағи хоқон” Мусулмонқулга  рўбарў келганда,  унинг саволларига жавоб беришдан кўра сукутни афзал кўради:

“Чиндан ҳам Мусулмонқул бу сукутдан таҳқирланди, тутуни кўкка кўтарилар экан бақирди:

– Нега жавоб бермайсан?!

– Сиз мени қандай таниған бўлсангиз – бўлингиз, мен, ўшандоғ кишининг ўғли, – деди бек. – Мен билан отам сиз билан қушбегига бир неча турлик бўлиб танилсак-да, ўз виждонимиз олдида бир турликкинадирмиз! Шунинг учун сиз тилаган тарафингизга ҳукм қилингиз-да, буйруғингизни бераверингиз!”.

Бу машҳур лавҳани келтиришимиздан мақсад, биринчидан, ундаги “нг”ларнинг гўзал ишироки ва тароватини таъкидлаш, иккинчидан, ишчи гуруҳ аъзолари худди Мусулмонқул каби бир ҳарф тарафдорлари фикрини бир четга суриб қўйиб, ўзлари тилаган тарафга ҳукм қилиб, буйруқларини беравермасалар, деймиз.

Миллий товуш билан ўйнашиб бўлмайди. Юқорида айтилганидек, товуш ҳам тирик ҳодиса. Шундай экан – бахтиқаро “нг” бахти очилишини кутмоқда.

Сувон МЕЛИ,

филология фанлари доктори

Манбаа: «Ma’rifat» газетаси 25 сон