ДАВР ҚАҲРАМОНЛАРИ – ЗАМОНДОШЛАР НИГОҲИДА

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб чоп этилган “Пойравот фарзанди” китобининг тақдимоти асар қаҳрамони туғилиб ўсган Пойравот қишлоғида бўлиб ўтди.

Уюшма вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда маҳалла аҳли ва ёшлар иштирок этиб, китоб яратилиш тарихи ва тайёрланиш жараёнларига атрофлича тўхталиб ўтилди.

“Давр қаҳрамонлари – замондошлари нигоҳида” рукни остида чоп этилган мазкур китобда Навбаҳор туманининг сўлим гўшаларидан бири – Зарафшон дарёси бўйида жойлашган Пойравот қишлоғи ва шу ерда туғилиб, заҳматли ҳаёт кечирган Ҳайит Ҳожиев ва унинг фарзанди – Навоий вилояти энергетика соҳасида узоқ йиллар фаолият олиб борган Садир Ҳожиев ҳамда Ҳожиевлар сулоласи хусусида сўз юритилган.

Бундан ташқари, Пойравот, Рабод, Юсуф ва Зарафшон каби қишлоқлардан таркиб топган “Вомитан” маҳалла фуқаролар йиғини тарихи, бу ердаги зиёратгоҳлар, қолаверса, давлат мукофотига сазовор бўлган вомитанликларга ҳам алоҳида ўрин ажаратилган.

Тақдимот маросимида китобнинг аҳамияти, ёшлар учун ибрат эканлиги хусусида фикрлар билдирилди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган дастурга асосан Уюшма Навоий вилояти бўлими томонидан Истиқлолимизнинг шонли санасига бағишланган китоб ва китоб-альбомлар тайёрлаш ишлари қизғин давом этмоқда.

 

Отабек АСЛОНОВ,

ЎЖИУ Навоий вилоят бўлими раиси.