“ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИ ИЖОДИЙ УЮШМАСИ: КЕЧА, БУГУН ВА ЭРТАГА” МАВЗУСИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ  

Жорий йилнинг 23 июнь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси “Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси: кеча, бугун ва эртага” мавзусида матбуот анжумани ўтказди.

Унда Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, раис ўринбосари Холмурод Салимов ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Учрашув аввалида уюшма раиси Олимжон Ўсаров журналистларни 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклаб, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш  бўйича шу пайтга қадар амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, жорий йил июнь ойининг ўзида, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раисининг махсус @jurnalist_uz_bot телеграм бот канали ишга туширилди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолари Александр Пушкин таваллудининг 222 йиллигига бағишланган  тадбирда иштирок этиб, шаҳримизда қад ростлаган ҳайкали пойига гулчамбар қўйди, Андижонда Effect.uz интернет нашри журналисти бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланганлиги ҳолатига расмий муносабат билдирилди, “Саҳҳоф” нашриёти раҳбарияти билан учрашув уюштирилиб, нашриёт раҳбарияти Уюшма кутубхонаси фонди учун “Пойравот фарзанди”, “Пандемия ва мусъулият” ҳамда юртимизнинг қатор ҳудудлари тарихи ва бугунига бағишланган китобларни совға қилди. “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари таҳририятларига замонавий компьютер тўпламлари совға қилинди, давлат ва жамоат арбоби Зиёд Есенбоев таваллудига 100 йил тўлиши муносабати билан устоз журналистнинг хонадонида хотира тадбири ўтказилди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Касб этикаси бўйича жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Шунингдек, кўпгина фаол журналистларга аъзолик гувоҳнома ҳамда аъзолик кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Бундан ташқари, уюшма раиси томонидан келгусида амалга ошириладиган режалар ҳам маълум қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини муносиб нишонлаш мақсадида журналистларга  қимматбаҳо совғалар топширилади, ОАВ вакиллари учун махсус дам олиш зоналари, соғломлаштириш марказига йўлланмалар бериш тизими йўлга қўйилади, журналист ва блогерлар ҳимоясини ҳуқуқий қонунийлаштириш юзасидан Адвокатлар палатаси билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Ҳиндистон, Россия ва Жанубий Корея журналистлар уюшмалари билан халқаро ҳамкорлик меморандумлари қабул қилинади.